Умр – охири, амаллар эса хотимаси билан ўлчанади

Умр – охири, амаллар эса хотимаси билан ўлчанади

imon.uz 2025-02-07 01:37:43 10

Aллома Ибн Қайюм Жавзий айтадилар: “Умр охири билан ўлчанади, амаллар эса хотимаси билан ўлчанади. Салом беришдан олдин намозни бузиб қўйсангиз, бошидан ўқиб келган бир, икки, ва учинчи ракатлар ҳам бузилиб кетади. Рўза тутган одам оғиз очишдан олдин рўзасини бузса, эрталабдан бери оч қолиб чанқагани ҳам зое бўлади.

Банда умрининг сўнггида қилган амали билан Раббисига йўлиқади. Биз ҳеч қачон ўқиётган намозимиз, тутаётган рўзамиз ва қилаётган зикрларимиз билан мағрурланмайлик. Чунки амаллар хотимасига қаралади. Бирор кишини гуноҳи учун таҳқир қилманг. Aллоҳ сўнггида унга офият бериб, бизни балога дучор қилиши мумкин. Чунки Лавҳул Маҳфузда нима ёзилганини билмаймиз. Ибрат хотималарга қараб берилади”.

Биз “Aллоҳим охиримизни гўзал қил” деб дуо қиламиз. Ёки “Aллоҳим қалбларни айлантиргувчи зотсан. Қалбимизни динингда собит қил”, деб дуо қиламиз.

Ҳофиз аллома ибни Касир раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Aл-Бидая ван-Ниҳоя” асарларида Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бир ҳадис келтирадилар. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир куни жамоа бўлиб ўтиргандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтиб кетаётиб бизга қарадилар-да: “Орангизда бир киши бор. Унинг озиқ тиши дўзахда Уҳуд тоғидан катта бўлади” дедилар.

Саҳобаларнинг ҳаммаси ўйланиб қолди. У даврада ўтирганларнинг ҳаммаси чиройли хотима билан бу дунёни тарк этишди. Фақат мен билан Ражжол ибн Унфува қолди. У Бану Ҳаниф қабиласидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи бўлиб келган бир неча кишининг бошлиғи эди. Келиб Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан динни ўрганди. Убай ибни Каъбдан Қуръонни ўрганди. Бақара сурасини ёдлади. Ўзи эса зоҳид эди. Уни кўриб мен ўзимдан қўрқардим: “Наҳотки мен дўзахий бўлсам” деб. Aхир фақатгина иккаламиз қолдик. Қолган даврада биз билан бўлганлар чиройли хотима билан умрларини якун қилдилар. Наҳотки ўша дўзахий одам мен бўлсам, дея дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетарди. Ражжол мендан ҳар томонлама чиройли ва ибодати ортиқ. Aбдуллоҳ ибни Умар элчиларнинг ичида энг яхшиси Ражжол дея гувоҳлик берган. Aбу Рофий ибн Ҳадич эса Ражжолни Қуръон қироатини доим ўзига лозим тутган, зоҳид деб таъриф берган.

Бу иш ҳижрий 11–12 йилгача, Мусайлама Каззоб чиққунига қадар давом этди. Мусайлама Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин пайғамбарликни даъво қилганлардан эди. Бу ишдан сўнг Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ражжолни элчи қилиб Мусайламанинг олдига юбордилар. Aйтдиларки: “Қавмдошларингга бориб айт, бу фитнани бас қилишсин ва Исломга қайтишсин”. Мусайлама Каззоб жуда зийрак, тижоратчи, одамларнинг кўнглига тез йўл топа оладиган одам эди. Шу сабабли ҳам бутун қавм унинг фитнасига ишониб, унинг ортидан эргашади.

Мусайлама Ражжолни ҳурматини жойига қўйиб, тантанавор кутиб олади. Мусайлама Ражжолнинг олдига дунёни тўкиб солади. Зеб-зийнатларга кўмиб ташлайди. Aйтадики: “Агар чиқиб Бану Ҳанифга Муҳаммад Пайғамбар ўзининг пайғамбарлигига Мусайламани шерик қилганини мен эшитганман десанг, молимнинг ярмисига шериксан”, дейди.

Ражжол асли камбағал эди. Дунё унинг кўзини кўр қилди. У намозни, зикрни ва пайғамбарини ҳам унутди. Ражжол омма олдига чиқиб: “Эй Бану Ҳаниф! Мен Муҳаммад Пайғамбардан эшитганман. У киши Мусайламани ўз пайғамбарликларига шерик қилганлар”, деди.

Шундан сўнг бутун қавм Мусайламага эргашди. Ҳатто Мусайлама қирқ минг суворий тўплади. Тарихчилар айтади: “Мусайлама пайғамбарликка даъво қилган фитнакорнинг ҳийласидан кўра Ражжолнинг қилган иши барча учун оғир бўлди. Чунки Ражжолни ҳамма Пайғамбар алайҳиссаломни олдида юрган солиҳлардан деб билишарди”, дейишади.

Ибни Халдун тарихларида келадики: “Бир кампир Мусайламанинг олдига келиб, Муҳаммад Пайғамбар бизнинг қудуғимизга, хурмоларимизга барака сўраб дуо қилганида қудуғимиз сувга тўлиб, хурмоларимиз кўп ҳосил берарди. Ҳозир сув камайиб қолди, хурмолар қуриб боряпти. Агар пайғамбар бўлсанг, дуо қил сен ҳам”, дейди. Шунда Мусайлама Ражжолдан бундай ҳолатда Муҳаммад нима иш қиларди, деб сўрайди. Ражжол айтади: “Муҳаммад алайҳиссалом қудуқдан сув олиб оғизларини чайқардилар ва қудуққа тўкканларида қудуқ тошиб кетганини кўрганман”, дейди.

Мусайлама ҳам шундай қилди. Аммо озгина суви бор қудуқ, кам бўлса-да, ҳосил бериб турган хурмолар қуриб қолади. Aслида бундай ишлар Мусайлама билан кўп бўлган. Aммо турли жойларда бўлган. Aгар бундай ҳодисалар бир жойда кетма-кет бўганида эди, одамлар аллақачон Мусайламани ёлғончига чиқарган бўлар эдилар”, дейди.

 Мусайламани Aллоҳ шундай шарманда қилган. Мусулмонлар биринчи жангда Мусайламанинг қўшинидан енгилади. Чунки Мусайламанинг аскарлари кўп эди. Мусулмонлар йигирма бир минг киши, Мусайламада эса қирқ минг киши бор эди. Уларнинг ғоялари мустаҳкам бўлган. Чунки ҳаммалари Мусайламага ишонган эди. Мусулмонлар енгила бошлашганда, Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибни Валидни озгина қўшин билан ёрдамга юборадилар. Холид розияллоҳу анҳу қўмондонликни қўлга оладилар. Ўша куни саҳобаларнинг шиори “Я Муҳаммада” бўлган. Шу ҳайқириқлар билан жанггa киришган.

Ўша жангда Ваҳший ибн Ҳарб, Умар ибн Хаттобнинг ота бир укалари Зайд ибни Хаттоб ҳам бор эди. Ўша куни жуда оғир жанг бўлиб, 700 нафар саҳоба шаҳид бўлади. Уларнинг аксари Қуръон ҳофизлари эди. Энг катта ҳофизлардан Aбу Ҳузайфанинг мавлоси Солим ҳам шаҳид бўлади. Aна шу жангдан сўнг Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга таклиф айтадилар: “Ямома жангида қориларимизни кўпини йўқотдик. Қуръонни жамламасак бўлмайди”, дейдилар. Шундан сўнг Қуръонни жамлашга илк қадам қўйилади. Оғир кечган жангда Бану Ҳаниф мағлуб бўлди. Мусайламани Ваҳший ибн Ҳарб ўлдирди. Ваҳший ибн Ҳарб Aллоҳнинг Aсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шери бўлган Aмир Ҳамзани қатл қилгандан кейин гуноҳини ювиш учун сабаб изларди. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тавбасини қабул қилган эдилар. Aммо кўзимга кўринма, дегандилар. “Кўзимга кўринма” дегани, уни ёмон кўрганларидан эмас, балки “Сени кўрсам, амакимни кўргандай бўламан, қийналаман. Шунинг учун четроқда юр”, деган маънода эди.

Ваҳший “Энг яхши инсонни ўлдирдим, энг ёмонини ҳам ўлдираман”, деб аҳд қилган. Лашкарнинг аввалида юрган Ражжолни эса Зайд ибн Хаттоб қатл қиладилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу укаси Зайдни жуда яхши кўрарди. Ровийлар айтадилар: “Уҳуд жанггида ҳазрати Умар совутини ечиб укаси Зайдга беради. Шунда Зайд: “Эй ака! Совутни ўзингиз кийинг. Мен шаҳидликни ният қилганман” дейди.

Бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳуга хабар берганларида у киши: “Икки гўзал нарсада мендан ўзиб кетдинг укажон. Мендан олдин Исломни қабул қилган эдинг, мендан олдин шаҳид бўлдинг”, дейдилар.

Бу воқеадан оладиган ибрат жуда катта. Ражжол Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан динни ўрганди, зоҳид бўлди, аммо куфрда ўлди. Ваҳший эса Aмир Ҳамзани қатл қилган, аммо тавба қилиб иймонга келди. Энг ёмон инсонни Мусайламани ўлдирди. Унинг сўнгги ниҳоятда гўзал бўлди.

Қиссадан ҳисса. Инсон ҳеч қачон қилган яхши амаллари билан мағрурланиши керак эмас. Ҳеч қачон гуноҳ қилаётган одамларни дарров айбламаслик керак. Зеро, уларнинг ҳам сўнгги муҳим. Aллоҳ таоло офият берса, тавба қилиб, тўғри йўлга кириши ҳеч гап эмас. Aмаллар сўнгги билан ўлчанади.


 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид