Ҳадис китобларининг ёзилиши

Ҳадис китобларининг ёзилиши

imon.uz 2020-12-05 04:10:34 176

    Ўз китобида «Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса, қайтинг», дебмарҳаматқилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

    «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деган Роббул оламийннинг ҳабиби Муҳаммад мустафога салоту саломлар бўлсин.

    Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини  етказган саҳобаи киромлар ва ҳадисларни тўплаш, ўрганиш, саралашда иштирок этган барча имомлар, муҳаддислар, уламоларга Аллоҳ таолонинг беҳисоб раҳмати бўлсин!

    Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини – Исломнинг биринчи масдари, ҳукмлари ва таълимотларининг асосий манбаи Қуръони карим бўлиб, ундан кейинги иккинчи масдари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари эканлигида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Шундай экан, суннатни ўрганиш ҳар биримиз зиммамиздаги муқаддас бурчдир. Чунки Суннатни билмай туриб, Исломни билдим, унга амал қилдим, деяолмаймиз.

    Аввало саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом Суннатларини асл ҳолича сақлаб қолишга ҳаракат этиб, бу ишга бел боғлаган тобеъинларга беқиёс ёрдам берганлар.

    Умар ибн Абдулазиз ўз даврида турли жойларга одам юбориб: «Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман, қараб, суриштириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб олинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, биринчи китобни буюк тобеъин Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124 ҳижрий санада вафот этган) ёздилар. Бу китоб содда бўлиб, саҳобалардан эшитиб, ёзиб олинган ҳадислар тўпламидан иборат эди. Шундан сўнг ҳадис китоблари ёзиш расм бўлди ва кенг миқёсдаги илмий ҳаракатга айланди.

    Учинчи ҳижрий аср эса ҳадис илмининг олтин асри бўлди. Айнан шу асрда бу илм равнақ топиб, энг машҳур китоблар ёзилиб қолди.

    Дастлаб уламолар «Муснад» китоблари ёзишди. Бу турдаги китобларда саҳобаи киромларнинг номлари тилга олиниб, аввал битталари қанча ҳадис ривоят қилган бўлсалар, барчаси бирин-кетин келтирилади. Кейин иккинчи саҳобийга ўтилиб, у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб, Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Мусаддад ал-Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъийм ибн Ҳаммод ал-Хузоъийлар китоб тасниф қилдилар. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар. «Муснад» китоблари ичида энг машҳур ва кенг тарқалгани Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг муснадларидир.

    Сўнгра Имом Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларини ёздилар. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлагани учун шундай ном билан аталгандир. Шу боисдан ҳам бу китоб Қуръондан кейинги энг тўғри китоб саналади, Имом Бухорий эса мўминларнинг ҳадисдаги амири ҳисобланадилар. Энг саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига жамлаган бу китоб ҳанузгача қадрланиб келмоқда. Аввалги вақтларнинг ўзидаёқ унга саксондан ортиқ шарҳ ёзилган.

    Имом Бухорий ҳазратларидан кейин худди шу услубда шогирдлари Имом Муслим «Саҳиҳ» китоби тузди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари иккинчи ўринда туради.

    Худди шу асрда «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китоблари таълиф этиш одат тусига кирди. Бу услубдаги китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун, «Таҳорат китоби»га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. «Китобус солат»да эса намозга тегишли ҳадислар келтирилади ва ҳоказо.

    Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг «Сунан» китоблари ана шу услубдаги китобларнинг энг машҳурларидир. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомеъ ус-Саҳиҳ»ларига қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта», яъни «Олти саҳиҳ китоб» номини олган. Ҳадис китоблари ичида энг кучли ва энг мўътабарлари мана шу олти китоб ҳисобланади.

    Мақола Шайх Муҳаммад Солиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” китоби асосида тайёрланди.

 

Тошкент ислом институти сиртқи

бўлими учунчи курс талабаси

БОТИРХОН Рўзиев

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид