Шукри қабул қилинган киши

Шукри қабул қилинган киши

imon.uz 25-02-2020 1178

Бани Исроилда насаби улуғ, хуш феъл, саёҳат-сафарга чиқишни яхши кўрадиган бир киши кунлардан бирида сафар қилиб, саҳрода кетаётганида қаттиқ чанқади ва сув қидириб бир қудуқни топди. Лекин унинг суви чуқурда эди. Қудуқдан сув олишга арқон, челак топа олмай, қудуққа ўзи тушиб қониб-қониб сув ичди. Аллоҳга ҳамд айтиб, бирор илон чақиб олмасидан ёки нохуш воқеа содир бўлмасдан  олдин тезда қудуқдан чиқиб олай деб чиқиб қараса, чанқаганидан тилини осилтириб чанқоғини босиш учун қудуқ атрофидаги ҳўл тупроққа тилини теккизиб турган итни кўриб қолди.

Киши бу ҳолатни кўриб, ўзининг сув ичишдан олдинги ҳолини эслади ва итни  қандай суғоришни ўйлай бошлади. Ит одамга ўхшаб қудуққа тушиб сув ича олмайди, бу ерда итни суғоришга ип, челак топиб бўлмайди. Киши қудуқда сув олиб чиқариш учун маҳсисини сувга тўлдириб олиб чиқишдан бошқа йўл топа олмади. Қудуқдан маҳсисини сувга тўлдириб чиқишда қўллари билан маҳсини ушлашнинг иложи бўлмагани сабабли оғзи билан кўтариб олиб чиқди ва итнинг олдига қўйди. Ит қонгунича сув ичди ва Аллоҳга бу киши гуноҳини кечиришини ва Ўз раҳматига олиб, жаннатига киргизишини сўраб дуо қилди. Аллоҳ таоло итни дуосини ва бу кишини шукрини қабул қилиб, гуноҳларини мағфират қилди.

Бу қисса Имом Бухорий ва имом Муслим, Абу Довуд ва Молик Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагича келган:

“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

Бир киши йўлда кетаётиб жуда чанқаганидан қудуқ топиб унга тушиб сув ичиб чиқса, чанқаганидан намликни егудек бўлиб ҳансираб турган ит турибди. Киши бу ит мендан ҳам чанқоқроқ экан деб, қудуқга тушиб маҳсисига сув тўлдириб чиқиб итнинг оғзига тутиб, ичкизибди, Аллоҳ унинг бу шукрини қобул қилиб, гуноҳларини мағфират қилибди дедилар”. Улар ё Росулуллоҳ ҳайвонлардан ҳам бизга ажр борми? Дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бир ҳўл жигарда ажр бор” дедилар”.

Шу ўринда қиссадан олинадиган фойдаларга бир эътибор қилсак:

1-Мусулмон ҳеч бир солиҳ амални паст санамаслиги лозимлиги. Гоҳида мусулмоннинг озгина амали Аллоҳнинг раҳмати ва жаннатига эришишига сабаб бўлади.

2-Мусулмон амалини холис қилса, Аллоҳ уни қабул қилади ва дунёда ҳам охиратда ҳам яхшилик билан мукофатлайди. Бу киши саҳрода итни суғорган амалида холис эди. Чунки бу амалини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўргани йўқ. Итга сув олиб чиқишга тушганида ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Леки Аллоҳнинг розилиги учун қийналса ҳам тушди.

3-Мусулмон инсонларга раҳимли бўлса, Аллоҳ унга меҳрибон бўлишлиги. “Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам: “Ердагиларга раҳимли бўлинглар, сизларга осмондаги Зот раҳимли бўлади”, дедилар”. Мусулмон атрофидаги инсонларга, ҳайвонларга, борлиқдаги барча нарсага меҳрибон бўлиши лозим.

4-Мусулмон Роббисининг беҳисоб неъматларига шукур қилишлиги. Чунки бу киши қаттиқ чанқаганидан кейин сув ичди ва чанқоқликдан ҳансираётган итни кўриб, Аллоҳ унга берган неъматини сезиб, Аллоҳнинг неъматига итни суғориш билан шукур қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Жиззах вилоят вакиллиги матбуот 

котиби Усмонали ОРАЛОВ


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид