130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Мусулмон ёлғон гапирмайди
imon.uz 16-06-2020 1533Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғон сўзлаш,
одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у кишининг ҳурмати ва обрўсини тўкади. Зеро,
Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 28-оятида ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни:
“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб,
баён қилган.
Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон
гувоҳлик бериш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол
бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк
келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”,
деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг Расули”, дедик. Шунда у
зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар,
ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб
такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик”
(Муттафақун алайҳ).
Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва
алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай ҳадиси
шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги
мақомини баён қилиб берганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик
яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда
бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб
ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик
дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у
“каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар (Имом Имом
Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ”
деган мақом билан сифатланишини
эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй
бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик
дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак,
ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда
кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.
Мазкур ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг
акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилмоқда:
“Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка
етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса,
Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”.
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан
бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз
маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш
ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга
ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг
оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига
номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган
улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ўша бузғунчилар, агар вақтида тавба қилиб,
манфур қилмишларини тўхташмаса, борар жойлари ҳам ҳадисда аниқ баён этилган: “Бузуқлик
дўзахга олиб боради!”. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши
сабаби мана шу ўринда ҳам яққол ойдинлашади.
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига
қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи
кифоядир”, дедилар”
Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан бўлади. Одамлар
орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон
гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир
кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сўз ва амалда содиқлар жумласидан айлаб,
ёлғон ва беҳуда гаплардан узоқда юрадиган Ўзининг севимли бандалардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ