130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ота-онанинг розилиги - саодат калитидир
imon.uz 20-05-2020 1197Инсон учун ота-онадан
яқин, улардан меҳрибон ва ғамхўр, ҳамиша ёрдамга тайёр бирор кимсани топа
олмайсиз. Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, нимани хоҳласак муҳайё
қилган, одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган,
уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик ва
меҳрибонлик қилиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимизди. Ва яна Аллоҳ томонидан
барча инсонларга буюрилган, Унинг пайғамбари томонидан алоҳида тавсия қилинган
гўзал инсоний фазилатдир.
Қуръони Каримнинг бир неча
сураларида ота-онага яхшилик қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжларини
қондириш ибодат даражасига кўтарилган.
Аллоҳ таоло бундай
мараҳмат қилади:
“Раббингиз, Унинг
Ўзигагина ибодат қилишингизни хамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй
инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси хузурингда кексалик ёшига етсалар,
уларга «уф!,.» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!"
Уларга, мехрибонлик билан, хорлик канотини паст тут ва (дуода) айт: "Эй,
Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм
қилгин. (Исро сураси, 23-24 оятлар)
Имом Бухорий ривоят қилган
ҳадисда айтилишича:
Бир куни бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг ёнларига келиб: Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшлик ва итоат
қилайин? - деб сўрайди. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Онаннга.
– Кейин кимга?
– Онангга.
– Кейин кимга?
– Онангга?
– Кейин кимга?
– Отангга, кейин навбати билан яқинларингга,
– дейдилар. (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Ҳоким)
Абдуллоҳ ибн Амрдан (р.а)
ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда
қатнашиш бўйича маслаҳат олгани келган бир одамдан:
– Онанг борми?, – деб сўрадилар.
– Ҳа, – деди.
– У ҳолда унинг хизматидан айрилма, чунки
жаннат оналарнинг оёқлари остидадир, – дедилар. (Насоий, Ибни Можа, Ҳоким)
Муоз ибн Жабалдан (р.а)дан
ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким
ота-онасига яхшилик қилса унга Тубо (жаннати) бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг
умрини зиёда қилсин”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти)
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари
ўта муҳим ва эътиборга лойиқдир. Шунинг учун ҳар бир фарзанд ҳамиша улар
кўнглини олиш, дуоларига сазовор бўлиш, хизматларида камарбаста туриш, яхши
ишлари хадялари билан уларни хурсанд қилиш пайида бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни Ўзининг хифзу ҳимоясида
сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин.
Ўтганларини Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни
ижобат қилсин.
Шароф Рашидов туман бош имом-хатиби
Муҳиддин Алибеков