ЖАННАТНИНГ АТРОФИ, ҲИДИ ВА СЎЗЛАШИ ҲАҚИДА

ЖАННАТНИНГ АТРОФИ, ҲИДИ ВА СЎЗЛАШИ ҲАҚИДА

imon.uz 16-01-2025 7

Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳн васаллам айтдилар: "Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратиб, дарахтларни қўли билан эккач, жаннатга: "Гапир", деб буюрди. У: "Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар" (Мўминун, 1), деди".  Бу ҳадисни Баззор ҳам Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

"Аллоҳ таоло жаннатни олтин ва кумуш ғиштлардан яратди, унинг лойи мушқдир. Унга: "Гапир!" деганида, "Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар", деди. Аллоҳ таоло айтди: "Барча неъматлар сендадир, эй мулклар манзили".

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ жаннатни яраттач, унга: "Зийнатлан", деди, бас, зийнатланди. Сўнг унга: "Гапир", деди, бас, гапирди. Сўнг "Мен рози бўлган кимсага жаннат бўлсин", деди". 

Умар ибн Абдулазиз, Зуҳрий, Калбий ва Мужоҳид айтадилар: 

"Жинларнинг мўминлари жаннат атрофидаги бўш жой ва майдонларда бўлишади, жаннат ичига киришмайди". Молик Муслим ибн Абу Марямдан, у Абу Солиҳдан, у Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: 

"Ўзлари бошқаларга мойил ва бошқаларни ҳам ўзларига мойил қилувчи кийим кийган ялонғоч аёллар ҳаргиз жаннатга кирмайдилар ва жаннатнинг ҳидини ҳам топмайдилар, ҳолбуки, унинг ҳиди беш юз йиллик масофадан келиб туради". 


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

"Огоҳ бўлинглар! Ким Аллоҳ ва Расулининг ҳаққи боғланган жонни ўлдирса, шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳаққига хиёнат қилибди, бас, у жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди, ҳолбуки, унинг бўйи қирқ куз масофадан келиб туради".

(Термизий ривояти). 

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

"Ким Аллоҳ билан аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди, ваҳоланки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради".

(Бухорий ривояти). 


“Жаннат васфи”дан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид