Таровеҳ намози (2-қисми)

Таровеҳ намози (2-қисми)

imon.uz 11-03-2024 189

Ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ва уни жамоат бўлиб ўқишни саҳобаларга суннат қилиб қолдирдилар. Лекин улар билан йигирма ракъат ўқимадилар. Ваҳоланки, Умар даврларидан ҳозирга қадар таровеҳ йигирма ракъат ўқиб келинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал масжидга чиқиб таровеҳни ўқиганларида, масжидда одам кўпаяверди. Учинчи бор чиққанларида масжидга одам сиғмай қолди. Шундан сўнг умматга таровеҳнинг фарз бўлиб қолишидан қўрқиб чиқмадилар. Бошқа бир ривоятларда шу хусусда ҳадислар келган.

Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларни Рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракъат қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Умардан кейинги Усмон ва Алийдек хулафои рошидинлар ҳам бу амални тўхтатишмади. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг қаршисида ҳаргиз сабр қилиб, томошабин бўлиб туришмаган, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: «Менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий (яъни ҳидоят, тўғри йўлдан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар, уни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракъатдир. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунча давом этади. Таровеҳ намозини витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракъатдан ўқилади, ҳар тўрт ракъат ўқилгач, истироҳат учун бир оз ўтирилади. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди.

Бизнинг диёрларда ушбу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:

«Субҳаана зил мулки вал малакуут, субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрийааи вал жабаруут. Субҳаанал маликил ҳаййиллазий лаа ямуут. Суббууҳун қуддуусур Роббунаа ва Роббул малааикати вар-рууҳ, Лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ, нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».

Маъноси: «Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, қудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, бизнинг Роббимиздир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннат сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм қилиш ҳам Рамазон ойининг суннат амалларидандир. Имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малолланса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Таровеҳда Фотиҳадан кейинги зам сурани битта узун оятдан ёки учта қисқа оятдан кам ўқиб қўйиш таҳримий макруҳ ҳисобланади, чунки бунда вожибни тарк қилиш бор.

Таровеҳнинг ҳар икки ракъати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва «Аъузу...», «Бисмиллаҳ...»лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча салавот, дуоларни ҳам қўшилади ва ҳоказо.

Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўлатуриб ўтириб ўқиш ҳам дурустдир. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўлатуриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади.

Таровеҳ намозини масжидда адо қилган маъқул. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир.

Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди, чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хосланган. Мабодо бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди.

Таровеҳ намози рўзанинг суннати эмас, балки Рамазон ойидаги суннат амаллардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг қалқони китобидан)

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид