Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бадр куни мушриклар ҳақида қилган дуолари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бадр куни мушриклар ҳақида қилган дуолари

Mimon.uz 2025-07-11 12:53:18 8

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Шом тарафдан Макка аҳ лининг юк карвони йўлга чиққани хабари келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мадиналиклар қўлга киритиш мақсадида карвон йўлига чиқдилар. Бундан хабар топган маккаликлар туяларини тезлатишди, карвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтиб кетди. Агар етишганида, мадиналиклар уларга осонлик билан эгалик қилиб, ғанимат молларни қўлга киритган бўларди. Карвон ўтиб кетиши билан бу имконият қўлдан кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан уларнинг ортидан боришни ихтиёр этдилар.

Мусулмонлар мушриклардан куч жиҳатидан анча заиф эдилар. Қавм бир жойга етиб тўхтади. Мусулмонлар тўхтаган жой билан сув бор бўлган жойгача жазирада қизиган катта қумлоқ бор эди. Қавм сувсизлик ва чарчоқдан ҳолдан кетиб, заифлашган, қалбларига ҳам шайтон ғулғула солиб, васваса қила бошлади: “Сизлар ўзларингизни Аллоҳга яқин деб ўйлайсизлар, ораларингизда Аллоҳнинг Расули ҳам бор, аммо сизлардан мушриклар устун, улар сизлардан ғолиб келади.

Сувга эгалик ҳам улар тарафда...” Мусулмонлардан ана шу машаққатларни кеткизиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди, мусулмонлар ундан ичиб, чанқоқларини бостирдилар ва таҳорат олиб, покланиб олдилар. Аллоҳ улардан шайтоннинг васвасини йўқотди. Ёмғирдан сўнг ерлар қуриб қолди. Мусулмонлар қавми ва уловлар яна мушриклар томон йўлга тушдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларга нусрат бериб, мингта фариштани ёрдамга юборди. Беш юз фариштага Жаброил алайҳиссалом ва беш юз фариштага Микоил алайҳиссалом бош бўлиб келдилар.

Бу ҳолатни кўрган мушриклар ҳайратлана бошлади. Шунда Абу Жаҳл: “Эй Аллоҳ! Бизлар ҳаққа яқинроқмиз, бизга ўзинг ёрдам бер”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога дуо қила бошладилар: “Эй Аллоҳим! Агар сен бу жамоани ҳалок этсанг, ер юзида сенга ибодат қиладиган киши қолмайди”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Эй Аллоҳнинг расули! Бир сиқим тупроқ олиб, улар томонга сочинг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сиқим тупроқ олдилар ва душман томонга сочдилар. Тупроқ мушрикларнинг оғзи, бурни ва кўзларига кирди, улар ортларига қайтиб кетишди». Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 403–404.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид