ЖАННАТ АҲЛИНИНГ АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШИ ЭНГ КАТТА НЕЪМАТ ЭКАНИ ҲАҚИДА

ЖАННАТ АҲЛИНИНГ АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШИ ЭНГ КАТТА НЕЪМАТ ЭКАНИ ҲАҚИДА

Mimon.uz 2021-07-03 04:44:35 568

Суҳайбдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" деб сўрайди. Улар: "Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?" дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди".

(Бошқа ривоятда: "Сўнг ушбу: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" (Юнус, 26), оятини ўқидилар", дейилади.)  (Муслим ривояти).

Абу Довуд Таёлисий ҳам бу ҳадисни тахриж қилган: Суҳайб розийаллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", оятини тиловат қилиб дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида ваъда бор", деб нидо қилади. Улар: "У нима экан? Дарҳақиқат, юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб, бизни жаннатга киргизди-ку?" дейишади.

Бу уларга уч марта айтилади. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, бас, улар Унга қарайдилар. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади".

Ибн Муборак зикр қилади: Абу Бакр Ҳилолий деди: "Абу Мусо Ашъарийдан Басрада ушбу хутбани эшитдим: "Аллоҳ таоло қиёмат куни жаннат аҳлига фаришталарини юборади. Улар: "Аллоҳ сизларга ваъдасини тўлиқ қилиб бердими?" дейди. Жаннат аҳли шунда қарашади, зийнат, кийим-кечак, мевалар, дарёлару гўзал-пок аёлларни кўриб: "Ҳа, Аллоҳ бизга ваъдасини тўлиқ қилиб берди",дейди. Фаришталар: "Ваъда қилган нарсасини сизларга тўлиқ бердими?" дея уч марта сўрайди. Улар атрофларига қараб, ваъда қилинган нарсалардан бирор нарса қолмаганини кўриб, ҳар сафар: "Ҳа", дейдилар.

Шунда фаришталар: "Сизлар учун бир нарса қолди, албатта, Аллоҳ таоло айтганки: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бор", деб. Огоҳ бўлинглар! Чиройли оқибат — жаннат, зиёда неъмат — Аллоҳ таолога қараш".

Юқоридаги Насоий, Абу Довуд ва Ибн Муборак зикр этган ҳадислар Муслим ривоят қилган ҳадисни шархлаб келган. "Аллоҳ таоло айтди", дегани "Аллоҳнинг фариштаси айтади", деган маънода. "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" дегани фаришталарнинг: "Аллоҳ сизларга зиёда қилишни хоҳлайсизларми?" деганидир. "Шунда парда очилади", деган сўз: "Кўзлари етишидан тўсиб турган монеълар кўтарилади ва улар Аллоҳ таолони буюклик, улуғлик, камолот, қудрат, олийлик ва жамол сифатлари билан кўради, Аллоҳ таоло ботил фирқалар сифатлаган нуқсонлардан покдир", деган маънода.

Бу ердаги парда махлуқларга тегишли, Яратувчига эмас. Махлуқлар тўсилгандирлар. Аллоҳ таоло тўсилишдан пок ва улуғ зот. Зеро, тўсилиш ҳиссий нарсалар билан ўраб олинишдир. У бизнинг сифатимиз. Лекин Аллоҳ таолонинг махлуқлар кўзи ва идрокидан тўсилиши Аллоҳ хоҳлаган нарса ва хоҳлаган кайфиятда бўлади. Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло агар бандаларига тажаллий этиб, кўзларидан пардалар кўтарилса, Аллоҳнинг жамолини кўрсалар, анҳорлар қуйилади, дарахтлар тизилади, сўри-ю болахоналар шовқин билан овоз беради, булоқлар шилдирайди, ҳаяжонлантирувчи шамол эсади, ҳовли-ю қасрлардан янада кучлироқ мушк ва кофур таралади, қушлар сайрайди ва ҳурлардан янада ёришади. Бу хабарни Абул Маъолий "Ар-рад" китобида келтириб, "Буларнинг барчаси Аллоҳнинг қадари билан", дейди.


Имом Қуртубий, “Жаннат васфи”дан

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид