Устозга тобеликда ҳам чегара бор (2)

Устозга тобеликда ҳам чегара бор (2)

imon.uz 25-10-2024 164

ТОБЕЛИК ЧЕГАРАСИ

Талабаларга одоб-ахлоқ мавзусидаги дарсларда кўпинча ўқувчиларнинг устоз олдидаги масъулиятлари, устоз хузуридаги итоаткорлик, устознинг қадри ва фазилатларини ёритишга зўр берилади. Устозга тобе бўлишда айрим истисноли ҳолатлар ҳам мавжудлиги эса аксар ҳолда назардан четда қолиб кетади. Толиби илм ҳақ билан ботилни ажратишда эркин фикрловчи бўлиб камол топиши учун эса ўша истисноларни ҳам унга алоҳида таълим бериш аслида устознинг вазифасидир.

Ифрот ва тафритдан йироқ динимиз ҳар соҳада мўътадилликка чақириб, муайян меъёрдан чиқмасликни уқтиради. Белгиланган чегарадан чиқиб ҳаддан ошганларни эса, адашиб залолатга юз тутишларидан огоҳлантиради. Устознинг қадри ғоят улуғ, бунга шубҳа йўқ. Айниқса, инсоннинг икки дунё саодатига эришишида муҳим ўрин тутувчи диний устозларнинг ҳаққи янада буюк. Бироқ, шуни назардан четда қолдирмаслик керакки, устозга тобеликда ҳам чексизликка йўл йўқ! Ҳа, устозга эргашида ҳам чегара бор. Чегара бўлганда ҳам шахсан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари белгилаб берган илоҳий чегара!  Яъни, Расулуллоҳнинг:

لا طاعة في معصية إنما الطاعة في المعروف

“Аллоҳга осий бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди. Итоат фақат яхши ишлардадир!”—деган сўзлари устозга итоаткорликнинг шаръий чегарасидир!

Уммат муаллими бўлмиш Расулуллоҳнинг бу муборак ҳадисларини имом Бухорий бобомиз саҳиҳ тўпламида  7257 рақами билан, имом Муслим ҳазратлари эса, 1840 рақами билан қайдга олган. Имом Зарнужий “Таълим ул-мутааллим”да “илм ва илм аҳлини қадрлаш” ҳақидаги фаслда худди шу ҳадисга таяниб шундай дейди:

فالحاصل: أنه يطلب رضاه، و يجتنب سخطه، و يتمثل امره في غير معصية الله تعالى، فإنه لا طاعة لمخلوق في معصية الخالق، كما قال النبى صلي الله عليه و سلم: إن شر الناس من يذهب دينه لدنيا غيره بمعصية الخالق.

«Хулласи калом, ўқувчи устозини рози қилиш пайида бўлиб, уни ҳафа қиладиган ишлардан ўзини тийиши керак бўлади. Ва яна, Аллоҳга осий бўлмайдиган ҳолатларда унинг барча буйруқларига бўйсуниши лозим бўлади. Чунки, Яратувчи Эгамга гуноҳкор бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Инсонларнинг энг ёмони—бировнинг дунёвий истаги йўлида Холиққа осий бўлиш ила динини ўзидан четлатганлардир!». (Имом Зарнужий. Таълим ул-мутааллим. 27/Б. Ад-дор ас-савдонийя лил-кутуб. 2004 м).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар:

«ويل للأتباع من عثرات العالم» قيل: كيف ذلك؟ قال»يقول العالم شيأ برايه، ثم يجد من هو اعلم برسول الله منه، فيترك قوله ذلك، ثم يمضي الأتباع»

Олимнинг хатоларига эргашганларга вайл бўлсин!” У кишига савол қилинди: қанақасига ундай бўлади? у киши айтдилар: “олим ўз райига таяниб бирон фатво айтади-да, кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини яхшироқ биладиган олимни кўрганда ундан хатосини тўғрилаб олади. Унга эргашганлар эса хато эътиқодида давом этаверишади…” (Байҳақий. “Мадхал”. 835-836. Ибн Абдулбар. “Ал-Жоме”. 1877).

Демак, устозга фақат Аллоҳ ва унинг Расули таълимотига, аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мувофиқ ҳолатлардагина эргашилар экан. Аксинча вазиятларда эса эътиқод ва динни соғлом сақлаш учун устоз йўлидан четга чиқиш вожиб бўлади!

Қаранг, тасаввуфий олим Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ “Бариқа”нинг шарҳида “тил офатлари”га бағишланган бобда бу масалага алоҳида урғу беради:

و من التوقير عدم تبعية زلة المعلم و هفوته و يحمل ما سمع منه من الهفوات على احسن المحامل و التأويلات

«Муаллимининг хато ва янглиш фикрларига эргашмаслик ҳам аслида унга нисбатан (беадаблик эмас аксинча унга) таъзим ҳисобланади! Шунингдек, ундан эшитган хато фикрларни гўзал таъвиллар ила зоҳиридан бошқа маънога йўйиш ҳам устозни улуғлашликдандир!».

Шунингдек, Муҳаммад Ходимий шогирднинг одобига доир билдирган насиҳатига кўра, устоз хатога тушиб қолганда жимгина четга чиқиб олиш ҳам яхши эмас. Дилини ранжитар даражада қўполлик билан унга очиқча раддия қилиш ҳам тўғри эмас. Балки устознинг нотўғри қарашларини унинг шахсиятига оғир ботадиган сариҳ сўзлардан қочиб, кинояли иборалар билан унинг фикри хато эканига шама қилиш йўли билан билдирилади. (Қаранг: Муҳаммад Ходимий. Бариқа. 3 – Ж. 317 – Б).

УСТОЗ ҲАМ АДАШАДИМИ?

Устозларини гўё пайғамбарлик мақомига олиб чиқиб олган мутаассибларга “устозга эргашиш лозим, бироқ унинг хато фикрларига қўшилиб бўлмайди”—деб кўринг. Табиийки бу уларнинг манмансираган шахсиятларига оғир ботиб кетади. Ва сизга: “ўххўўў, ўзингча олим бўлиб, энди устозларни хатосини топадиган бўлиб қолдингми?! Билмасанг билиб қўй! Устоз адашмайди! Аксинча сен адашгансан!”—деб қайсарлик қилишади.

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳамма инсон адашиши мумкин. Исмат (гуноҳлардан тўлиқ поклик) фақат пайғамбарларгагина хос хусусиятдир. Ахир малъун шайтон Аллоҳга қасам ичиб биз бандаларни йўлдан уришга сўз бергани Қуръонда очиқ ҳикоя қилинган эмасми?!

Омилардан кўра олимлар кўпроқ адашади, шогирдлардан кўра устозлар кўпроқ адашади. Ҳа, шайтоннинг саводсизлар билан деярли иши йўқ. У асосий кучини олимлар, устозлар томонга ташлайди. Юз нафар ўқувчидан кўра, битта устозни адаштириб қўйса кифоя, устозига содиқ шогирдлар ўз-ўзидан шайтоннинг ҳам ортидан бораверишади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу хутбаларида кўпинча шундай насиҳат қилар эканлар:

إياكم و زيغة الحكيم، فإن الشيطان قد يتكلم على لسان الحكيم بكلمة الضلالة، و قد يقول المنافق الحق، فتلقوا الحق عمن جاء به، فإن على الحق نورا، قالوا: و كيف زيغة الحكيم؟ قال: هي كلمة تروعكم و تنكرونها، و تقولون: ما هذه؟ فاحذروا زيغته و لا تصدنكم عنه، فإنه يوشك أن يفيء، و ان يراجع الحق

Донишманднинг хатосидан эҳтиёт бўлинглар. Чунки шайтон гоҳида донишмандлар тилидан залолат ғояларни тарқатади. Гоҳида мунофиқлар ҳақни гапиради. Ким ҳақни гапирса қабул қилинглар. Чунки ҳақда нур бордир.” Шунда у кишидан сўрадилар: донишманднинг хатоси қандай бўлади? муоз ибн Жабал деди: “у сизларни даҳшатга соладиган, қабул қилиниши қийин сўзлар бўлади. Уни эшитганда “бу нимаси…?”—дейсизлар. Ўша сўзлар сизни ҳақдан тўсиб қўймасин! Чунки у донишманд хато фикридан ҳаққа қайтиши эҳтимолга яқиндир” сизлар эса залолатда қолиб кетасизлар…”. (Сунани Абу Довуд. 4611. Доримий 1/67).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид