130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ойнинг бўлиниши
imon.uz 2022-11-25 01:24:26 773Ана шундай оғир пайтда кушойиш томон яна бир қадам босилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини улкан мўъжиза – ойнинг ёрилиши ила қўллади.
Имом Бухорий ривоят қилишларича, Макка аҳли Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далил сифатида ҳужжат – мўъжиза кўрсатишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро ғори кўриниб турарди.
Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъимдан шундай ривоят қиладилар:
«Набий алайҳиссаломнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Сўнг улар «Бизни сеҳрласа ҳам, ҳаммани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар», дейишди.
Мусофирлар келишганда улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўрганларини айтдилар. Шунда мушриклар «Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», дейишди. Аллоҳ таоло «Қамар» сурасининг аввалини туширди».
Бу машҳур ҳодиса бўлиб, ўша кечада ким унга назар солган бўлса, ойнинг ёрилганини кўрган, мулоҳаза қилган.
Яқинда Ҳиндистонда тарихий ёдгорликларни ўрганиш жараёнида бир ибодатхонанинг қурилиш тарихига оид ҳужжатлар кўриб чиқилди. Буни қарангки, мазкур ҳужжатда «Бу ибодатхона ой ёрилган кечанинг эртаси куни қурила бошланган», деб ёзилган экан.
Энг кучли далил – оят тушгандан сўнг мушриклар бу хабарни сон-саноқсиз марта эшитганлар, ўзлари ҳам ўқиганлар, лекин бирортаси «Қачон ой ёрилган эди, нимага ёлғон айтяпсизлар?» деган эмас.
Шунингдек, улар ўзларининг «Бу сеҳр» деб айтган гапларини ҳам тан олиб, жим туришган. Ҳолбуки, ўша пайтда душманлар Қуръондан, Пайғамбар алайҳиссаломдан, мусулмонлардан сал бўлса ҳам айб топиш учун барча имкониятларни ишга солган эдилар.
Ойнинг ёрилиши масаласига келсак, бу иш Ал-
лоҳ учун ҳеч нарса эмас. Кофирлар доимо ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб туришади. Аввалги ўтган барча Пайғамбарларга нисбатан ҳам шундай қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун у Пай-
ғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган. Ўтган Пайғамбарлар мазкур мўъжи-заларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб, Қуръон берилган.
У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъ-
жизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат қоим бўлгунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам мушрик ва кофирлар қачон у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, доимо Қуръони Каримни рўкач қилганлар.
Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган ҳодисалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан катта шов-шув қилинмас эди.
Ойнинг ёрилиши ҳам худди шундай оддий иш. Ҳатто баъзи тафсирчилар «Бу сурадаги ойнинг ёрилиши ҳақидаги маъно қиёмат куни бўлади», ҳам дейишган. Лекин кўпчилик суранинг умумий маъносини ва қилинган беҳисоб ривоятларни эътиборга олиб, оятда айнан ана шу ҳодиса устида сўз кетаётганлигини таъкидлаганлар. Икки маъно бир-бирига қўшилса, тўлиқроқ ҳам бўлади.
Аслини олганда, ақли расо, ўзини таниган инсон учун ойнинг ёрилиши Аллоҳнинг борлигига, Пайғамбарнинг ҳақлигига далил бўлиши шарт эмас. Балки ойнинг ҳозирги ҳолатининг ўзи, унинг жойлашуви, ҳажми, нур таратиши, янгиланиши, чиқиши ва ҳоказолар улкан мўъжизадир. Аллоҳ таоло ушбу ҳодисани оятда зикр қилиб, собит қилишни ихтиёр этган экан, шундай бўлди. Ҳақиқатда ҳиссий мўъжизалар инсонга ўзига хос таъсир ўтказади. Ҳар бир инсон ҳам ушбу оятни ўқиганида, эшитганида, ўрганганида яна шундай таъсирланиб турмоғи лозим.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлловчи ва маҳзунликларини кетказувчи омилларни бирин-кетин рўёбга чиқара бошлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(ҳадис ва ҳаёт китобидан)
Миролим мансур тайёрлади