130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МЎЪМИН БАРЧА БИЛАН УЛФАТДИР
imon.uz 2024-12-20 01:13:40 7“Мўъмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади. Дўстлаша олмайдиган ва дўст тутилмайдиган кишида хайр-яхшилик йўқдир. Инсонларнинг хайрлиси инсонларга фойдаси тегадиганидир”. "Рамуз ал-аҳодис” 230\9".
Мўъмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади. Ёмон одам дўст бўлмайди ва дўст ҳам тутилмайди. Одамларнинг яхшиси одамларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир .
Ҳазрати Саҳл ибн Раъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган мазкур ҳадиси шарифда, мўъмин киши ҳамма билан суҳбатдош бўлиши, ҳар тоифанинг вакиллари билан яхши муомала қилиши, бошқаларнинг ҳам у билан дўстлик қилишига имкон яратиши зарурлиги уқтирилади. Чунки мўъмин табиатан киришимли ва гўзал ахлоқ эгаси бўлиб, ҳалимдир, яхшилар билан улфатдир.
Иймони туфайли бошқалар ҳам у билан яқин-улфат бўлади. Машаққатларга, жафоларга сабр этади, дарров қаршилик қилмайди, авф этади, кечиради. Шунинг учун у билан чиқишиш жуда осондир. Иймонининг заифлиги, ахлоқининг ёмонлиги, табиатининг ҳам оғирлиги туфайли чиқишиш-келишиш имкони бўлмаган, ўзи ҳам бошқалар билан чиқиша олмайдиган инсонларда хайр, яхшилик йўқ, деб айтилган. Чунки мусулмонлик дўстлик-яқинлик динидир. Эҳсон ҳасадсиз бўлмайди. Ҳар неъмат эгасининг ҳасадчилари бўлганидек, жамиятда ўзига озор берган кишиларга чидай олмайдиган жанжалкаш, шовқин-суронни хуш кўрадиган кишилар ҳам борки, уларда яхшилик йўқдир; инсонга хос камолотга эришмоқ учун маънавиятни қаттиқ тутиб, жаноби пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан юрмоқ лозим.
Бу йўлда ҳасадгўйлар ҳам, душманлар ҳам тез орада дўстлашиб қолади, машаққатли онлари ғоят латиф ҳузур-ҳаловатга айланиб, инсонларнинг дунёси ҳам, охирати ҳам жаннат бўлади.
"Мўминнинг сифатлари" китобидан.