Тинчлик - бебаҳо неъмат!

Тинчлик - бебаҳо неъмат!

imon.uz 28-12-2019 1235

Тинчлик Аллоҳ таоло тамонидан бандаларга ато этилтаган неъматларнинг энг бебаҳо, энг зарури ҳисобланади.

Тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом дини ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримни “Моида” сураси, 32-оятида: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қарокчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса ҳудди бутун инсониятни ўлдирган кабидир»,  Нисо сураси, 93-оятида эса «Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир» деб таълим беради.

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан ким хотири жам ва жасади офиятда тонг отдириб, ҳузурида бир кунлик қути (таоми) бўлса, дунё унга мулк бўлибдир», деганлар».

Чунки тинчлик-омонлик ва сиҳатсаломатлик бўлса, ҳамма нарса топилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон, мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдирдеб марҳамат қилганлар.

Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик» «тинч­лик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда, кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аввал салом, кейин калом»,дедилар».

Чунки салом омонлик ва тинчликдир. Аввал омонлик ва тинчликни эълон қилиб, сўнг гап бошлаш лозим. Шунинг учун танигану танимаган ҳар бир кишига гапиришдан аввал салом бермоқ исломий одобнинг ажралмас қисмидир.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Биз тинч ва осуда юртда яшаётган эканмиз, бу бебаҳо неъматни қадрига етишимиз ва уни кўз қарачиғидек авайлаб-асрашимиз лозим.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид