130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Сақлансангиз сақлайди!
imon.uz 22-11-2024 97Аллоҳ таоло солиҳ банда сабабли вафотидан кейин унинг зуррийётларини муҳофаза қилади. Каҳф сурасида зикри келган икки ёш бола ва уларга тегишли бўлган хазинанинг муҳофаза қилинишига ҳам оталарининг солиҳ экани сабаб бўлган. Қуръони карим шундай хабар беради: “Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди.” (Каҳф;82)
Шунинг учун Саид ибн Мусайяб р.а. ўғлига: “Эй ўғилчам, сени муҳофаза қилишни умид қилиб мен намозимни кўпайтираман” деб, “Уларнинг оталари солиҳ одам эди.” (Каҳф;82) оятини тиловат қилди.
Умар ибн Абдулазиз р.а. шундай дедилар: Бирор мўмин вафот этса, Аллоҳ таоло унинг ортида қолганларни муҳофаза қилади.
Муҳаммад ибн Мункадирдан: “Албатта Аллоҳ таоло бир солиҳ банда сабабли унинг боласини, боласининг боласини, уй аҳлини ва атрофидаги ҳовлилар аҳлини ислоҳ қилади, (яъни, яхшилайди)”. (Мусоннафу ибн Абий Шайба)
Муҳаммад ибн Мункадир: Албатта Аллоҳ таоло бир солиҳ киши сабабли унинг боласини, боласининг боласини ва атрофидаги ҳовлиларни муҳофаза қилади. Улар ҳамиша Аллоҳнинг ҳифзу-ҳимоясида бўладилар. (Абдуллоҳ бин Муборак Зуҳд китобида тахриж қилган)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошманг, Аллоҳнинг ҳақида шошманг!. Агар итоатли ўсмирлар, ўтлаётган чорполар, мункиллаган қариялар ва эмадиган гўдаклар бўлмаганида эди, устингизга азоб ёғилиб кетарди”, дедилар. (Байҳақий ривояти)
(Яъни, “шошманг”дан мурод – азоб келмаётгани учун Аллоҳнинг ҳақида хулоса чиқаиришга шошманг, деганидир.)
Демак солиҳ бўлсак, Аллоҳ таоло ўзимизни, фарзандларимизни ва атрофимиздаги қўни-қўшниларни муҳофаза қилар экан. Агар бу салоҳият тўхтаса, Аллоҳнинг ҳимояси ҳам тўхтайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг ушбу: “Aгaр Aллoҳ oдaмлaрнинг бирини иккинчиси сабабли дaфъ этиб турмaс экан, шубҳaсиз, Ер фaсoдгa (бузғунчилик вa xaрoбaгa) aйлaнгaн бўлур эди.” (Бақара;251) ояти ҳақида: “Аллоҳ таоло намоз ўқийдаган кимса сабабли намоз ўқимайдиганни, ҳаж қиладиган кимса сабабли ҳаж қилмайдиганни, закот берадиган кимса сабабли закот бермайдиганни ҳимоя қилади. Бу Аллоҳ истаганича давом этади. Агар бузғунчилик кўпайиб кетса, Аллоҳ уларни ташлаб қўяди ва улар барчалари ҳалок бўлиб кетади. Сўнгра (Қиёмат куни) ниятларига кўра қайта тирилтиради”, деди. (Имом Байҳақий ривояти)
Манба: ислом уз