130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик
Mimon.uz 2021-07-08 10:24:26 611Сохта тариқатчилар деганда тасаввуфнинг фақат ташқи жиҳатларига, маросимчилик, турли зикр мажлисларига асосий эътиборни қаратиб, унинг фалсафий-ирфоний хусусиятларидан бехабар фаолият юритаётган, муайян бир кишини пир деб санаб, унинг этагидан тутувчи, жамиятнинг бошқа аъзоларидан четлашиб, пир хизматини ҳаётдаги энг асосий мақсад деб билувчи кишилар ёки жамоалар, гуруҳлар тушунилади.
Мазкур гуруҳ ва жамоалар орасида қабрларга сиғиниш, пирларни ҳаддан зиёд улуғлаш, пирларнинг таҳоратидан ортган сувларни ичиш, дунёвий илмлардан, тараққиёт ютуқларидан четланиш каби турли зарарли ҳамда исломий нуқтаи назардан бидъат-хурофот деб баҳоланувчи ҳолатлар кенг тарқалган.
Мустақиллик йилларида юзага келган қулай диний муҳитдан маҳаллий тариқатчилик вакиллари ҳам фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Мутахассисларнинг фикрича, уларнинг кескин фаоллашуви 2000 йиллардан бошлаб кўзга ташлана бошлади. Тариқатчиликнинг уйғонган шакли анъанавий тарзда «фазилатли» деб топилган турли етакчилар (пирлар) атрофига бирлашган муридлар жамоаларидан иборат эди. Айни пайтда уларнинг муридлари орасида кескин рақобат муҳити мавжуд бўлиб, ҳар бир гуруҳ айнан ўзи энг тўғри тариқатда эканини даъво қилади.
Сохта тариқатчиларнинг ҳаракатларида экстремистик унсурлар йўқ. Бироқ улар томонидан илгари сурилаётган илмнинг инсон ҳаётида шарт эмаслиги, пирни ҳаддан зиёд улуғланиши каби фикрлар, қиз болаларнинг таълим олишларига тўсқинлик қилиш, ижтимоий ҳаёт тарзида ўз замондошларидан катта фарқланиш, шаръий асосга эга бўлмаган фатволарга амал қилиш каби ҳаракатлар ҳар жиҳатдан ислоҳ қилиниши керак бўлган масалалар ҳисобланади.
Интернет
материаллари асосида
Ўзбекистон
мусулмонлари идораси
Жиззах вилоят
вакиллиги матбуот котиби
Усмонали ОРОЛОВ
