Тахмондаги жойнамоз

Тахмондаги жойнамоз

Mimon.uz 2020-12-04 06:03:54 743

Тахмондаги жойнамоз

Бир кун тушларимга кирдилар отам,

Менга мунгли боқар эди кўзлари.

Ненидир сўзларди менга оташин,

Афсус етмас эди менга сўзлари.

 

Унга етмоқ учун чўздим қўлларим,

Етолмадим, қанча бўлса хам яқин.

Тушумда бўлса хам армон захмидан,

Кўзимда ёш, онгда чақнарди чақин.

 

Уйғониб кетибман, боқдим, тонг маҳал,

Ёстиқ ҳўл, кўзларим ҳам эди намли.

Таскин бердим ўзга–тушга отаси,

Кирган менингдайин фарзандлар камми.

 

Хайр–эҳсон бердим отам руҳига,

Қори-ю муллолар қилди тиловат.

Эҳсонда юзлашиб қондош жигарлар,

Қалб хам топди оз-моз халоват.

 

Ухладим, тушимга кирди яна отам,

Ҳамон ўша–ўша мунгли кўзлари.

Ҳамон сўзлар эди менга оташин,

Ҳамон етмас эди менга сўзлари.

 

Қийналиб уйғондим, яна тонг маҳал,

Не қилмоқлик керак, отамдир хафа.

Соғинган отамнинг мунгли кўзлари,

Руҳим эзиб дилга соларди жафо.

 

Турдим-у ҳам ғусл-у таҳорат айлаб,

Отам ётган уйга қўйдим қадамлар.

Намоз ўқир эди шу уйда отам,

Овози ҳуш эди, ҳушдур у дамлар.

 

Мана отам суйган эски жойнамоз,

Тахмонда тахланиб турибди маюс.

Тахланган жойнамоз тахини бузмоқ,

Ҳаёлга келмабди афсус-минг афсус.

 

Жойнамозни ёзиб намоз бошладим,

Ўқирдим, кўзимдан оқар эди ёш.

Мен роҳат қилардим, бахтни туярдим,

Саждадан кўтаргим келмас сира бош.

 

Азиз отам, мушфиқ онам хаққига,

Намоздан сўнг, тиловат, дуолар қилдим,

Қушдайин енгиллаб, ўрнимдан туриб,

Жойнамозни секин жойига илдим.

 

Шу тун яна тушимга кирдилар отам,

Севинчдан кўзлари хўп эди нурли.

Олдида турфа хил жаннати неъмат.

Бошда тож, безалган ёқут-у дурли.

 

Олдига бордим мен, менга боқдилар,

Хах болам–деб елкамга секин қоқдилар,

-Шунча пайт кутдим-а, ушбу кунни мен,

Тингла–деб менга бир сўз айтдилар!

 

-Болам бизлар учун мингта эҳсондан,

Намоздан сўнг қилинган бир дуо яхши.

Намоз эрур болам сен ёдингда тут!

Қанча амал бўлмасин, барчасин нақши.

 

Шундан бери қачон ўқисам намоз,

Руҳим ором олар–неъмати Худо.

Ҳар ким ҳар нарсани сўрар Аллоҳдан,

Мен-чи мудом шундай қиламан дуо.

 

Аллоҳим–тилайман ҳеч бир жойнамоз,

Тахмонда тахланиб қолиб кетмасин.

Олим, обид, ориф зотлар кўпайиб,

Жойнамозлар узра жойлар етмасин!

 

Фориш тумани бош имом-хатиби

Рустам НИШОНОВ 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид