130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Таом ейишдаги суннатлар
imon.uz 2024-07-12 01:41:48 366Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин», – дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммо, у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», – дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар», – деди».
Учовлари ривоят қилишган.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен ёнбошлаган ҳолимда емайман», – дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларини ерга текказиб чўнқайиб ўтириб, хурмо тановул қилаётганларини кўрдим».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар.
«Ейиш-чи?» – дейилди.
«У яна ҳам ашаддийроқ», – дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида:
«У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз таом еса, лаганнинг уст томонидан емасин. Лекин паст томонидан есин. Чунки, барака унинг уст томонидан нозил бў-лур»,– дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Барака таомнинг ўртасидан нозил бўладир. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», дейилган.