Оталари билан фахирланса бўладими?

Оталари билан фахирланса бўладими?

imon.uz 15-01-2020 819

Кунлардан бирида Набий соллалоҳу алайҳи васаллам одатдагидек асҳоблари билан бирга ўтирган эдилар. Ногоҳон икки киши отаси ва боболарини санай кетди. Улардан бири оталари билан фахрланиб: “Мен Фалон ўғли Фалон ўғли Фалонман, сен кимсан? Сенинг онанг ҳам йўқ”, деди.

Шунда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишига Мусо алайҳис салом замонида рўй берган қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб бердилар:

“Мусо алайҳис саломнинг ҳузурида, икки киши оталари билан фахрланиб, улардан бири иккинчисига: “Мен Фалон, Фалонларнинг ўғлиман…”, деб оталари ва боболаридан тўққизтасини санади ва: “Сен кимсан? Сенинг онанг ҳам йўқ”, деди.

Иккинчиси эса: “Мен Фалончининг ўғли Фалончи Ислом ўғлиман”, деб, жавоб берди.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳис саломга Оталари ва боболаридан тўққизтасини санаган биринчи кишига, у фахрланган ва нисбат берган оталари ва боболарининг тўққизови ҳам жаҳаннамда эканлиги, унинг ўзи эса уларнинг ўнинчиси бўлишини, “Мен Фалончининг ўғли Фалончи Ислом ўғлиман”, деган кишининг икки отаси ҳам жаннат аҳлидан, ўзи уларнинг жаннатдаги учинчиси эканлигини хабар берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеа орқали саҳобийлпрга, инсон кофир ёки осий оталари ва боболари билан фахирланмаслик лозим эканлиги ўргаттб қўйдилар.

Аммо оталари, боболари Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бўлиб, ўзи уларнинг изларидан юрадиган бўлса, уларнинг яхшиликлари ва хусусятлари билан фахрланса бўлади. Ҳадиси шарифда, Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳис саломни, Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим, дейилганидек.

Қиссадан олинадиган фойдалар:

1- Биз жоҳилликка кўр-кўрона берилишдан огоҳ бўлишимиз, мол-дунё, унвон, мансаб ва агар ота - боболар кофирлардан ёки осийлардан бўлса уларнинг хусусиятлари билан фахирланмаслик кераклиги.

2- Оталари ва боболари билан фахирланиб, бошқаларнинг шаънини таҳқирлаш бирдам бўлган мусулмон жамоасининг орасида адоват, ғазаб ва нафрат ўтини ёқишга сабаб бўлади.

3- Аллоҳнинг ҳузурида мусулмоннинг қадри, ҳасаби, насаби билан эмас, иймони ва тақвоси билан бўлади. Аллоҳ таоло ўз китобида: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”[1], деб марҳамат қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ



[1] Ҳужурот сураси 13- оят.




Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид