130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Рўзадорнинг мукофоти
imon.uz 12-05-2020 627Ҳадиси шарифларда баён этилишига кўра рамазон ойининг боши – раҳмат, ўртаси – мағфират. Намоз ўқиб, рўза тутган кишининг мукофотлари кўпаяди ва мағфиратга эришади. Охири эса нажот – жаҳаннамдан озод бўлишдир. Мусулмоннинг гуноҳлари сабабли дўзахга тушиш эҳтимолининг йўқ бўлишидир. Яъни жаҳаннам таҳликасини ўзидан узоқлаштиради ва:
«Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт саодатга) эришгай». Бу гўзал ой уч муборак ойнинг охири, ҳосилот замони ва ҳақиқатдан ҳам ўн бир ойнинг султонидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу фақиҳ бир саҳоба бўлиб, «Абодилаи арбаа»да келган тўрт Абдуллоҳдан бири. Ундан: «Ойларнинг энг хайрлиси қайси бири?» дея сўраганларида, У киши: «Ойларнинг энг хайрлиси бу – рамазон ойи» – деб жавоб берган эканлар.
Абу Зарр Ғифорийдан розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилинади: Рамазон ойининг ҳилоли кўринган вақт Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар инсонлар рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматларни билсалар эди, рамазоннинг йил бўйи давом этишини хоҳлаган бўлардилар».
Ҳаммамиз бир оз рўза тутамиз ва кечалари кўп ракаатлар намоз ўқиймиз. Бунинг мукофоти жуда ҳам буюк! Бунинг қийматини билганлар ҳақиқатда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: «Қани энди йил давоми рамазон рўзаси бўлса эди», – деб орзу қилдилар.
Демакки, бу ойни қанча эҳтиром қилсак, қанча севсак ва унда қанча ғайрат қилсак, шунча оз. Шундай гўзал бир ойга етишиб турибмизки, Аллоҳга ҳамду санолар айтмасликнинг иложи йўқ!
Бир ҳадиси шарифда айтилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Рўзадорнинг мукофотига қаранг! «Рўза тутган кишининг уйқуси ҳам ибодат». Рўзадор чарчайди, ҳолсизланади, бир озгина шу ерда чўзилай, дейди. Ахир, бунинг ёзи бор, қиши бор, иссиғи бор, совуғи бор... Узун-узун кунлари бор...
Стокголмга бордик. Шимолий Қутбга яқин бўлган жойлар. Қиш мавсуми соат 9ларда бомдод намози бўлади. 12га яқин пешин, 13га яқин аср, 15ларда шом намози ўқилади. Ёзда эса умуман тескариси: Таровиҳ намозини ўз вақтида ўқиш ҳам анча қийин. У ерда оддий ишчи бўлиб ишлайдиган биродарларимиз махсус қозонларда темир эритиб қайнатадилар. «Устоз! Иссиқлик 60-70 градус бўлганда кўзойнакни тақамиз ва нарсаларни эритиб қайнатамиз. Шундай қилиб, кемалар ясаяпмиз» – деб айтган эдилар.
Улар шундай оғир шароитда ҳам рўза тутишларига тўғри келади ва ўз навбатида, узун тунларда дам олишлари керак. Кечаси ҳеч ҳам ухлай олмаяптилар. Шом намозини масжидда ўқийдилар. Ифторлик қиладилар. Хуфтон намозини таровиҳ билан ўқийдилар. Кейин озгина нафасларини ростлаб суҳбат қиладилар ва бомдод намози киради, уни ўқиб, яна ишга кетадилар. Ҳақиқий фидокор инсонлар. Албатта, кундузи иш тугаганидан кейин дам олишлари лозим.
(Навмус-саъими ибадатун). «Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодат». (Ва самтуҳу тасбиҳун). «Гапирмаслиги, сукут сақлаши тасбеҳ бўлар экан». «Субҳаналлоҳ» деганидек. Тўйиб гаплаша олмаганлиги учун бироз кайфияти қочади. Ана шундаги сабри-сукути ҳам савоб экан. Рўза инсонни чиройли қилиб қўяди.
Уйқуси ибодат, сукут сақлаши тасбеҳ: (Ва дуауҳу мустажабун). «Дуоси эса мақбул экан». Рўзадорнинг дуоси ижобат. Чунки у Аллоҳ яхши кўрган банда бўлишга интилаётир. У Аллоҳ учун кундузи ейиш, ичиш ва оилавий муносабатдан узоқлашади. Аллоҳ учун нафсининг кучли орзуларини тарк этади. У Аллоҳ учун фидокорлик қилганлиги сабабли ҳам Аллоҳ уни севмоқда ва дуоси ижобат бўлмоқда. Бундай фурсатда рўзадорнинг дуосини олишга ҳаракат қилиш, унинг кўнглини олиш лозим, унга эҳсон қилиб, ифторлик қилдириш, шундай йўллар билан унинг мустажоб дуосини олишга ҳаракат қилиш зарур!
(Ва амалуҳу музаафун). Қилган амалининг савоби ҳам орттириб берилади. Яъни, рамазонда қилган ибодатлари, бошқа вақтларда қилган ибодатлари билан бир хил бўлса ҳам, рамазондаги савоби етмиш марта ортиқ. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам яхши бир мукофот.
Рамазонда кунига 20 ракат таровиҳ намозини ўқиймиз. Етмишни йигирмага кўпайтирсак 1400 ракат намоз ўқигандек бўламиз. Садақа берсак ҳам, тасбеҳ ўгирсак ҳам етмиш марта кўп савоб оламиз.
Шунинг учун ҳам баъзи оқил кишилар бу нарсанинг сирини устозларидан, буюкларидан ўрганганлари боис, закотларини рамазон ойида берадилар. Закот учун бир нечта шартлар мавжуд. Шулардан бири закотга етадиган маблағ қўлга тушгандан кейин бир йил шу ҳолатида туришидир! Масалан, ҳозир сиз нисобга етарли маблағга эга бўлдингиз, бундан шу заҳотиёқ закот бериш мумкин эмас. Бир йил ўтиши керак. Аммо баъзилар ўша миқдорни олдинроқ айириб, рамазонда берадилар. Чунки рамазонда қилинган ҳар бир эзгу ишга етмиш марта кўп савоб берилади.
Абу Ҳусаймадан шундай ривоят қилинади: «Катта гуноҳлар қилинмаган бўлса, рамазон билан рамазон, ҳаж билан ҳаж, жумъа билан жумъа, намоз билан намоз орасидаги гуноҳларга каффорат бўлади».
Рамазонни яхши ўтказсак, ўтган рамазондан бунисигача қилган гуноҳларимиз ва қусурларимизни Аллоҳ кечиради. Жумъа намозини ҳам маромига етказиб ўқиган вақтимизда, олдинги жумъа билан буниси орасидаги гуноҳлар ўчирилади. Албатта, унинг баъзи шартлари бор. Масалан, яхшилаб ғусл қилиб, таҳоратни янгилаб, жумъага камоли ҳурмат билан эътибор берса... Бир намоз олдингиси билан орасидаги гуноҳларни ўчиради.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу рамазон ойи келиши билан айтар эканлар:
«Хуш келдинг, эй яхшиликларга тўла ой, кундузлари рўзага, тунлари эса намозга бой бўлган ой!».
Мен юқорида кечки намоз деб айтганимда, таровиҳ намозини назарда тутдим. Аммо, баъзи ошиқу содиқлар таровиҳ намози ўқигандан кейин уйларига бориб, таҳоратлари бор, яна бир озгина намоз ўқийдилар. Уларнинг бу гўзал амалларини Аллоҳ қабул қилсин!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
«Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур».
Раббимиз Пайғамбаримизга: «Кечалари таҳажжуд намози ўқи!» деб буюрмоқда, тавсия қилмоқда. Пайғамбаримиз ҳам бу намозни ҳеч канда қилмаган эканлар.
Шу боис ҳадиси шарифда шундай айтилади:
«Кечаси туриб ўқилган икки ракаат намоз, дунё ва ундаги барча нарсалардан қийматлироқдир».
Рамазондан бошқа вақт тура олмаймиз. Чунки кеч ётамиз, тўйиб ухлай олмаймиз. Шунинг учун ҳатто бомдод намозига ҳам туролмаймиз, баъзи вақтлар туришимиз жуда ҳам қийин бўлади. Мана, сизга оддий халқнинг, авомнинг умумий ҳолати. Аммо бизнинг динимиз шундай гўзалки, ширинликлар, лаззатли таомлар баҳонасида авомнинг ҳам ҳавасини уйғотиб, рамазон ойида таҳажжудга уйғотади. Бу фазилатли ойда ярим кечаси ёш ҳам, қари ҳам, кучли ҳам, кучсиз ҳам оғринмасдан, уфламасдан, мамнуният билан уйқудан туради. Шу боис Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Ҳар нарсанинг ҳар қандай ҳолати, кундузидаги рўзаси ҳам, кечадаги намози ҳам хайрли бўлган, эй муборак ой, хуш келдинг!» – деган эканлар.
Аллоҳ таоло ҳадиси Қудсийда марҳамат қилади: «Рўза – меники, уни мен ўзим қабул қиламан. Унинг мукофотини ҳам ҳисоблаб бўлмайдиган шаклда мен ўзим бераман». Чунки рўза бу – яширин ибодат. Намозга ўхшаган эмас».
Сиз бир дўхтирлардан сўраб кўринг, очликнинг жуда катта тиббий фойдаси бор. Мана, Бурдурда шакар фабрикаси бор. Маълум кампания битганидан кейин фабрика тўхтатилади ва бутун жиҳозлар қайтадан текширилади, тоза қилинади. Яъни кейинги кампанияга тайёргарлик кўрилади. Агар шундай қилинмаса, кейинги йил учун шакар ишлаб чиқара олмайди. Чунки бутун жиҳозлар ишдан чиқиб қолиши мумкин. Инсон вужуди ҳам худди шундайдир. Меъдамиз бир ой дам олади. Парҳез бези ҳам, бутун ички аъзолар ҳам дам олади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ғафлат уйқусидан уйғотсин, орифу огоҳ қулларидан қилсин... Ҳар бир кунимизни ризосига уйғун ўтказишимизни насиби рўзи айласин. Тафвиқини рафиқ қилсин, хос қулларидан қилсин... Ҳусни хотималар билан охиратга боришимизни насиб айласин. Жаннати ва жамоли билан барчамизни хушнуд этсин.
Маҳмуд Асъад Жўшоннинг "Рамазон ва тақво" китобидан
Миролим Мансур тайёрлади