Соқчининг вафотига сабаб бўлган ваъда

Соқчининг вафотига сабаб бўлган ваъда

imon.uz 2024-03-01 01:30:28 623

Подшоҳ кечқурун қаҳратон совуқда қасрга қайтди. Эшик олдида юпқа кийим кийган кекса қўриқчини кўриб қолди. Подшоҳ унга яқинлашиб сўради: «Совуқ қотмаяпсизми?»

Қўриқчи: «Ҳа совуқ қотяпман, лекин иссиқ кийимим йўқ. Шунинг учун совуққа чидашдан ўзга иложим йўқ», деб жавоб берди.

Подшоҳ унга: «Ҳозир қасрга кириб, бирор ходимимдан сизга иссиқ кийим олиб келишини буюраман», деб ваъда берди.

Кекса қўриқчи подшоҳнинг ваъдасидан хурсанд бўлди. Лекин подшоҳ қарсга киргач, берган ваъдасини унутди.

Эртаси куни тонгда, кекса қўриқчи қаттиқ совуқ туфайли ҳаёт билан видолашди. Унинг ёнида совуқдан титраган қўллар билан ёзилган мактуб турар эди. Унда шундай деб ёзилган эди: «Эй подшоҳ, ҳар кеча бирор инсондан ҳеч нарса умид қилмай совуққа бардош берар эдим. Лекин сизнинг иссиқ кийим ҳақида берган ваъдангиз менинг қувватимни суғуриб олди ва ҳалок қилди».

Хулоса

Бошқаларга ваъда бераётганингизда аслида уларга тасаввур қилганингиздан-да кўпроқ нарса бераётган бўласиз. Шундай экан, берган ваъдангизга хилоф қилманг! Агар ваъдангизни бажармасангиз, бу билан қанча нарсани вайрон қилаётганингизни билмайсиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَلاَ تَقْرَبُواْ مَالَ الْيَتِيمِ إِلاَّ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّى يَبْلُغَ أَشُدَّهُ وَأَوْفُواْ بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْؤُولاً
 

... Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд сўралажак нарсадир» (Исро сураси, 34-оят).

 

Аҳдга вафо қилиш якка шахслар ва жамоалар орасидаги ўзаро ишонч, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликнинг асосидир. Исломда якка шахслар, жамоалар, халқлар ва давлатлар орасида аҳдга вафо қилишга алоҳида эътибор берилади. Аҳдга вафоли бўлишда инсоният тарихида ҳеч ким мусулмонларга тенг келган эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни берган аҳдига ва ваъдасига вафо қиладиган бандалардан айлаб, ваъдага хилоф қилишдан асрасин!

Манба: «Ал-Мутанаббий» саҳифаси

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид