Пайпоққа масҳ тортиш жоиз деб амал қилувчилар диққатига

Пайпоққа масҳ тортиш жоиз деб амал қилувчилар диққатига

imon.uz 19-01-2024 469

“Жавраб”  деб пахта ёки жундан қилинган маҳси шаклдаги оёқ кийимига айтилади. Агар унинг уст тарафига тери қопланадиган бўлса, “мужалладайн” дейилади. Агар фақат ост тарафига тери қопланадиган бўлса, “мунаъъалайн” ёки “наълайн” дейилади. Агар маҳси тўлиқ теридан бўлса, “хуффайн” дейилади.

            Агар жавраб мунаъъалайн” ёки мужалладайн бўлса, шунингдек хуффайн бўлса, ҳар учаласига ҳам, Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида, масҳ тортиш жоиздир. Агар жавраблар мужаллад ҳам, мунаъъал ҳам бўлмаса, яъни юпқа бўлса, яъни ҳозирги оддий пайпоқлардек бўлса, унга масҳ тортиш ба-иттифоқ ножоиздир. Агар жавраб мужаллад ҳам, мунаъъал ҳам бўлмасдан, балки “сахинайн” бўлса, яъни қаттиқ жундан тўқилган бўлса, унга масҳ тортиш борасида ихтилоф бор. “Шарҳ ал – Виқояда” да: “Сахинайн” – оёқда боғланмаса ҳам, ўзи турадиган қалин оёқ кийим”, - деб таъриф берилган.

            Қуйидаги учта шартни ўзида мужассам қилса, “сахинайн” – қаттиқ жундан тайёрланган маҳсига масҳ тортиш жоизлигига ҳукм қилинади. Биринчидан, шаффоф – юпқа бўлмасин. Устига сув теккизганда ичига ўтиб кетмасин. Иккинчидан, боғлаб қўйилмаган, ўзини ўзи ушлаб турадиган бўлсин. Учинчидан, унда юриш мумкин бўлсин, юрганда бўшаб ёки тешилиб кетмасин.

            Мазкур шартлар топилган оёқ кийимига масҳ тортиш борасида ихтилоф бор. Жумҳур, яъни уч мазҳаб аҳли ва ҳанафийлардан соҳибайн – Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ ва Муҳаммад аш – Шайбоний роҳимаҳуллоҳ наздларида, шу шартларни ўзида жамлаган пайпоққа масҳ тортиш жоиздир. Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг қавлларига кўра ножоиздир, унга масҳ тортиб бўлмайди. Бироқ  Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ ҳам умрларининг охирида буни жоиз деган эканлар. Бурҳониддин ал – Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал – Ҳидоя” асарида: “Фатво шунгадир”, - дейилган. (Двоми бор).

Раҳмонқул домла МАМАТҚУЛОВ

Бахмал тумани бош имом-хатиби

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид