Мусталаҳул ҳадис илми

Мусталаҳул ҳадис илми

imon.uz 23-05-2020 655

                Динимизда Қуръондан кейинги далил олинувчи манба бу ҳадиси шариф бўлиб, у аҳли ботилларнинг бузғунчилигидан ҳимоя қилиниши лозим. Шунинг учун авлоддан авлодга нақл қилиб келган салафи солиҳ, уламолар суннатни нақл қилиш ва ривоят қилиш, соғлом сақлаш борасида турли қоида ва қонунларни аниқлик билан ишлаб чиқдилар.

Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Ҳужурот» сурасининг 6-оятида: «Эй, иймон келтирганлар, агар бир фосиқ хабар келтирса, текшириб кўринг», деб таълим берган.

Салафи солиҳдан кейин келган уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий этилган қоидаларни аввал ўтган уламолардан яхшилаб қабул қилиб олдилар ва уларни тартибга солдилар, сайқалладилар, жамладилар ва бу борада мустақил китоблар таснийф қилдилар. Мана шу қилган ишларини кейинроқ «Мусталаҳул ҳадис илми» деб атадилар.

Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди ўзи эшитганидек бошқаларга етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин! Бас, баъзи бир хабар етган одамлар эшитгандан кўра яхшироқ англовчидир», деганлар.

Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифда хабарни қабул қилиб олишда, собитликни текшириб кўриш ва унга эътибор бериб қараш, уни яхшилаб тушуниш ҳамда бошқаларга нақл қилишда диққатли бўлиш асослари талаб қилинган.

Аллоҳ таолонинг ва Расулининг амрларига бўйсунган ҳолда саҳоба розияллоҳу анҳумлар хабарларни нақл қилиш ва қабул қилишда собитликка қаттиқ эътибор берар эдилар. Хусусан, хабарни нақл қилувчи шахснинг ростгўйлигида шубҳа қилиб қолсалар, яна ҳам алоҳида эътиборлироқ бўлар эдилар. Шунга биноан, хабарларни қабул қилиш ёки рад қилиш борасида санадга иноят қилиш, унинг қийматини ўлчаш иши зоҳир бўлди.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзилган муқаддимада Ибн Сийрийндан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Аввалгилар хабарнинг санадидан сўрамас эдилар, лекин орага фитна тушгандан кейин, бир хабар келса, ўша хабари келган одамларингизнинг номларини айтинг-чи, дейдиган бўлишди. Номларини айтишса, хабарни нақл қилувчиларга қарашар, агар аҳли суннадан бўлса, хабарини олишар эди. Аҳли бидъатдан бўлса, бу аҳли бидъатдан экан, биз унинг хабарини олмаймиз, дейишар эди».

Чунки, фитнада бидъат соҳиби бўлганлар ёлғон гапиришган. Фитнада қатнашганлар саҳобаларнинг, мусулмонларнинг жумҳурига қарши чиққанлари учун, улар ёлғончи деб қабул қилинганлар.

Агар санади маълум бўлмаса, хабар қабул қилинмайди. Мана шунга биноан, жарҳ ва таъдийл илми – ровийларнинг жароҳатли ёки адолатли эканини ўрганишга бағишланган илм – юзага чиқди. Шу билан бирга, ровийлар ҳақида гапириш бошланди. Санад узулуксиз келганми ёки узилганми экани ҳақида ҳам гапириладиган бўлди. Шунингдек, махфий иллатлар бўлса, уларни ҳам билишга ҳаракат қилинди. Баъзи бир ровийлар тўғрисида гаплар чиқди. Лекин бундай гаплар дастлабки пайтларда жуда ҳам оз эди. Чунки, дастлабки пайтларда жароҳатли – адолати етишмайдиган – ровийлар жуда ҳам оз эди.

Кейинроқ, уламолар бу ишда кенг йўл тутишди. Ҳатто, кўпгина илмларда баҳс юритиш юзага чиқди. Ҳадисни эслаб қолиш, унинг таҳаммули – ёдлаб, олиб юриш ва адо қилиш тарафидан, носих-мансухини билиш, ғарий

би борми-йўқлиги ёки бошқа тарафлардан гап кўпайди. Лекин бу гапларнинг ҳаммаси оғзаки тарзда бўлар эди.

Кейин бу борадаги иш яна ҳам ривожланди ва юқорида айтиб ўтилган илмлар ёзиладиган, чизиладиган бўлди. Лекин бу ёзиш ва чизишлар турли китобларда, турли жойларда бўлди ва бошқа илмларга аралашиб кетди. Мисол учун, усулул фиқҳ илмида, фиқҳ илмининг ўзида, ҳадис илмида ровийлар тўғрисида «жарҳ», «таъдийл», «зобт» каби «Мусталаҳул ҳадис» илмининг истилоҳлари ишлатиладиган бўлиб қолди.

Бунга мисол қилиб айтадиган бўлсак, имом Шофеъийнинг «Ар-рисала» ва «Ал-умм» деган иккита катта китоблари бор. Бу китобларни ўқиган одам уларда «Мусталаҳул ҳадис»га оид гаплар борлигини ва бу гаплар тарқоқ ҳолда, у ер-бу ерда келганини мушоҳада қилади.

Охири келиб бу илм пишиб етилди, истилоҳлари ва қоида-қонунлари қарор топди ва ўзидан бошқа илмлардан ажралиб, мустақил илм шаклига келди. Бу нарса ҳижрий тўртинчи асрда юзага чиқди. Шундан бошлаб уламолар мусталаҳ илми ҳақида алоҳида мустақил китоблар ёздилар. Манбалар асосида тайёрланди.

Тошкент Ислом институти

махсус сиртқи бўлим талабаси

Оралов Усмонали 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид