Ҳадиснинг қуръонга нисбатан тутган ўрни

Ҳадиснинг қуръонга нисбатан тутган ўрни

imon.uz 2021-02-02 12:58:44 541

Ҳадис Қуръони каримга нисбатан уч хил вазифани ўтайди:

1. Таъкидловчи. Ҳадисларнинг катта қисми Қуръонда келган маъноларни таъкидлаб, ёритиб келади.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир», деб гувоҳлик бериш; намозни тўкис адо этиш; закотни бериш; Рамазон рўзасини тутиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш», дедилар».

Бу ҳадисда Ислом динининг беш асоси зикр қилинган бўлиб, улар ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида турли кўринишдаги буйруқлар бор.

Имом Бухорий, Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Узингизга ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди, яхшиликэса жаннатга етаклайди», деганлар. Қуръони каримда ростгўйликка буюрувчи, уни мадҳ этувчи оятлар жуда ҳам кўп.

2. Изохловчи. Ҳадислар асосан мана шу вазифани ўтайди, Қуръонта шарҳ ва изоҳ сифатида хизмат қилади. Бу маъно Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Аллоҳ таоло айтади: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил килдик» (Наҳл сураси, 44-оят).

«Сенга Китобни уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён этининг учун, иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва рахмат килиб нозил этдик, холос» (Наҳл сураси, 64-оят).

Қуръон оятлари кўпинча мавзуларга умумий маънода ёндашади, масалалар юзасидан одатда қамровли ҳукм чиқаради, шу боис улар шарҳ ва изоҳга, мақсадни ёритиб берадиган баёнга муҳтож. Ҳадис эса кўпинча айнан мана шу вазифани бажаради. Масалан, Қуръонда намозга умумий маънода буйрук бор, лекин унинг кандай адо этилиши, ракъатларининг сони ва бошқа масалалари ҳақида тўхталинмаган. Балки булар ҳадисларда баён қилинган. Закот, рўза, ҳаж ва бошқа кўплаб амаллар хусусида ҳам мана шу гапни айтиш мумкин. Қуръон батафсил баён килмаган кўплаб масалаларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида муфассал ёритиб борганлар. Чунки у зот Аллоҳ томонидан етказувчи, одамлар ичида шариатнинг мақсадларини ва ғояларини энг яхти англовчи шахсдирлар.

3. Тўлдирувчи. Қуръонда насс - далилий матн келмаган ҳолатларда ҳадис оркали ҳам ҳукмлар жорий қилинади. Масалан, «Ҳайзли аёл рўзани казо килади, намозни қазо қилмайди», «Насаб сабабли ҳаром бўлганлар эмизиши сабабли ҳам ҳаром бўлади» каби ҳадислар шу турдаги ҳадислардан ҳисобланади.

Яна бир мисол: Бир кампир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига меросдаги улуши ҳақида савол сўраб келди. У киши: «Сен учун Аллоҳнинг китобидан бирор нарса топа олмаяпман ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг учун ечим бўладиган бирор нарса деганларини ҳам билмайман», дедилар. Шунда Муғийра розияллоҳу анху туриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай аёлга олтидан бирни берар эдилар», деди. У киши: «Сен билан бирга (гапингни тасдиқлайдиган) яна бирор одам борми?» дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Маслама туриб, гувоҳлик берди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша ҳукмни ижро қилдилар.

 

 

Тошкент ислом институти сиртқи

бўлими учунчи курс талабаси

БОТИРХОН Рўзиев

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид