“НАМОЗДА ОЁҚЛАР КЕНГЛИГИ ҲУКМИ”

“НАМОЗДА ОЁҚЛАР КЕНГЛИГИ ҲУКМИ”

imon.uz 08-02-2020 1006

Кейинги пайтларда ҳар хил намоз ўқийдиган инсонларнинг пайдо бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг намоздаги ҳаракатларига қарасангиз тамомила бошқача кайфиятни кўрасиз. Бири қўлини аёлларга ўхшаб кўкси рўпарасига қўйиб олса, яна бошқаси оёқларини беўхшов қилиб, катта очиб туради. Шундайларнинг бирига: “Бу ҳаракатларга қандай далил бор?”, десангиз, ҳадисда шундай келган деган жавобдан нарига ўта олмайди. У қайси ҳадис? Ровийси ким? Бу саволларга жавоб доим очиқ қолади.

Баъзилар эса ичида ахир нима бўлганда ҳам улар намоз ўқияптику, дейиши мумкин. Тўғри! Ибодат қилганига гап йўқ. Аммо ҳар бир ишни айниқса, шариъат ишларини ўзининг қонун-қоидаларига мувофиқ қилиш  талаб этилади. Бунда янгилик қилишга йўл қўйилмайди.

Инсонларни унсу улфат этувчи, сафларини бир эканини ифода этувчи намоз ибодати турли ихтилофларга, ўзаро адоватга сабаб бўлиб қолмаслиги лозим.

Хўш, аслида намозда қадамлар қандай ҳолатда бўлиши керак? Келинг, ўзимизнинг фикримиз билан эмас, катта олим ва фиқиҳларнинг айтган жавобларини ўрганиш билан масалага холис баҳо берайлик. 

 Намоз улуғ ибодат саналанади. Ибодат бўлганда ҳам ибодатлар онаси ҳисобланади. Уни синиқлик билан, хокисорликда адо этиш лозим. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلاَتِهِمْ خَاشِعُونَ *

 

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. (Муъминун сураси, 1-2 оятлар).

Демак  оятга мувофиқ киши намозини хушуъ хузуъ билан адо этиши лозим. Ибодатни кибр билан, камтарликка зид кўринишда бажариши жоиз эмас.

Энди гапни кўп чўзмай, мақсадга ўтайлик. Намозда оёқлар ҳолати ҳақида қандай далил келган? Бу борада биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадисни зоҳирини олиб кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофларга сабаб бўлади. Ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлиб, мана унинг матни ва маъноси.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

 

      Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман», дедилар». (Анас розияллоҳу анҳу айтади:) Биримиз шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди. Бухорий ривоят қилган.

      Ҳақиқатда ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларни текказиб туришга далил бўладими? Йўқ, албатта. Келинг, бу борада моҳир бўлган ҳадисшунос рижолларга юзланайлик.

“Саҳиҳул Бухорий”ни энг машҳур ва мўътабар шарҳи “Фатҳул Борий” асарида Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бундан сафларни тўғрилаш ва бўшлиқни тўлдиришда муболаға назарда тутилган”.

Ҳа, айтгандек, Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ мазкур асарда ҳадис сўнгида келган ривоятни ровий томондан қўшилганлигини таъкидлайди, яъни, “Саъийд ибн Мансур Бухорийнинг ривоятидаги ҳадис охирида келган қўшимча Анас розияллоҳу анҳунинг сўзи эканлигини очиқ ойдин айтган”, дейди.

Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи “Файзул Борий” китобида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисга айтган юқоридаги шарҳини келтириб, бу тўрт мазҳаб фақиҳларининг ҳам йўлидир деган. Ва гапида давом этиб, қуйидагиларни илова қилган: “Шарҳул виқояда: “Икки оёғи орасини тўрт бармоқ миқдорича очади ва бу шофеъийларнинг ҳам сўзидир. Бошқа сўзга кўра, бир қарич миқдорича очади.”

Мен (Анвар Шоҳ) айтаманки: “Салафлар наздида ёлғиз намоз ўқувчидан жамоатда намоз ўқувчи қадамини кўпроқ очади деган фарқ келганини топмадим. Бу фақат бемазҳаблар пайдо қилган масаладир”.

Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунани Термизийга” битган шарҳи “Ал арфуш шазий”да ҳам бу ҳақида сўз юритган: “Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақидаги “Бухорий”да келган ривоятга келсак, уни баъзилар ҳақиқат деб ўйлайди. Ваҳоланки, у ровийнинг муболағасидир. Аслида бу борада бирор ўлчов йўқдир. Энг муносиби хушуъга яқин бўладиган кўринишдир”.

Бу ҳадис матнига муҳаддислар томонидан берилган шарҳлар эди. Энди фақиҳларнинг сўзларига мурожат қилайлик.

   Ҳанафий мазҳабида намозда қиём ҳолатида оёқлар қандай туриши ҳақида турли ривоятлар келган. Энг ишончли ва фатво берилган гапга кўра, намозхон оёқларини икки ёнидаги кишилар оёқларидан ажратиб туради, дейилган.

Масалани мўътабар манбаларда келган далиллар билан ўрганиб чиқайлик. Ҳанафийларнинг катта фақиҳларидан бири Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг фатаво китобида:  “Намозда оёқлар текказиладими ёки ажратилади?” саволига қуйидагича жавоб берган:

    “Афзали, “Жомеъур румуз” ва “Хизонатул муфтиййин” китобларида келганидек тўрт бармоқ миқдорича бўлишидир”. Бунга ўхшаш гап “Хошияту ибн Обидийн” китобида ҳам келган: “Намозда узрсиз бир оёқда туриш макруҳ ҳисобланади. Намозда икки қадам ораси қўл бармоқларининг тўрттаси миқдорида бўлиши лозим. Мана шу хушуъга яқинроқдир. Абу Наср Дабусий раҳматуллоҳи алайҳдан мана шундай қилиши ривоят қилинган. “Ал кубро” китобида ҳам шундай келган. Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақида ривоят қилинган ҳадисдан жамоат кўзда тутилган. Яъни, ҳар бир киши бошқанинг ёнида туради. (натижада жамоат кўпаяди). “Фатавойи Самарқанд” китобида ҳудди шундай мазкурдир”.

“Мафатиҳул жинон” китобида: “Оёқларини жуда ҳам очиб юбормайди, бир-бирига текказиб ҳам олмайди, балки қиём ҳолатида икки қадами ораси тўрт бармоқ миқдорича бўлиши лозим”, дейилган.

    Намозда оёқларни ҳаддан ортиқ кериб, оёғини ўнг ёки чап томондаги кишиларнинг оёғига текказиб туришни тўрт мазҳаб вакилларидан бирортаси айтмаган. Бу намозда янги пайдо бўлган кўринишлардан бири саналади. Тўпиқларни текказиш ҳақида келган ривоятларни фақиҳлар бошқа маънода эканини таъкидлаганлар. 

    Қиём ҳолатида оёқлар орасидаги масофа қанча бўлиши керак? Бу борада фақиҳларимиз турлича фикр айтганлар: баъзилар тўрт бармоқ миқдорича деган бўлса, яна бошқалар бир қарич бўлиши керак деганлар.

    Баъзиларнинг намоз давомида оёқларини такаллуф билан кериб туришлари ёнидаги инсонларга озояр ҳисобланиб, у на суннатга, на фиқҳга алоқаси бор. Оёқни бундай кериб турувчи киши сажда, ташаҳҳуд ва икки сажда ўртасида қандай ўтиради? Бу амри маҳол ишдир.

 

Билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Рустамжон домла Маҳмудов


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид