Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

imon.uz 2021-07-15 02:45:35 310

Энг мўтабар кунларни биз мусулмонларга байрам қилиб берган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ушбу қутлуғ байрамларни қандай ибодат билан шарафлашни таълимини берган Расули Акрамга дуруд ва салавотларимиз бўлсин! Бу қувончли кунларда албатта беморлар, имконияти чекланган оилалар, меҳрга муҳтож инсонларни зиёрат қилмоқ, эҳсонлар улашмоқ, дуоларини олмоқ беҳад савоблидир.

Муқаддас динимизда ибодат ва миллий қадриятимизда байрамимиз бўлган Қурбон ҳайити куни ҳам яқинлашиб келмоқда. Ҳайит байрами муносабати билан ҳар биримиз ўтганларимиз руҳларига дуолар қиламиз, ҳайру эхсонлар тарқатамиз. Бу кунларда қилинган хайру эҳсонларнинг савоби ҳам албатта улкан бўлади.

Ҳар ким ўз атрофидаги муҳтожларга ёрдам берса, уларнинг ҳам кўнглига сурур киради, ҳайит хурсандчилигини ҳис қилишади.

Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда Ул зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривоятлари).

Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Ҳайит байрами кунларида ёшу-қари, бойу-камбағал барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар.

Бу кунда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида қурбонликлар қилади, Аллоҳни улуғлаб такбир айтадилар, ҳайит намозларини адо этадилар. Ҳайит байрами кунлари ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Шунга кўра бу кунлар дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади.

Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу ҳайит байрамига тааллуқли бир қанча суннат амаллар бўлиб уларга амал қилиш ҳайит кунларидаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Масалан: 1. Ушбу кунга соғ-омон етказган Аллоҳ Таолони улуғлаб такбирлар айтиш

2. Ғусл қилиш.

3. Янги кийимларни кийиш.

4. Хушбўйланиш.

5. Қурбон ҳайити намозидан қайтиб, ўзининг қурбонлиги гўштидан егунга қадар ҳеч нарса емай туриш.

6. Масжидга имкон бўлса пиёда, эрта бориш ва йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) ҳамда такбир (Аллоҳу акбар) айтиш.

7. Одамларни ҳайит байрами билан муборакбод этиш.

8. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан уйига қайтиш.

9. Қариндошларни, ёш улуғларни зиёрат қилиш.

10. Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

11. Аҳли аёл ва ёш болаларни совға-саломлар билан хурсанд қилиш. Қурбонлик ҳам бошқа ибодатлар каби Аллоҳ ризолиги учун қилишади, аммо одамлар қурбонлик гўштларини еб, ҳадялар қилиб хурсанд ва шод бўладилар.

Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-мискинлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра савоб беради. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37). Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Шу билан бирга ўзаро меҳр оқибатли ўлишдир.

Азиз юртдошлар! Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою касалликлардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон айласин. Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакили Меҳмонхон ЖАББОРОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид