Муҳаммад алайҳиссалом тановул этган таом турлари ва уларнинг таркиби

Муҳаммад алайҳиссалом тановул этган таом турлари ва уларнинг таркиби

imon.uz 30-06-2020 138

ГЎШТ

  Гўшт Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суюб истеъмол қилган таомлар сирасига киради. Қуръони Каримда гўшт ҳақида қуёидаги оятлар келган:
 “Яна биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз”. (Тур сураси, 22-оят).

“Иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан ҳам (жаннатда хизматчи ёш болалар таъминлаб турурлар)” (Воқеа сураси, 21-оят).

  Саҳиҳ ҳадисда “Оиша розияллоҳу анҳонинг бошқа аёллардан афзаллиги сарид(гўшт ва нон)нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир”, деб келтирилган.

Муҳуммад ибн Восиъ “Гўшт кўриш зеҳнини қувватлантиради”, деган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу “Гўшт енглар, у рангни яхшилаб, қоринни бўшаштиради, хилқатни яхшилайди”, деган.

Гўштнинг озуқавийлик қуввати:
1. В1, В2, В5, В6, В12 витаминларига эга,
2. Фолик кислотаси
3. Оқсил
4. Ёғллар
5. Тузлар: 220; Фосфор 220; темир 80-120; магнезий 30-700.

Гўштнинг тиббий фойдалари:
1. Анемия, яъни камқонлик ва жисм қувватсизлиги билан касалланишни олдини олади.
2. Мушак ва суякларни қувватлантиради.
3. Болаларда тери касалликлари ва тери қариши касалликлари олдини олади.
4. Бадҳазмлик касали, ошқозон ва ичак касалликлари олдини олади.
5. Юрак ва қон айланиш тизими касалликлари олдини олади.
6. Эмбрионларда асаб тизимини қувватлантиради ва уларда туғма нуқсонларнинг олдини олади.
7. ОИТС билан оғриган беморларни даволашда кўмак беради.
8. Мия ва асаб тизими фаолиятини яхшилаш ва зеҳнни оширишда кўмак беради.
9. Уйқусизлик касалига учраган касални тузатишда кўмак беради.
10. Она қорнида эмбрионнни ҳимоя қилишда кўмак беради.
Гўштнинг бир қанча турлари бўлиб, ҳар турининг ўзига хос фойда ва зарарларини зикр этамиз.

ҚЎЙ ГЎШТИ.
  Қўй гўшти иссиқлик ва намдир. Бир ёшга тўлган қўйнинг гўшти яхшироқдир. Гўшт яхши ҳазм қиладиган организм учун қон кўпайтириш хусусиятига эга. Совуқ ва мўътадил мижозли кишилар, шунингдек совуқ минтақа ва совуқ иқлимда яшовчи аҳоли, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларга яхши фойда беради. Зеҳн ва ёдлаш қобилиятини оширади. Қари , озғин қўй ва эчки гўштининг зарари бор. Қора қўчқорнинг гўшти энг яхшиси бўлиб, у енгил, ширин ва фойдалидир. Ёш эчкининг гўштида озуқа қуввати кам бўлади, ошқозонда турмайди.
  Қўй гўштининг афзали суякларига ёпишиб тургани ҳисобланади. Ўнг томондаги (қўл сон ва оёқ сон) гўштлар чап тарафдагисидан енгилроқ бўлади. Олд томондаги (қўл) суякларидаги гўштлар орқа суяклардагидан афзалдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг олд суяк сонларини (қўл сонларини) яхши кўрар эдилар. Бундан ташқари, унинг олд тараф суяклари орқа суяклардаги гўштларидан яхшироқдир. Фараздақ бир кишига пул бериб: “Олд томондаги суяклардаги гўштлардан олиб кел, бош ва қорин томондан олма, уларда касаллик бор”, деган экан.
Бўйин гўшти яхши ва ширин бўлиб, уни ҳазм қилишда ҳам қийналинмайди. Қўл сондагиси енгил гўшт бўлиб, ширин, юмшоқ зарари кам ва уни ҳазм қилиш енгилдир.
  Икки саҳиҳ китобларида айтилишича, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қўл сон гўштини яхши кўрардилар”.
Елка, курак ва биқиндаги гўштларнинг озуқаси мўл бўлиб, кўп қон ишлаб чиқади.

ЭЧКИ ГЎШТИ.
  Бу молнинг гўштида иссиқлик кам бўлиб, қуруқ, уни ҳазм қилиш оғир ҳам, енгил ҳам эмас. Шунингдек, унда озуқавий қувват кам. Айниқса, эркак эчкининг гўшти зарарли, ўта қуруқ ва уни ҳазм қилиш оғирдир. Аммо уни ейишга ўрганиб қолган кишига зарари йўқ.
  Насоий “Сунан” асарида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Эчкиларга яхши қаранг, унга азият етишидан сақланг, у жаннат чорваларидандир”, деганлар. Ушбу ҳадиснинг ишончли-ишончли эмаслиги хусусида ўйлаб кўриш лозим. Табиблар эчки гўштини тўлиқ бўлмасада қисман зарарли деганлар. 

МОЛ ГЎШТИ
  Мол гўшти совуқлик, уни ҳазм қилиш оғир ва баданга секинлик билан сингади. Оғир меҳнат қиладиган кишиларга мол гўштини ейиш фойдали. Эркагининг гўшти совуқлиги камлиги, урғочисининг гўшти қуруқлиги камлиги билан ажралиб туради. Бузоқ гўшти энг мўътадил ва ширин озуқалардан бўлиб, у иссиқ ва намдир, ҳазм бўлганда кучли озуқа бўлади.

ТОВУҚ ГЎШТИ.
  “Саҳиҳайн”да Абу Мусо Ашъарий Набий алайҳиссаломнинг товуқ гўшти еганларини ривоят қилган. Товуқ гўшти иссиқлик бўлиб, намлиги учун ошқозонга оғирлик қилмайди ва уни ҳазм қилиш тездир. Товуқ гўшти мия фаолиятини яхшилаб, манийни кўпайтиради. Овозни яхшилайди, рангни тоза қилади, ақлни кучайтиради ва тоза қонни кўпайтиради.
Хўроз гўшти мижози жуда иссиқ, намлиги камдир. Қари хўроз гўшти агар сув ва ёввойи заъфарон, укроп билан пиширилса, астма ва бадбўй ҳид каби касалликларга шифо. Жўжа гўшти тез ҳазм бўлиб, юмшоқдир, ундан ҳосил бўладиган қон латиф ва суюқдир.

ГЎШТНИ КЎП ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШ
  Доимий ва узлуксиз гўшт ейишдан сақланиш лозим, чунки унинг қон ва семириш касалини келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Гўштни кўп ейишдан сақланинг, унда хамр ўрганишга ўхшаш зарар бордир”.
Молик “Муватто” китобида зикр этган.
Буқрот: “Ичингизни ҳайвонлар мақбарасига айлантирманг”, деган.


"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табобати" китобидан.


Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид