130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ҚИЁМАТ КУНИНИНГ ОТАШИ ЁХУД СОЯЛАНГАНЛАР.
imon.uz 2024-12-16 11:27:04 160Сулайм ибн Омирдан ривоят қилинади: Менга Миқдод ибн Асвад гапириб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман: “Қиёмат кунида қуёш халойиққа яқинлаштирилади, ҳатто уларга бир мил миқдорида бўлиб қолади”. Сулайм ибн Омир айтади: “Аллоҳга қасамки, милдан ернинг масофасиними ё у билан кўзга сурма қўйиладиган қаламними, нимани тайин қилаётганларини билмайман. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар амаллари миқдорида терга ботиб кетадилар, улардан баъзилари тўпиқларигача тер ичида бўлади, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача, баъзиларини эса тер мутлақо жиловлаб қўяди”, – дедиларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар”. Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат кунида ҳисоб-китоб бошланиши кутиб турилган пайтда қуёш уларга яқинлаштирилганидан ҳамма қилган ёмон амаллари миқдорида терга ботиб турар экан. Кимдир тўпиғигача, кимдир тиззасигача, кимдир белигача, яна кимдир эса оғзига қадар терга ғарқ бўлар экан. Ҳамма одамлар бир жойда турган бўлсалар-да, тер денгизи бирининг тўпиғидан ошса, иккинчисининг оғзи баробаридан бўлар экан. Бунинг қандай бўлиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган:
1. Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг қадами остидаги ерни унинг яхши ё ёмон амалига яраша баланд-паст қилиб қўяди. Шунга кўра ҳар кимнинг баландлиги ҳар хил бўлади.
2. Аллоҳ таоло инсонларни амалларига мос ҳолатда гуруҳ-гуруҳ қилиб тўплайди, баъзи гуруҳдагилар тўпиқларигача терга ботиб турадиган жойда, баъзилари белларигача терга ботиб турадиган даражадаги чуқурроқ жойда турадилар.
Ана шундай қуёш яқинлаштирилиб, ҳамма иссиқда қийналиб турган пайтда баъзи инсонлар сояланиб турадилар. Улар дунёда қилган ишлари эвазига Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига сазовор бўлган ва шундай даҳшатли кунда У зот тарафидан соялантириб турилган бахтли инсонлардир. Қуйидаги ҳадисда бундай бахтли инсонларнинг кимлар эканлиги баён қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етти нафарни Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда соялантиради:
1. Адолатли бошлиқ;
2. Аллоҳнинг ибодатида вояга етган йигит;
3. Қалби масжидларга боғланган киши;
4. Аллоҳ йўлида бир-бирларини яхши кўрган, шу муҳаббатга кўра жамланиб, шу муҳаббатга кўра ажрашадиган икки киши;
5. Мансабдор ва чиройли аёл (гуноҳ ишга) чақирганда, Аллоҳдан қўрқаман деган киши;
6. Ўнг қўли берган садақани ҳатто чап қўли ҳам билмай қоладиган даражада махфий қилган киши;
7. Аллоҳ таолони ёлғиз ҳолатда зикр қилган ва кўзлари ёш тўкан киши”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
"Эътиқод дурдоналари" китобидан.