СОХТА ТАРИҚАТ МАШМАШАСИ

СОХТА ТАРИҚАТ МАШМАШАСИ

imon.uz 08-07-2021 304

Ислом дини асрлар оша софлиги ва ҳаққонийлиги билан башарият қалбидан чуқур жой олиб улгурган. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар қаторида машойихларнинг ҳикматга бой ўгитлари кишиларни доимо ҳалоллик, эзгулик, тўғриликка чорлаб келган. Бунда диёримиздан ўтган минглаб ота-боболаримизнинг ўрни беқиёс. Улар диннинг ривожи, халқнинг манфаатини кўзлаган ҳолда умргузаронлик қилишган. Билмаган нарсаларини илм соҳибларидан сўраб ўрганишган. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон – алломалар юрти. Бу диёрдан не-не авлиёлар, жаҳонга машҳур тариқат пешволари ўтмаган дейсиз. Уларнинг йўлларини тутган инсонлар ҳар томонлама ўрнак бўлишган.

Аммо бугунги кунда сохта обрў топиш, маслакдошларини йиғиш мақсадида айрим кишилар тариқат номидан иш тутиб, пирлик даъвосини қилиб келмоқда. Улар томонидан шариат талабларининг нотўғри талқин қилиниши, анъанавий ислом тамойилларига карама-қарши бўлган қоидалар ишлаб чиқилиши ва тариқат тарафдори бўлмаганларга нисбатан камситиш билан қаралиши диний муассаса ходимлари ва аҳолиси ўртасида айрим норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ажабки, уларнинг йўлини тутадиганлар ҳам топилар экан. Аксарият ҳолларда тарафдорлар сонининг ортиб бориши амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда амалга оширилмоқда. Аниқки, уларнинг услублари ва таълимоти узоқ асрлардан бери гуркираб келаётган Нақшбандия тариқатига кўпам тўғри келмайди. Муридлар томонидан пирни муқаддас билиш, унинг измидан чиқмай қолиш, ўрни келганда оиласини унутиб, пирнинг эшигида узоқ йиллар хизмат қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Қўл берган пирининг таҳоратидан қолган сувни муқаддас деб истеъмол қилиш, пир таом еган косани чайиб ичиш ва бу ишлар гуноҳлардан поклайди деб ишониш, уни ўзларига раҳнамо сифатида қабул қилиш ҳоллари оддий ҳолга айланиб улгурди. Қибла тарафга оёқ узатиш мумкину пирнинг уйи томонга оёқ узатишни гуноҳ деб ҳисоблаш ҳам шундай.

Ўз навбатида сохта тариқатчи тарафдорлари томонидан турли фарқаланишлар ва анъанавий ислом тамойилларининг бузилиши ҳолатларини ҳам кўриш мумкин. Расмий имомлар томонидан шариатнинг бузилишига боғлиқ жиҳатларга эътироз билдирилган. Шунингдек, уламолар томонидан раддиялар берилган.

Жумладан, улар ўз маслакдошларидан бошқаларнинг диний ёки дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмасликка ҳаракат қилиш, ясама (тилла, кўмиш) тиш қўйган имомнинг таҳорати мукаммал бўлмайди деб ҳисоблаб, уларнинг оркасида намоз ўқимаслик, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас деган иддаолар, жамоат намозларидан кейин Қуръони карим тиловатини макруҳ деб билиш, чап қўл билан синдирилган нонни емаслик, пири йўқнинг пири шайтон деб ишонтириш, пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилиши тарғиб қилиш, қўл берган одамнинг зиммасидан қазо бўлган (қолдирилган) намозларнинг соқит бўлиши, кечаси ўқиладиган таҳажжуд намозини фарз даражасига кўтариш, қўл ювгандан сўнг уни сочиққа артмаслик, сочни қириб юриш, узун соқол қўйиш, салласиз намоз ўқимаслик, калта иштон ва узун кўйлак кийиш, ички кийим киймаслик, пайпоқсиз намоз ўқимаслик, маҳси-ковушда юриш, мурид бўлмаган бошқа мусулмонларга нисбатан паст назар билан қараш ва уларни камситиш, жума намозига чиқмаслик, жамоъат намозини ўз тарафдорлари билан уйда ўқиш, ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқимаслик, муридидан бошқа кишининг тўй-маракаларига бормаслик, намоз ўқимайдиган одамнинг таомини емаслик, расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик, расмий   имомлар   фаолиятига   нисбатан   ошкора   норозиликларини
билдириш каби хислатлари билан ажралиб туришади.

Бу каби илмсизлик билан ўйлаб чиқилган тариқат кишиларни ҳидоят нуридан узоқлаштириб, ғофиллик ботқоғига ботирмоқда. Улар ўзларининг номақбул хатти-ҳаракатлари билан муқаддас динимиз шаънига доғ туширмоқдалар. Улар асл моҳиятдан узоқлашиб, ҳатто Қуръони карим ва суннати набавий асосида ташкил топган ислом шариатига ҳам тажовуз қилмоқдалар.

Бунинг олдини олиш учун бирламчи ислом манбалари асосида тариқатчиларнинг шариатга ва ижтимоий қонунларга зид бўлган амалиётларини фош этиш, жойлардаги нуфузли имомлар билан тариқатчилар ўртасида мулоқотларни ташкил этиш ва мавжуд зиддиятлар, тушунмовчиликни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, Ўзбекистон мусулмонлари  идораси вакиллари билан ҳамкорликда вилоят, туман ҳудудида фаолият олиб борадиган
тариқат раҳнамолари ва вакиллари билан ишлашни йўлга қўйиш, маҳалла оқсоқоллари,  маслаҳатчилар ва имомлар томонидан тариқатга кирган ёшларни ўз оилаларини ташлаб пирнинг хизматига кетиб қолишлари, таркидунёчиликка берилишилари, фарзандларини дунёвий таълимдан четлатишларини олдини олиш бўйича мунтазам ишлар олиб бориш зарур.

Тўғри, тариқатчилар Ўзбекистоннинг хавфсизлигига таҳдид солмайдилар. Бироқ тарафдорларнинг кўпайиши, моддий базанинг мустаҳкамланиши, тариқатлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг чуқурлашуви жиддий ижтимоий ва сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак.

 

Интернет материаллари асосида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби

Усмонали ОРОЛОВ

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид