Сабр - муъминларнинг қуролидир

Сабр - муъминларнинг қуролидир

imon.uz 09-04-2020 586

Бугунги кунда бутун дунё бошига тушган “коронавирус” балоси барча халқларни бирдек ташвишга солиб турганлиги, бу вабони қисқа фурсатларда ер юзидан кўтариш учун барча имкониятлар ишга солинаётгани ҳаммамизга аён. Мўъмин-мусулмонлар бу касалликни Аллоҳ таоло тарафидан синов деб қабул қилмоғимиз лозим бўлади. Бундай синов пайтларда мўъмин-мусулмонлар нима қилмоғимиз керак?

Шариатимизда мўъмин-мусулмонларга шодлик, хурсандчилик вақтларда шукр қилиш ва мана бундай қайғули, оғир  кунларда сабр қилиш фарз қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Абатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”, деб марҳамат қилган. (Зумар сураси, 10 оят).

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳадиси муборакларида: “Мўминнинг ишига ажабланаман. Ҳар бир иши ўзи учун яхшиликдир. Бу фақат мўминга хос. Севинтирувчи иш бўлса, шукр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Балога учраса, сабр қилади, бу ҳам унинг учун хайрлидир”,  деганлар. (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари).

Аллоҳ таоло ояти каримасида сабр қилганларга охиратда беҳисоб мукофот беришни ваъда берди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида сабр ҳақида юқоридаги хушхабарни айтиб турган бўлсалар, шу ўринда сабр ўзи нималигин билиб олайлик.

 “Сабр” –  ҳар қандай шароитда чидамли, вазмин бўлиш, оғир, қийин  вазиятларда бардошли бўлиш, турли ноўрин иш ва ҳаракатлардан ўзини тийиш каби  маъноларни билдиради.

Бас, шундай экан, азиз ватандошлар! Бугунги куннинг сабри – карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолишлик билан бўлади. Уйда қолиш зерикарли бўлади деганларнинг фикрларига мутлақо қўшила олмайман. Шуни ҳам билишимиз лозимки, уйда қолиш дегани, вақтни беҳуда ўтказиб, бир амаллаб кеч қилиш, бемаъни сериаллар кўриш, уйқу билан вақт ўтказиш, турмуш ўртоғи билан жанжал чиқариш, бақир-чақир қилиб, қўни-қўшнига озор бериш дегани эмас.

Балки, Алло таоло бизга бу вирусни гуноҳимизга яраша жўнатди деб қабул қилиб, У Зотга минглаб истиғфорлар айтиш, Қуръони карим тиловати билан  машғул бўлиш, ўтган гуноҳларга чин қалбдан пушаймон бўлиш, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга саловоту шарифлар айтиш, вақтида ўқилмай қолган қазо намозларни ўқиб олиш, имконият даражасида муҳтож оилаларга хайриялар қилиш, улуғ устозлар, фазилатли  зотлардан, ота-оналардан дуои хайрлар олиш, фарзандларга зарурий, бирламчи диний илмларни ўргатиш, таҳажжуд ва бошқа нафл намозларини ўқиб, нафл рўзалар тутиб, Яратган Зотга тавбалар қилиб, бу балони тезда юртимиздан кўтаришини сўраб дуои хайрлар қилишдир.

Бугун бутун дунё бўйлаб инсоният кўзга кўринмас вирусга қарши уруш олиб бормоқда. Бу урушда инсоният қисқа фурсатлар ичида вируснинг устидан албатта ғалаба қозонишида шубҳа йўқ иншааллоҳ.

Биз мўъмин-мусулмонлар ғалабага шубҳа йўқ бўлган бу курашда қўлимизга “сабр” қуролини олиб, уни ҳеч қачон ўзимиздан ажратмасдан қатнашмоғимиз марғубдир.  Бас, сабр – мўминнинг қуроли экан, бу қуролдан мана бундай оғир, синов ва имтиҳон даврида оқилона фойдаланишни Қодир Зот барчамизга насиб айласин.


Бахмал тумани бош имоми
Маматқулов Раҳмонқул 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид