Имом ал-Бухорий ва у киши ёзган асарлар

Имом ал-Бухорий ва у киши ёзган асарлар

imon.uz 2021-02-12 11:07:08 1370

“Саҳиҳи Бухориййнинг” муаллифи, Буюк ватандошимиз, муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларнинг устози имом Бухорий қаламига мансубдир. У зотнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳна) Бардизбаҳ Жўъфий ал-Бухорийдир.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳижрий 194 (милодий 810) йили Бухорода туғилган, Етимликда ўсиб, тўққиз ёшда Қуръони каримни тўла ёд олди. Ҳадис эшитишни яхши кўрар, вояга етгунча стмиш минг ҳадисни ёд олган эди. Ун олтига кирганида она-бола ҳаж сафарига жўнашади, Муҳаммад ҳадис ўрганиш мақсадида Маккада қолади. Кейин илм талабида Хуросон, Шом, Миср, Жазира ва Ҳижоз ўлкалари, Басра, Бағдод, Куфа каби шаҳарларда бўлади.

Имом Бухорий жами олти юз минг ҳадис тўплаб, шундан юз минг саҳиҳ, икки юз минг заиф ҳадисни ёд олган, буларни тўплашда мингдан ортиқ шайхларнинг ҳузурида бўлган. Ушбу ҳадислар ичидан саҳиҳларини аниқлаб, улар асосида ўзининг машҳур «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ўн олти йилда ёзиб тугатган. Ибн Ҳажарнинг ҳисоби бўйича, имом Бухорий ушбу тўпламга 7397 мингдан ортиқ саҳиҳ ҳадисни бобларга ажратиб, тартибли равишда жамлаган. У киши ҳар бир ҳадисни алоҳида ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, кейин китобга қайд қилар эди.

Уз даврининг атоқли уламоларидан имом Ҳоким айтади: «Бу дунё остин-устин қилиб юборилса ҳам, Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёд олувчи одам топилмайди». Ражо ибн Муражжо эса: «Имом Бухорий Аллоҳнинг ерда юрувчи мўъжизаси эди», деган. У имом Муслим, Термизий, Насоий ва бошқаларга устоз бўлган. Бундан ташқари, Имомнинг «Ал-Муснад ал-кабир», «Ат-Тарих ал-кабир», «Ат-Тафсир ал кабир», «Ал-Ҳадис ан-Набавий», «Китобу асмои саҳоба», «Ат-Тарих ас-сағир», «Холқу афъоли ибод», «Зуафоус-сағир», «Ал-Адабу ал-муфрад» ва бошқа йигирмадан ортиқ асарлари бор.

Имом Бухорий ҳижрий 256 (милодий 870) йили Рамазон ҳайити кечаси вафот этиб, ҳайит куни дафн қилинди. У кишининг мақбаралари Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида бўлиб, ҳозирда у жойда муҳташам ёдгорлик барпо қилинган.[1]

Китобнинг «жомеъ» деб номланиши сабаби - ҳадис илми уламолари истилоҳида «жомеъ» деганда, «ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи» деган маъно тушунилади. Яъни ақийда, ҳукмлар, зоҳидлик, емоқ-ичмоқодоби, сафар одоби, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазилатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган китоб, деган маънони билдиради. Буҳақда Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади:

«Аҳли ҳадислар ҳадис илмини девонга киритиб, тасниф килганларида уни тўрт фандан иборат қилганлар:

1. Суннат фани. Яъни фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг “Муватто” си ва Суфённинг «Жомеъ»сига ўхшаш китоблар.

2. Тафсир фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.

3. Сийрат фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.

4. Зуҳд ва Ракоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш.

Бухорий мазкур тўрт фанни бир китобда жамлашни ирода қилди. Шу билан бирга, Бухорий ўзидан олдинги ва замондош уламолар саҳиҳлиги ҳақида ҳукм қилган ҳадисларнигина олишни йўлга қўйди. Санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳадисланигина олишни раво кўрди. Китобдаги баъзи асарлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳадисга тобе бўлган ҳолдагина келган, асл бўлиб келмаган.

Шунинг учун унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад» деб номланган. Яна Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳукм чиқаришга қаттиқ уринган. Ҳар бир ҳадисдан кўплаб масалаларни чиқарган. Буни ундан олдин ҳеч ким қилмаган».

Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақат саҳих ҳадисларга суянилгани ҳақида;

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақат саҳиҳ ҳадисларга суянганлари ҳақидаги гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ-ойдин айтганлар ва бошқа уламолар бу гапни қўллаб-қувватлашган.

Хатиб Бағдодий ўз санади ила Иброҳим ибн Маъқилдан ривоят қилади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб, баъзи саҳиҳларни ҳам тарк қилдим», деганини эшитдим».

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларига ўзлари ёд олган олти юз минг ҳадисдан фақат саҳиҳларини ихтиёр қилганлар. У киши ўзларининг «Жомеъ»ларини ўн олти йил давомида тасниф қилганлар. Бу тасниф ишлари турли диёрларда давом этган. Унинг бир қисми Бухорода ёзилган бўлса, бошқа бир бўлаги Маккада битилган, учинчи қисми Басрада тасниф қилинган ва ҳоказо.

Аҳдал Имом Бухорийга нисбатан айтган кўпгина мақтовлари давомида қуйидагиларни айтган: «Одамлар унинг китоби саҳиҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳатто кўпгина фақиҳлар: «Агар бир киши «Саҳиҳи Бухорий»даги ҳадисларнинг санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайх васалламга етиб бормаган бўлса, хотиним талоқ бўлсин», деса, талоғи тушмайди», дейишган».[2]

Имом Бухорийнинг ҳадис ёзишдаги тақволари

Имом Бухорий ўта парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи валамнинг ҳадислари эҳтиромини жойига кўядиган зот эдилар. Ҳасларни фақат таҳоратли ҳолдагина ривоят қилар эдилар. Хатиб Бағдодий ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирaбрийдан ривоят килади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий енга: «Аввал ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб, «Саҳиҳ» китобимга бирорта ҳадис киритмаганман», деган».

Бундан имом Бухорий ҳар бир ҳадисни ўз китобларига киритишдан олдан ғусл қилиб, икки ракъат истихора намози ўқиганлари ва кўнгиларида равшанлик пайдо бўлгандагина ҳадисни китобларига ёзганлари маълум бўлади.

«Саҳиҳул Бухорий»даги ҳадисларнинг сони ҳақида

Бу борада қадимдан турли кишилар ҳар хил сонларни айтиб, ёзиб кеганлар. Аммо биз охирги маълумотни келтириш билан кифояланамиз.

Муҳаммад Фуод Абдулбокий рақамлаб чиққан ва «Салафия табъаси» номини олган нусхадаги ҳадисларнинг сони етти минг беш юз олтмиш учтадан иборат.

Имом Бухорийнинг шоҳ асари – «Саҳиҳул Бухорий» - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифла, жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда ҳижрий юзинчи йил атрофида халифалик қилган Умар ибн Абдулазиз давр бўлгани маълум ва машҳур.

Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддисларда омма учун ҳадис китоби ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда ки либ бир китоб таълиф этди. Бошқалар ҳам унга эргашишди. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Ушбу даврдаги ҳадис китобларини таълиф қилишдаги асосий йўналиш китоб ёзаётган шахсга етиб келган ҳадисларни шундайича қоғозга тушириб, китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган, десак, хато қилмаган бўламиз. Мазкур ҳадис китобларининг ҳажми тобора катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари тасниф қилган китоблар ўн ёки ундан кўп жилд бўлиб кетган. Бу китобларнинг асосий мақсади мавжуд ҳадисларни жамлашдангина иборат бўлган.

Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар солсак, шу нарса маълум бўладики, вақти-соати келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учунг мухтасар бир китоб тасниф қилиш зарурати туғилган эди.

Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб, англаб етди. У киши мазкур китобни тасниф қилишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни эслаб, гапириб юрганлар.

Хатиб Бағдодий машҳур «Тарихни Бағдод» китобида бу ҳакда Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Асҳобларимиздан бири «Набий соллаллоҳу алайҳи васаламнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз-чи», деб колди. Бу гап қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим», деганини эшитдим».

Ибн Имод Ҳанбалий ўзининг «Шазаротуз-заҳаб фии ахбори ман захаб» номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан куйидаги ривоятни келтиради: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг шундай деганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Мен олдиларида туриб, у зотни кўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи машойихларга тушимни айтсам, «Сен у зотдан ёлғонларни четлатар экансан», дейишди. Мана шу нарса «Саҳиҳ»ни чиқаришимга туртки бўлди».

Ушбу икки ривоятни жамлаб: имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган, дейишимиз мумкин.

Имом Бухорийнинг бош асарлари бўлмиш бу китоб турли номлар билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли одам билади.

Китобнинг асл ва тўлиқ номи қуйидагича: «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадиси Росулиллаҳ соллаллоҳу ъалайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айямиҳи».

Китобнинг номини сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ ва муснад» деган маъно келиб чиқади.[3]


 

Тошкент ислом институти сиртқи

бўлими учунчи курс талабаси

БОТИРХОН Рўзиев

 


[1]Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019.

[2]Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид