Рамазондаги хатолар (3-қисми)

Рамазондаги хатолар (3-қисми)

imon.uz 2024-03-08 01:55:14 185

Рўза тутиш, лекин намоз ўқимаслик

Кўплаб одамлар рўза тутадилар-у, лекин фарз бўлган беш вақт намозни, айниқса, бомдодни ўқимайдилар. Бундай дангасаликка чек қўйиш керак. Беш вақт намозни тўла-тўкис адо қилиш рўза тутиш каби фарздир. Агар сиз намозни атайин ўз вақтида адо қилишда сусткаштлик қилаётган бўлсангиз, рўзангиз қабул бўлишида шубҳа бўлади.        

Қуръон тиловатига лоқайдлик қилиш

Ушбу Рамазон ойида Қуръон китобингиз токчада чанг босиб ётишига йўл қўйманг. Биз ўзимизни мукаммаллаштириб боришимиз керак. Агар араб тилида яхши ўқий олмасангиз, билимингизни кучайтиринг. Агар араб тилини умуман билмасангиз, Қуръон маънолар таржимаси ва тафсирларини ўқинг. Бир кунда ҳеч бўлмаганда иккита оят ўқишдан бошланг ва иймонингиз зиёдалашгани сари китобни ҳам кўпроқ ўқий бошлайсиз. (Араб тилини умуман билмаганларга) тавсия қуйидагича: Қуръоннинг йигирмата кичик сураларини ўқинг, ёдланг, такрорланг, маъноларини ва таржималарини ҳамда уламоларнинг улар ҳақидаги маълумотларини ўрганиб чиқинг.

Иш, имтиҳон ва бошқалар сабабли рўза тутмаслик

Иш ва имтиҳонлар бандага рўза тутмаслик ҳуқуқини бермайди. Агар сиз ўз динингиз доирасида мажбуриятларингизни бажарсангиз, Аллоҳ таоло меҳнатингизни енгиллаштириб, қилаётган ишингизда кўмакчи бўлади.

«Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир» (Талоқ сураси, 3-оят).

Ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш

Кўпчилик озми-кўпми ижтимоий тармоқлардан (Твиттер, Фейсбук, Инстаграм ёки Ватсап.....) фойдаланади. Лекин Рамазон ойида улардан бутунлай фойдаланишни тўхтатишнинг иложини тополмасангиз ҳам, фойдаланиш вақтингизни қисқартиринг.

Рўза ва парҳезни аралаштириш

Рўза тутишдан аниқ мақсад мавжуд. Албатта, инсон рўза озишга ҳамда соғлом турмуш тарзи олиб боришга ёрдам беришини билгани ҳолда рўза тутади, лекин фақат шу озиш, парҳез нияти билан рўза тутиладиган бўлса, бу унинг ибодат маъносига зид келиб қолади. Демак, рўзани энг аввало ва асосан Аллоҳ буюргани учун ҳамда савоб умидида тутинг!

Аёлларнинг ҳайз пайтида ибодатларни камайтириб юборишлари

Муслималар, ҳайз пайтида вақтингизни бекорга исроф қилманг. Қуръон тингланг, зикр ва саловот айтинг. Яхшилик қилинг ва сахийлик кўрсатинг, ифторларни тайёрлашда ёрдам беринг ёки ўзингизнинг уйингизда ифтор уюштиринг. Сиз ушбу қилган солиҳ амалларингиз учун улкан мукофотларга эришасиз, иншааллоҳ.

Эътикофни қўлдан чиқарманг

Агар Рамазон ойининг сўнгги ўн кунини эътикофда ўтказиш имконингиз бўлса, уни қўлдан бой берманг. Бу каби ибодатнинг натижаси улуғдир. Лекин сиз бу кунларни масжидда дўстларингиз билан гаплашиб, янгиликлар ва журналлар ўқиб ўтказишингиз тўғри бўлмайди. Ушбу кунларни масжидда ўтказишни мақсад қилган бошқа мўминлар билан биргаликда вақтни қандай сарфлашнинг жадвалини тузиб олинглар. Агар сизларда ҳаракатлар режаси бўлса, зерикиб қолмайсиз, чунки қайси вақтда нима қилишингизни аниқ билиб турасизлар.

Фақат Рамазоннинг йигирма еттинчи ўтар кечасида тунни ибодат билан ўтказиш

Баъзилар фақат йигирма еттига ўтар кечасида ибодат билан машғул бўладилар, ваҳоланки бизга Лайлатул-Қадрнинг аниқ вақти маълум эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ сонли тунларидан изланг» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Кўплаб уламолар ёзганларидек, балки ушбу кеча ҳақиқатдан ҳам йигирма еттига ўтар кечасида келар, лекин биз у кечани Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигининг ҳар тунидан қидиришга буюрилганмиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«Ким Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг мағфиратидан умид қилиб рўза тутган бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўтмишдаги гуноҳларини кечиради; ким Лайлатул-Қадрда чин эътиқод билан, Аллоҳнинг мукофотидан умид қилиб ибодат қилган бўлса, Аллоҳ таоло унинг аввалги барча гуноҳларини мағфират қилади».

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг фазлу-карамининг чегараси йўқ. Агар Ўзи хоҳласа, У сизга икки юз йиллик мукофотни ато қилади. Бу Аллоҳ таолонинг бизнинг ақлимиз қосирлик қиладиган ҳикмат Эгаси эканидандир. Биз Қадр кечаси қайси кечага тўғри келишини билмаймиз, мабодо кечани бой берган бўлсангиз ҳам, шуни ёдда тутингки, Аллоҳ барча нарсанинг соҳибидир, агар У хоҳласа, ушбу кечага аталган мукофотга бошқа бир вақтда сазовор бўласиз.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид