РАМАЗОНДА САЛОМАТЛИК

РАМАЗОНДА САЛОМАТЛИК

imon.uz 07-05-2019 4265

Рўза фойдалари, тавсиялар ва маслаҳатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

КИРИШ

Икки дунё саодатига эришишимиз учун бизни Исломга ҳидоят қилиб, унинг арконларидан бири бўлган рўзани фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин. 

Рўза фақат Аллоҳ учун тутилиши, унинг мукофатини Ўзи бериши, дўзахдан тўсиқ бўлишидан бохабар этиб, фойда ва ҳикматларидан баҳра олишимиз тарафдори бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, оилаларига, саҳобаларига ҳамда қиёматгача кечаю кундуз изларидан эргашувчиларга дуруд ва саломлар бўлсин 

Рўза Исломда Аллоҳ таоло тарафидан бўлган бошқа шаръий таклифлар каби илоҳий ҳукмдир. Унинг Робб ва Илоҳ экани бандаларига Ўзи хоҳлаган нарсаларни таклиф қилишни ҳамда Ўзи истаган ибодат ва шаръий амалларни шариат қилиб беришини тақозо этади. Бу билан Аллоҳнинг Робб ва банданинг банда экани кўринади. Рўза тутишга ундашда мусулмон шахсга “Сизни Аллоҳ таоло рўза тутишга буюрмоқда”, дейишнинг ўзи етарли. Унинг фойдалари, сир-асрорлари ва ҳикматлари тўғрисида тўхталиб ўтиришга ҳожат ҳам йўқдек.

Албатта, ҳар қандай ибодатдан мурод, энг аввало, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш ва у Зотга яқинлик (қурбат) ҳосил қилишдан иборатдир. Оламлар Парвардигари бандаларига буюрган амалларнинг ҳикмати ва мўъжизалиги ҳам шундаки, улардан охират савобини топганимиз қатори дунё ҳаёти учун ўзимизга кўплаб фойдалар ҳам оламиз. Буни ҳаётимизда кўзларимиз билан кўриб, ақлимиз орқали идрок қилиб турамиз. 

Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзига нисбат бериб амр этган рўза ибодати ҳам, агар барча белгиланган тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда бажарилса, ҳар бир инсон, бутун жамият учун кони фойдадир. Аммо яна бир бор таъкидлаш лозимки, бизга қилинган таклиф ва хитоблардан мақсад ўша ҳикматлар эмас. Улар самара ва натижалар, холос. Бироқ шу фойда ва ҳикматлар сабаб, кўнгилларимизда ибодатларга нисбатан завқу шавқ зиёдалашиб боради. 

Рўзадор шахс нафақат еб-ичиш ва жимоъдан тийилади, балки рўзаси тўкис бўлиши учун ҳар томонлама тийилиш лозим. Унинг қалби кибр, ужуб, сумъа ва шу кабилардан, кўзи ножўя нарсалар ва номаҳрамларга боқишдан, қулоғи эшитмаслиги лозим бўлган гапларни эшитишдан, тили ғийбат, чақимчилик ва ҳақорат каби номақбул амаллардан рўза тутади. Қўйингки, рўзадор киши муҳим ибодатда эканини бутун вужуди билан ҳис қилмоғи лозим. Шунда ҳақиқий рўза тутган ҳисобланиб, унда мужассам сир-асрор, фойда ва ҳикматлардан тўлиқ баҳраманд бўлади.

Гапимиз муқаддимасидан билиниб турибдики, ушбу рисола рўзанинг сир-асрорлари ва фойдаларидан бири – саломатликка эришиш ҳақидадир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, рўзада организмнинг соғломлашуви учун беҳисоб фойдалар мавжуд, айниқса, рўзадор шахс шу ибодати давомида еб-ичишида мўътадилликдан чиқиб кетмаса, фойдаси янада кўпроқ бўлади.

Рўзанинг таклиф қилинишидаги асосий ҳикматни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда баён қилиб қўйган: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси 183-оят). Демак, рўзанинг шариатга киритилишидаги бош ҳикмат рўзадорлар Аллоҳдан қўрқадиган тақводор бўлишларидир.
Одамлар ҳамма даврларда фикрлари, мантиқлари ва шароитлари тақозоси билан ибодатларнинг кўпгина фойда ва ҳикматларини билганлар. Бу ўша ибодатларга таклиф қилган Зот буюк, тадбирли ва ҳаким эканидан далолатдир: “(Бу) барча нарсани пухта қилган зот – Аллоҳнинг синоатидир. Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир” “(Бу) барча нарсани пухта қилган зот – Аллоҳнинг синоатидир. Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир” (Намл сураси 88-оят).
Рўза ички ва ташқи аъзоларни муҳофаза қилади, зарарли моддаларни чақирувчи чўкиндилардан ҳимоялайди ҳамда организмнинг саломатлигига монелик қилувчи микроб ва бактериялардан халос этади.

давоми бор....

Абдулҳодий Ғиёс  саҳифасидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид