130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЯХШИ АМАЛ ҚИЛГАНЛАР ЖАННАТДА ҲАМ БИРГАДИР
imon.uz 17-12-2024 67«Парвардигорининг “юзини” истаб (турли машаққатларга) сабр қилган, намозларини адо этган, Биз берган нарсалардан кўрсатмай ва кўрсатиб эҳсон қилган, ёмонликни яхшилик билан қайтарадиганлар, жаннат ана ўшаларгадир. У жаннат Адн жаннатларидир, унга улар, ота¬боболаридан, жуфти ҳалолларидан ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирур. Уларнинг ҳузурига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): “(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилганларингиз сабабли сизларга омонлик бўлсин. Жаннат нақадар яхши!”» (Раъд, 22–24).
Бу ояти каримадан солиҳ амал қилганлар, уларнинг солиҳ ота-оналари, хотинларию фарзандлари жаннатда бирга бўлиши маълум бўлади. Тафсирлар «солиҳ амал қилиш»га Аллоҳ таолога имон келтириш ва унга итоат қилиш деб маъно беради.
Ёмон гап айтганга чиройли жавоб қайтариш, бермаганга бериш, қариндошлик алоқасини узган билан алоқани тиклаш кабилар ёмонликка яхшилик қайтариш бўлади.
Инсон жаннатда ота-онаси, аждодлари, оила аҳлини кўрса, хурсандлиги янада ортади. «...(энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай» ояти тафсирида ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Уларнинг жаннатда ичи ўйиқ дурдан чодирлари бўлади, унинг узунлиги бир фарсах, эни бир фарсахдир, минг эшиги бўлади, идишлари тиллодандир, уларнинг олдига ҳар бир эшикдан фаришталар кириб: «(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай», дейдилар.
Ибодатларни адо этиб, машаққатларга сабрли бўлган кишилар Адн жаннати билан мукофотланади. «Адн» деб абадий қолинадиган жойга айтилади. Баъзи муфассирлар «Адн жаннатнинг ўртаси, бошқалари унинг атрофидадир» дейишган.
Жаннатдаги юксак даражага етишиш учун кишига ота-бобоси ёки фарзандлари қилган солиҳ амаллар фойда бермайди. Ҳар бир инсон ўзи учун савобли ишлар қилиши лозим. Аллоҳ таолонинг фазли билан солиҳ ота¬она ва фарзандлар жаннатда ҳам бирга бўлади.
"Мўминларга шифо ва раҳмат" китобидан.