ТАВАККАЛ ҚИЛИШДАН НЕГА ҚЎРҚАМИЗ?

ТАВАККАЛ ҚИЛИШДАН НЕГА ҚЎРҚАМИЗ?

imon.uz 2024-12-23 11:17:26 4


عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللَّهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا تُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا » (رواه الترمذي)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қила олганингизда эди, худди эрталаб инидан бўм-бўш чиқиб кетган қуш кечки пайт тўлиб-тошиб қайтиб келиши каби ризқлантирилар эдингиз”» (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки бу жониворлар ризқ Аллоҳдан эканини билади. 

Биз-чи? Шу қушларчалик Раббимизга таваккал қила оляпмизми? 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ояти каримадаги “дааббатун” сўзи “ўрмалаб юрувчи нарса” деган маънони англатади. Ушбу сўз барча тирик мавжудотни ўз ичига олади.

Айрим уламолар: “Ризқ фақат ҳалолдан бўлиши керак. Ҳаром нарсалар бандага ризқ эмас”, дейишган. Аммо Аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу оятни далил қилиб: “Ҳаром нарсалар ҳам бандага ризқдир. Акс ҳолда, бир умр ҳаромдан касб қилганлар (масалан, ўғри, рибохўрлар) ризқдан бенасиб бўлар эдилар”, дейишган.

Ибн Уйайна: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирор жонзот ўз ризқини захира қилиб сақлаб қўймайди”, дейди.

Ҳадиси шарифларда ҳам ризқ Аллоҳдан экани очиқ-ойдин баён этилган. Хусусан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар! Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар» (Имом Табароний ривояти).

Мазкур ҳадис бугунги кун учун ҳам жуда долзарб. Негаки, маъмурчилик даврида кўпимиз Аллоҳга таваккал қилишни унутиб қўйдик. Бунинг оқибатида юртимизда имконият, шароит бўла туриб, ризқимизни чет эллардан қидира бошладик. Қонуний йўллар бўла туриб, бошқа чоралар ахтариш сабабли айрим кишилар ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолаётгани ҳам сир эмас.

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда. Бунинг учун фақат ихлос керак.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид