Тиловат саждаси

Тиловат саждаси

imon.uz 18-05-2020 1253

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Қачонки Одам боласи сажда оятини тиловат қилганидан сўнг сажда қилар экан, шайтон ўзини четга олиб: “Одам боласи сажда қилишга буюрилди, дарҳол сажда қилди ва жаннатий бўлди. Мен сажда қилишга буюрилганимда сажда қилмадим, дўзахий бўлдим”, деб йиғлайди”.

         Имом Муслим ривоят қилган.

         Мазҳабимиз уламолари тиловат саждаси вожиблигига ушбу ҳадисни далил қилишган. “Бадоеъус саноеъ”да: “Қоидага биноан, қачонки бир ҳаким-донишманд зот донишманд бўлмаган бировнинг гапини келтириб, бу гапнинг изидан уни инкор қиладиган бирор раддия бермаса, бу ўша гапнинг тўғрилигига далолат қилади. Ушбу ҳадис Одам боласи сажда қилишга буюрилганига далолат қилмоқда. Мутлоқ буйруқ буюрилган ишни бажариш вожиблигини англатади. Усмон, Али, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинишича, улар тиловат саждасининг вожиблигига далолат қиладиган турли лафзлар билан: “Сажда оятини тиловат қилган, эшитган ва ўша мажлисда ўтирган кишиларга тиловат саждаси вожибдир”, деб айтишган.

Тиловат саждаси, намоз саждаси ва саҳв саждаси каби вожиб амал бўлганлиги боис уни намозда ҳам бажарилади. Зеро, намозда қасддан зиёда нафл сажда қилиш бизнинг мазҳабимизда макруҳ, баъзи мазҳабларда эса намозни бузувчи саналади. Ибн Қудома “Муғний”да уларнинг мазҳабидаги қиёс қоидасига кўра, намозда тиловат саждаси қилиш намозни бузишини айтган. Чунки, уларнинг мазҳабида у вожиб эмас, балки, суннати муаккада саналади. Бизнинг мазҳабимизда вожибдир, буни уламоларимиз китобларида очиқ баён қилишган. Имом Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъийлар тиловат саждаси вожиб эмас, балки, суннати муаккада, дейишган ва қуйидаги ҳадисни далил қилишган.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга “Нажм” сурасини ўқиб бердим, у зот сажда қилмадилар”. Муттафақун алайҳ.

Ибн Абу Шайба Ибн Ажлондан, у Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир йигит сажда сурасини қироат қилди. Шунда Пайғамбар алайҳиссаломнинг сажда қилишларини кутди. У зот сажда қилмагач, у: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бу “Сажда” сурасида тиловат саждаси бор эмасми?”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, шундай, лекин сен бунда бизнинг имомимизсан, агар сажда қилсанг биз ҳам сажда қиламиз”, дедилар”. Ровийлари ишончли, лекин мурсал ҳадис. “Фатҳул Борий” да ҳам шундай келтирилган. Унда яна шундай дейилади: “Имом Шофеъий мазкур йигит Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бўлиши мумкин. Чунки, у Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурида қироат қилгани ва сажда қилмаганини айтган. Ато ибн Ясор бу икки ҳадисни ҳам ривоят қилган”, деган.

 

Эслатма: Қуръон Каримда 14 та сажда оятлари бўлиб, улар қуйидагилар:

1.     Аъроф сурасининг 206-ояти

2.     Раъд сурасининг 15-ояти

3.     Наҳл сурасининг 49-ояти

4.     Исро сурасининг 109-ояти

5.     Марям сурасининг 58-ояти

6.     Ҳаж сурасининг 18-ояти

7.     Фурқон сурасининг 60-ояти

8.     Намл сурасининг 24-ояти

9.     Сажда сурасининг 15-ояти

10. Сод сурасининг 24-ояти

11. Фуссилат сурасининг 37-ояти

12. Нажм сурасининг 62-ояти

13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти

14. Иқроъ сурасининг 19-ояти

 

 

         “Эълоус сунан” китобидан

Усмонали Оралов таржимаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид