130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
САБР НИМА?
imon.uz 2025-01-03 01:19:32 123Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.
Ферузободий айтади:
“Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр, Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр“.
Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир“
(Бақара сураси, 45-оят).
Биз “ёрдам сўранг“ деб таржима қилган ибора араб тилида “истаъийну“ деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади.
Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайди. Сабр, кўпчилик ҳаёл қилгандек, салбий маънодаги тушунча эмас. Яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб ҳаракатсиз туриш сабр эмас. Аксинча, сабр - Аллоҳ таолонинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдан иборатдир.
“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамаймиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақводорникидир.“
(Тоҳа сураси, 132-оят).
Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.
Абу Саъид розияллоҳи анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган“, дедилар“.
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир.
Мазкур ҳадисда қуйидагилар айтилади:
Абу Саъид розияллоҳи анҳудан ривоят қилинади:
“Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса тугади.
Шунда у зот:
“Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган“ , дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
«Руҳий тарбия, 3-жуз» китобидан.
Миролим Мансур тайёрлади