РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНГА ОИД АЙРИМ МАСАЛАЛАР.

РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНГА ОИД АЙРИМ МАСАЛАЛАР.

imon.uz 2023-03-10 03:01:14 173

Маълумки, рўза ниҳоятда фазилатли ва буюк амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда ворид бўлган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳам машҳурдир. Қуйида эзгуликни эслатиш қабилида рўзанинг фазилатига доир айрим ҳадиси шарифларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Сўнгра рўзага доир айрим фиқҳий масалалар билан танишамиз, иншоаллоҳ. 
Ривоят қилинишича, Абу Умома ал-Боҳилий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси амал энг афзал?” деб сўради. Шунда Ул зот: “Рўза тут! Зеро, унинг тенги йўқдир!” дедилар (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривояти). 
Рўзадор киши, ҳатто ҳеч нарса қилмасдан ётоғида ухлаб ётган пайтида ҳам ажр-савоблар қўлга киритади. Абул Олия айтадилар: “Рўзадор гарчи тўшагида ухлаб ётган бўлса-да ибодат ичра бўлур”. Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳуо): “Ётоғимда уйқуда бўлсам ҳам давом этадиган қандай ҳам яхши ибодат экан бу (рўза)?!” дер эдилар. 
Ибн Ҳассосия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир»(Бағавий ва Табароний). 
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм). 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Мен учундир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир» (Имом Бухорий). 
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий). 
Саҳл ибн Саъд Соъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий). 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар» (Имом Бухорий). 
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон). 
Зайд ибн Холид Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди”, деганлар» (Имом Термизий).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид