130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ Беркит!
Mimon.uz 2025-11-01 01:20:58 7Бир мўминнинг фарзанди, аёли, ака-укаси, дўсти, қўшниси, таниши ёки бошқа бирор бир кимсанинг айбига гувоҳ бўлинганда энг биринчи қилинадиган иш мазкур айбни беркитишдир.
Фош қилиш йўқ! Бошқача услуб билан насиҳат қилиш ва Аллоҳдан уялишга чақириш керак. Яна бошқа бир услуб эса, жамиятга зарари тегадиган ва ёмонликнинг ёйилиш эҳтимоли бўладиган айб бўлса, буни унинг дўстларига хабар бериб, ёмонликнинг тарқалишига тўсқинлик қилишдир. Зарари фақатгина ўзига бўладиган бўлса, унда «Сен шуни қилганинг учун сен билан алоқамни тўхтатаман», қабилида муносабат билдирилади.
Ижтимоий тармоқларда ва алоқа воситаларида бировнинг айбларини кўрсак ва у сўзимизни қабул қиладиган инсон бўлса, ҳамма нарсадан олдин уммати Муҳаммаднинг бирламчи хулқи бўлмиш айбни беркитиш хулқи бўлиши керак. Айбни янаям бўрттириш йўқ, уни ёпиш бор. Кўрган нарсамизни кўрмасликка олишимиз мусулмоннинг ахлоқидир, мусулмонга буюрилган буйруқдир:
لاَّ يُحِبُّ اللّهُ الْجَهْرَ بِالسُّوَءِ
Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди.
(Нисо сураси, 148-оят)
«Сен фалончини...!» деб бошлаган сўзимиз, ғайри Исломий ишга ғайри Исломий ёндашишдир ва иккиси ҳам Исломга зиддир. Интернетни ғайри ахлоқий ишлатиш ахлоқсизлик бўлгани сингари, унда бақириб-чақириш ҳам ғайри Исломий ишдир, тишлаган итни тишлашдир. Тишлаган кўпак қувилади, тишланмайди.
Ижтимоий тармоқларда кўрган хатоларга бирламчи муносабатимиз, ўша айбни беркитишимиз, беркитиш билан бирга уни қилаётган эгасига насиҳат қилишимиз ва Аллоҳдан қўрқишга, фаришталарнинг муроқабасини (ёзиб, кузатиб турганларини) эслатишимиздир. Ота-оналар фарзандларига дарҳол шундай йўл тутишлари матлубдир. Осмонни ерга тушириб, бола бир марта қарайдиган нарсага беш марта қарашига сабаб бўлиш, қизиқиши йўқни қизиқтириш Исломга мутлақо зиддир. Услубимиз ёмонликнинг чуқурлашишига ва ёйилишига хизмат қилмаслиги лозим.
Муаллиф: Нуриддин Йилдиз
Таржимон: Абдуллоҳ Раҳим
