130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
НАРСАЛАР ЯРАТИЛИШИ ҲАҚИДА(1)
imon.uz 2024-11-19 10:32:08 115Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«У киши ўғлига:
«Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени
четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин
эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан. Мен
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса — Қаламдир.
У Зот унга:
«Ёз», деди.
«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча
тақдирларини ёз» деди», деганларини эшитганман. Эй ўғлим! Албатта, мен
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан
эмас», деганларини эшитганман», деган».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мўминлик
ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига дарс бермоқдалар. У киши ўз
ўғилларига мурожаат қилиб:
«Эй ўғлим! Сен то ўзингга
етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса
сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини
топа олмассан», демоқдалар.
Қаранг, иймон ҳақиқати таъми —қазои қадарга
ишонишда экан!
Ўзига етган нарсани: «Бу мени четлаб ўтиши
мумкин эмасди, албатта, шу нарса бўлиши керак эди», деб билишда!
Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган
нарсани: «Бу шундоқ бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда
экан!
Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган
бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда. «Ўзингга етган нарса сени четлаб
ўтиши мумкин эмаслигини», яъни, сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин
эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу яхшилик
ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан
етди, деб ўзингдан кетма.
«Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан,
менга етди», деб Аллоҳга шукр айт!
Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб
ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон
ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки
фалончининг қўли билан етди, агар ундоқ бўлмаганда бундоқ бўлар эди, дейдиган
бўлсанг, иймон ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «шу нарса менга
етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган
одамман», десанггина, иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.
Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам,
ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни, самарасиз уриниш ва
вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун
бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат
қилиш керак.
«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин
эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан».
Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб:
«Ундоқ қилмай бундай қилганимда бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди?» деб юрма!
Ёки бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу
яхшилик мени четлаб ўтмас эди, деб юрма! Ундоқ қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати
таъмини топа олмассан. «Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди,
менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина иймон ҳақиқати таъмини
топа олурсан! Чунки, шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан!
Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса,
«Усталик қилиб бу ёмонликдан четлаб қолдим», деб қувонма! Фалончининг ёрдами
бўлмаганда ишим чатоқ эди, деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан!
«Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай
бўлди», дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига
қилган насиҳатлари Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси
шарифларидан келиб чиққанини билдириш учун:
«Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса
—Қаламдир. У зот унга:
«Ёз», деди.
«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча
тақдирларини ёз», деди, деганларини эшитганман», деб гапларини давом
этдирдилар.
Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни
яратишдан олдин, Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб қиёмат қоимгача бу
дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша нарсага ҳар бир мусулмон иймон
келтириши керак. Ана ўшанда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам,
ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.