НИСОБЛАР ҲАҚИДА 4

НИСОБЛАР ҲАҚИДА 4

imon.uz 2025-03-21 01:31:01 67

36) Закоти берилмайдиган моллар қайсилар?

Закот берилмайдиган моллар қуйидагилар:

1. Дарё ва денгиздан чиқадиган дур, анбар, балиқ, тоғ конларидан олинадиган олмос, ёқут, маржон ва шунга ўхшаш зеб-зийнат тошларидан закот вожиб бўлмайди. Шунингдек, тилла ва кумушдан бошқа платина каби қимматбаҳо конлардан ҳам закот вожиб бўлмайди. Фақат улар тижорат учун олинмаган бўлиши шарт. Агар тижорат учун сақланаётган бўлса, закот фарз бўлади.

2. Яшашга тайёрлаб қўйилган ҳовлилар, агар бир нечта бўлса ҳам. Шунингдек, ишлатишга ёки ишлаб чиқаришга тайёрлаб қўйилган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар қанча кўп ва қимматли бўлса ҳам закот вожиб бўлмайди.

3. Турган жойи маълум бўлмаган молга закот берилмайди.

4. Гаровга қўйилган молда, гаровга қўйганга ҳам, гаровга олганга ҳам закот вожиб бўлмайди.

5. Тижоратни ният қилмасдан пулни банд қилиш учун олиб қўйилган барча турдаги молларидан закот фарз бўлмайди. Лекин тилла, кумуш ва барча пул бирликлари ва йилнинг кўпроқ қисмида яйловда боқиладиган чорва ҳайвонларидан закот берилади. Эгалик қилиш учун ёки тижорат учун бўлсин фарқи йўқ. Чунки улар ўсувчи моллардир.

37) Бир киши фойда топсам сотарман деган ниятда бир нарсани эгалик қилиш ёки кенгчилик учун сотиб олса, ундан закот берадими?

У кишининг зиммасига бу молдан закот йўқ. Чунки ният иккиланмасдан, собит (мустаҳкам) қасд қилишдир. Бу ўринда тижорат собитлик билан қасд қилинмади. Аммо у молни фақат сотиш ёки тижорат учун сотиб олган бўлса, унда закотнинг шартлари тўлиқ топилса, унга закот вожиб бўлади.

38) Чорва молларидан мақсад нима?

Чорва моллари яйловда боқиладиган ва емланадиган туя, қорамол, қўй ва эчкилардир.

39) Яйловда боқиладиган ва емланадиганнинг маъноси нима?

Яйловда боқиладиган дегани йилнинг кўп қисмида оммавий яйловда боқиладиган чорвалар. Емланадиган чорва молларига ярим йил ёки унда кўпроқ муддатда чорва эгаси ҳайвонларининг емини машаққат билан топиб едиради. Ем ёки ўтларни ўзи экади ёки сотиб олади.

40) Яйловда боқиладиган ва емланадиган чорваларга закот вожиб бўладими?

Емланадиган чорвалардан мақсад фақат боқиш бўлса, унда закот вожиб бўлмайди. Аммо Тижорат мақсадида боқиб, семиртириш бўлса, закот вожиб бўлади. Яъни семиртириб, сотиш мақсадида боқаётган бўлса, тижорат моли деб эътиборга олинади. Унинг қийматидан закот фарз бўлади. Яйловда боқиладиган чорва ҳайвонларида қуйидаги шартлар тўлиқ топилса закот вожиб бўлади.

1. Йилнинг ярмидан кўпроқ қисмида чўл ёки яйловда боқилмоғи.

2. Боқишдан асосий мақсад наслини кўпайтириш ёки жуни еки сути учун боқиш. Агар миниш ёки юк ортиш, қўшга қўшиш учун бўлса, закот вожиб бўлмайди. Агар тижорат учун яйловда боқилса, ундан тижорат закоти берилади, чорванинг закоти эмас. Яъни у чорваларнинг қиймати(нархи)дан закот берилади. Закот нисобига етган сонидан эмас.

3. Нисобга етмоғи. Нисоб – закот вожиб бўладиган миқдорнинг энг ози. Агар чорва ҳайвонлари ўзаро шерикчилик асосида бўлса, бир шерикнинг ўз ҳиссаси нисобга етмагунича унга закот вожиб бўлмайди. Чунки шерикчиликда ҳар кимнинг ўз ҳиссаси нисобга етиш керак. Ҳиссалари нисобга етмаганларига эса закот вожиб бўлмайди.

4. Чорва ҳайвонлари эгасининг мулкида бўлган ҳолда унга бир йил айланган бўлмоғи. Бир йил айланишида йилнинг аввали охири эътиборга олинади. Йилнинг аввалида нисобига етса, сўнг камайса, яна йилнинг охирида нисоб мукаммал бўлса, унга закот вожиб бўлади. Агар йилнинг охирида нисоб мукаммал бўлмаса, закот вожиб бўлмайди.

5. Чорва ҳайвонларининг нисобга етишида ҳаммаси катта бўлиши шарт эмас. Агар ҳаммаси кичик бўлиб, улар билан битта каттаси қолса ҳам ҳаммасига закот вожиб бўлади. Бир кишининг кўпгина чорва ҳайвонлари бўлиб, катталарини сотиб, кичикларининг ўзини қолдирса, кичикларига закот вожиб бўлмайди. Қачонки улар ҳам нисобга етиб закот чиқариш ёшига етса, закот вожиб бўлади.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 3" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид