Муборак ой баракоти

Муборак ой баракоти

imon.uz 2024-03-22 01:54:15 79

Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда иймон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллох таоло айтади: «У (аламидан) деди: «Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан» (Аъроф сураси, 16-17-оятлар).


Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: «Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр сураси, 42-оят).


Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда насл давом этишида муҳим бўлган жинсий хоҳиш кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч ва қувват бор. Агар у майл-истак қаршисида собит турса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.


Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда, осойишталикда ўтказиб келаётирмиз.


Бу ойнинг дастлабки ўн куни - «рахмат» даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилди. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамоқдамиз.


Иккинчи ўн кунлиги - «мағфират» даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган. 


Охирги ўн кунлиги эса «Итқун минан-нийрон», яна «Қадр даҳаси» ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.


«Ирфон» тақвими 2014 йил 3-чорак сонидан олинди

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид