130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
“ТАКФИР”га қўшилмаймиз ва унга қаршимиз! (2-қисм)
imon.uz 2021-10-29 08:21:58 207“Баҳр ар-роиқ”даги иборалардан биз муҳим нарсаларни билиб оламиз. Одатда фатво тўпламларида “алфози куфр”лар, яъни одамни куфрга олиб бориладиган амал ва сўзлар зикр қилинади-да, “бундай деса, кофир бўлади, ундай деса, кофир бўлади”, деганга ўхшаш масалалар қаторлаштириб келтирилаверади. Бу мавзуни барча фатво тўпламларида учратиш мумкин. Бироқ, “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтмоқдаларки, уларга асосланиб, бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Зотан, куфр масалалари фиқҳий тўпламларнинг иши эмас, балки ақида китобларининг вазифасидир. Ақида китобларнинг барчасида эса умумий ва мутлақ тарзда: “Қиба аҳлини, яъни Каъбатуллоҳни қибла деб эътиқод қиладиган, намоз ўқийдиган, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқармаймиз!”, деб келтирилган. Ушбу мазмунни биз “Баҳр ар-роиқ”даги бошқа ўриндаги гаплардан билиб оламиз:
واعلم أن الحكم بكفر من ذكرنا من أهل الاهواء مع ما ثبت عن أبي حنيفة والشافعي من عدم تكفير أهل القبلة من المبتدعة كلهم محمله على أن ذلك المعتقد نفسه كفر، فالقائل به قائل بما هو كفر وإن لم يكفر بناء على كون قوله ذلك عن استفراغ وسعه مجتهدا في طلب الحق
“Билгинки, аҳли ҳаво тўғрисидаги биз зикр қилган кимсаларнинг куфрига ҳукм бўлган эди, бироқ, Абу Ҳанифа ва аш-Шофиъийдан собит бўлганига қараганда, бидъатчиларнинг ҳаммасидан қибла аҳлини кофирга чиқармаслик лозим. Бу эса ушбу эътиқодларнинг ўзигина куфр эканлигини билдиради, холос. Демак, уни айтувчиси куфр гапни айтган бўлади, гарчи уни кофир дейилмаса ҳам! Бу унинг гапи мужтаҳиднинг ҳақни талаб қилишида имконияти етарли бўлганига биноан айтилгандир” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1893. – Б. 371).
“Баҳр ар-роиқ”даги ушбу фикрни Али ал-қори (р.ҳ.) айнан такрорлаган (Али ал-қори. Шарҳ Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 139).
Юқоридаги ибораларни бундай тушуниш лозим: фатво китоблари ва фиқҳий манбаларда алфози куфрлар, куфр бўладиган ишлар, эътиқодлари куфрга кетган кимсалар тўғрисида хабар берилади. Бироқ, булардаги иборалардан ўша гап ёки ишларнинг куфр сўз ёки куфр иш эканлиги билинади, холос. Шахсларга келганда, муайян одамни кофирга чиқариш ҳақида гап кетганда бу гаплар ўтмайди. Чунки, аҳли сунна ва жамоанинг, айниқса, унинг энг улуғ вакиллари Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ) ва Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг гапларига кўра, “Биз қибла аҳлини асло кофирга чиқармаймиз!”. Бирор муайян шахс ёки бирор жамоа китобларда кўрсатилган куфр гапни айтган ёки куфр ишни қилган бўлиши мумкин, бироқ, улар асло кофир дейилмайди. Зотан, мужтаҳид имомларнинг куфр сўзни айтган ёки қилган кимсани кофир дейишга илми, имконияти етарли бўлса ҳам, лекин бундай ишни қилган эмаслар.
“ал-Ҳидоя”нинг энг яхши шарҳи ҳисобланган “Фатҳ ал-қадир”да Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) айтишича, бизнинг қибламизга эътиқод қиладиганларнинг ҳеч қайсинисини кофирликда айбламаганимиз боис ҳатто бирорта мужтаҳид имомларимиз мусулмонларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаб келган хаворижларни кофир деб ҳукм чиқармаганлар, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларини сўкадиганларни кофир санамаганлар. Чунки, уларни таъвил қилиш мумкин, уларга шубҳа билдириш мумкин. Фақиҳлардан бошқаларнинг эса гапларининг эътибори йўқ, улар эса мужтаҳидлардир (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 4-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 409)
Имом Аҳмад ибн ал-Ҳанбал (р.ҳ.) мўътазилийлар томонидан “меҳна”га тортилган, “Қуръон махлуқ – яратилган” деган гапни айтасан, деб зиндонга ташланган, ҳар куни дарра уриб турилгани кўпчиликка маълум. Шу ҳолатда ҳам ул зот “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у яратилган эмас”, деган соф эътиқодидан қайтмаган. Бироқ, уни зиндонга ташлаганларни, ҳар куни дарра урган ва урдирганларни кофирга чиқармаган. Ул зот бундай деганлар:
وكل من لم يقل من أصحابنا بتكفير أهل الأهواء من أهل القبلة فإنه يحمل قول السلف رضي الله عنهم في تكفيرهم على كفر دون كفر
“Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Салафларнинг кофир деганлари топилган бўлса-да, “куфр бўлмаган куфр”ни айтганлигига нисбат қилинади (Байҳақий, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, 1/66).
Ҳанафийларнинг ишончли фиқҳий манбаларидан бўлмиш “ад-Дурр ал-мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор”да қуйидагилар битилган:
و اعلم انه لا يفتى بكفر مسلم أمكن حمل كلامه على محمل حسن (ظاهره انه لا يفتى به من حيث استحقاقه للقتل و لا من حيث الحكم ببينونة زوجته…أى لا يحكم بكفره لامكان التأويل … و لكن يمكن التأويل بان مراده اخلاقه الردييئة و معاملته القبيحة لا حقيقة دين الاسلام فينبغى ان لا يكفر حينئذ) او كان فى كفره خلاف و لو كان ذلك رواية ضعيفة (قال الخير الرملى أقول و لو كانت الرواية لغير اهل مذهبنا و يدل على ذلك اشتراط كون ما يوجب الكفر مجمعا عليه) كما حرره فى البحر و عزاه فى الأشباه الى الصغرى و فى الدرر و غيرها اذا كان فى المسئلة وجوه (اى احتمالات) توجب الكفر و واحد يمنعه فعلى المفتى الميل لما يمنعه (عن التاترخانية انه لا يكفر بالمحتمل) ثم لو نيته ذلك فمسلم و الا لم ينفعه حمل المفتى على خلافه (اى و ان لم تكن له نية ذلك الوجه الذى يمنع الكفر بان اراد الوجه المكفر او لم تكن له نية اصلا لم ينفعه تأويل المفتى لكلامه و حمله اياه على المعنى الذى لا يكفر كما لو شتم دين مسلم و حمل المفتى الدين على اخلاق الرديئة لنفى القتل عنه فلا يمنعه ذلك التأويل فيما بينه و بين ربه تعالى الا اذا نواه)
“Билгинки, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маъносига йўйиладиган бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Аниғи шуки, уни қатл қилишга ва хотини талоқ бўлди, деб ҳукм қилишга фатво бериб бўлмайди. Яъни, таъвил (таъбир) имкони бўлса, унинг куфрига ҳукм қилинмайди. Ёки таъвил шундай мумкин бўлсаки, шу гапни айтганнинг мақсади дини исломнинг ҳақиқати эмас, балки ўзининг ёмон хулқидан келиб чиққан ёхуд қабиҳ муомаласи сабабли бўлган, дейиладиган бўлса, ана шу вақтда кофирга чиқармаслик лозим бўлади! Унинг куфрида ихтилоф бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Агар битта заиф ривоят бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Хайриддин ар-Рамлий: “Агар ана шу биздан бошқа мазҳаб аҳлининг ривояти ўшанга суяниб, такфирга фатво бермайди”, деган. Бу шунга далолат қиладики, куфрга сабаб бўладиган фатво ижмоъ қилинган бўлмоғи керак. Бу “Баҳр”да ёзилган, “ал-Ашбоҳ ван-назоир”да буни “Фатовойи Суғро”дан иқтибос қилиб олинган.
“Дурар ал-ҳукком”да ва бошқа китобларда бундай келтирилган: бировнинг кофирлигига бир қанча важҳлар, яъни эҳтимоллар бўлса, биттаси уни тўсадиган масала бўлса, муфтийга ўша битта масалага майл қилиши лозим бўлади. “Фатовойи Таторхония”дан келтирилганки, ҳар хил эҳтимоллар билан бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Сўнгра, унинг нияти мусулмонлик бўлса, демак, у мусулмондир. Акс ҳолда, муфтийнинг уни оқлаб чиқарган фатвосининг фойдаси бўлмайди. Яъни, у куфрни тўсадиган томонга нияти бўлмаса, унинг ўзи ана шу куфрни хоҳлаб турса ёки нияти бўлмаса, муфтийнинг унинг гапини таъвил қилиши (оқлови) ва уни кофир эмас деб чиқарган фатвоси фойда бермайди. Масалан, мусулмоннинг динини сўкса, дин муфтийси уни ўлдирмаслик учун гапини ёмон бадхулқликка йўйса, муфтийнинг бу таъвили уни Аллоҳ таоло олдидаги масъулиятини йўққа чиқара олмайди. Фақат у мусулмонликни ният қилиб айтган бўлса, бошқа гап, унда асло куфрига фатво бериб бўлмайди” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 367-368)
Юқоридаги иборалардан биз “такфир” – мўъмин-мусулмонни кофирга чиқариш нақадар хатарли иш эканини билиб оламиз. Соф исломий ақида, ҳаққоний аҳли сунна ва жамоа, мотридийлик ва ашъарийликнинг асли “такфир”дан сақланишдир. “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтганидек, ўзига-ўзи ҳеч кимни кофир демасликка қасд қилишдир. Али ал-қори (р.ҳ.) учта асарида ёзганидек, бировнинг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлса ҳам, кофир эмаслигига битта далил топиб туриб, уни кофир демасликдир! Бундан огоҳ бўлайлик! Дунёнинг турли тарафларида “такфир”чи жамоалар бор, “такфир”чи жамоалар тегирмонига сув қуйиб турганлар бор. Билингки, “такфир” бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмнинг асосини ташкил қиладиган бўлиб қолди. Улар, аввало, мўъмин-мусулмонларни, айниқса, олиму уламоларни кофирга чиқариб оладилар. Бу эса уларга оммавий қирғин-баротлар, муайян шахсларни жисмонан йўқ қилишлар, элу юртда танилган обрўли инсонларнинг обрўларини туширишга, уларни кофирга, бидъатчига, йўлдан озганга чиқаришга уринишлар, мусулмонларнинг раҳбарлари ва тузумларини барбод қилишларга замин бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам огоҳ бўлишимиз керак, эҳтиёт бўлишимиз зарур!
Биз “такфир”га қўшилмаймиз, уни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаймиз ва унга мутлақо қаршимиз!
Интернет
материаллари асосида
Бахмал тумани бош имом-хатиби
Маматқулов Раҳмонқул тайёрлади