НИСОБЛАР ҲАҚИДА 2

НИСОБЛАР ҲАҚИДА 2

imon.uz 2025-03-21 01:28:23 57

15) Савдо молларининг қиймати қайси шаҳарда чиқарилади?

  Мол эгаси молининг қийматини мол турган шаҳарда чиқаради. Агар бир киши ўз молини хизматкоридан бошқа шаҳарга тижорат учун жўнатган бўлса-ю, бир йил тўлса, савдо молларининг қиймати ўша шаҳарда чиқарилиб, ўша қийматдан закот берилади. Агар савдо моли чўлда бўлса, чўлга энг яқин шаҳар нархида қийматланади.

16) Ижарага бериладиган нарсаларнинг қийматидан закот бериладими?

  Йўқ, ижарага бериладиган нарсаларнинг қийматидан закот берилмайди. Балки уларнинг ижарасидан келган пулдан закот берилади. Масалан, бир киши бир қанча дастгоҳлар сотиб олиб, ижарага берса, закот бермайди. Ғалла омборларидан ҳам закот берилмайди. Агар улар ижарага берилган бўлса, уларнинг ижара пулидан закот берилади. Ҳозирги пайтдаги ижарага бериладиган уй ва машиналарнинг ҳукми шу кабидир.

17) Бир киши ўз ерида қиймати нисоб қийматига етадиган буғдой ва унинг ушрини бергандан кейин сотишни ният қилиб бир йил сақлаб турса, ундан закот берадими?

  Йўқ, ундан закот бермайди. Чунки у савдо амалиётини қилмагани учун ниятнинг ўзи билан маҳсулот савдо молига айланмайди.

18) Бир кишининг чорва моллари бўлиб улардан закот чиқариб, кейин сотса. Лекин унинг қўлида нисобига етган яна бошқа пули бўлиб, унга энди ярим йил ўтган бўлса, нима қилади?

  Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздида қўлидаги пулни сотилган чорваларнинг пулига қўшмасдан алоҳида бир йил айланишини кутади. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг наздида эса чорванинг пули қўлидаги пулга қўшилиб, иккисидан закот беради. Агар чорваларнинг пули закот нисобига етмаса барча имомлар наздида қўлидаги пулга қўшилиб, иккисидан закот чиқарилади.

19) Бир киши пулининг закотини бергандан сўнг, ўша пулга чорва молларини сотиб олса, уйидаги чорва молларидан закот бераётганда янги олган чорваларини ҳам қўшиб ҳисоблайдими?

  Йўқ, уларни қўшмайди. Чунки кейин сотиб олинган чорвалар закоти тўланган молнинг бадалидир. Яъни закоти тўланган мол баробарига сотиб олинган чорва моллардир.

20) Бир кишининг моли нисобга етгандан сўнг, унга бир йил айланишидан олдин закот берса бўладими?

  Ҳа, бўлади. Лекин нисобга етмаган бўлса, олдиндан закот бериши жоиз бўлмайди.

21) Бир йил айланишидан олдин закот беришнинг шартлари борми?

  Ҳа, унинг учта шарти бор:

1. Олдиндан закот бермоқчи бўлган пайтда кейинги йилнинг кирган бўлиши.

2. Олдиндан закоти берилган молнинг нисоби йилнинг охирида ҳам турган бўлиши.

3. Йил тугаган пайтда ҳам нисобининг туриши.

  Бир киши моли нисобга етмай туриб, олдиндан закот берса, кейин моли нисобга етса. Ёки моли нисобга етиб, бир йил тўлишидан олдин закотини берса-ю, кейин нисобидан камайиб кетса. Ёки закотини бир йил тўлишидан олдин берса-ю, ўша пайтда мол нисобига етган бўлиб, кейин молнинг барчаси йўқ бўлиб кетса, олдиндан берилган закот нафл садақа бўлади, фарзга ўтмайди.

22) Бир турдаги молнинг нисобига эга бўлган киши учун бир неча турдаги моллардан закот бериши жоизми?

  Ҳа, жоиз. Масалан, бир кишининг туя, қорамол ва қўйлари бўлиб, фақатгина туяси нисобга етган бўлса, туядан закот бериши фарз, шу билан бирга, қорамол ва қўйдан ҳам закот бериши жоиздир.

23) Бир кишининг 85 гр тилла қийматига тенг келадиган моли бўлса-ю, у 170 гр тилла қийматига тенг келадиган миқдордаги молнинг закотини бериб юборса. Бир йил ўтмасдан яна бошқа 85 гр тилла қийматига тенг келадиган молга эга бўлса, берилган закот икки нисобнинг закотига ўтадими?

  Мол эгаси: «Агар бир йил тўлмасдан яна 85 гр тилла қийматига тенг келадиган молга эга бўлсам, бу иккисининг закоти, агар эга бўлмасам, биринчи 85 гр тилла қийматига тенг келадиган молнинг икки йиллик закоти», деса, айтганига ўтади.

24) Бир киши молини 170 гр тилла қийматига тенг келадиган миқдорда деб ўйлаб закот берса. Кейин моли 85 гр тилла миқдорига тенг эканлиги маълум бўлса ошиқча тўланган закотини кейинги йилнинг закотига ўтказса бўладими?

  Ҳа, бўлади. Шунда қолгани иккинчи йилнинг закотига ўтади. Чунки у бошида барча молининг закотини чиқаришни ният қилган эди.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 3" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид