ЕЙИЛМАЙДИГАН ҲАЙВОНЛАР ҲАҚИДА

ЕЙИЛМАЙДИГАН ҲАЙВОНЛАР ҲАҚИДА

imon.uz 2023-09-15 01:46:19 796

Аллоҳ таоло: «Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, (ҳалол). Ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам, (ҳаром қилинди), деган.

Шарҳ: Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда.
Аслида гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган. Уларнинг барчасининг асли ҳалол. Модомики ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахсининг ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади.
Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина у ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмол этишга рухсат берилади.
Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.
Ушбу оятда ўзи аслида ҳалол бўлса ҳам, шаръий йўл билан сўйилмагани учун гўшти ҳаромга айланиб қоладиган ҳайвонлардан бир неча тоифаси зикр этилган.

Биринчиси
«ўлимтик».
Яъни, Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонлардан ўзи ўлиб қолганининг гўшти ҳаром бўлади. Соф инсоний табиат ўлимтикни хоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни билиб туриб ейиш учун инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига, ҳайвон оғир касаллик етмаса, ўзидан-ўзи ўлмайди. Касаллик билан ўлган ҳайвондаги турли иллатлар ва микроблар унинг бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш ҳикматларни кўплаб кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикмати бор.

Иккинчиси
«қон». 
Яъни, ҳайвонни сўйганда оққан қонини тўплаб олиб истеъмол қилиш ҳам ҳаромдир. Сўйилган ҳайвонларнинг томирларида қолган қонлар ҳаром эмас. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғизидан оққан қонни ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошқа зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тўплаб, тановул қилиш кони зиён. Аллоҳ таоло инсонга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.

Учинчиси
«чўчқанинг гўшти». 
«Гўшти» дейилганидан ёғи ёки бошқа жойи ҳалол экан–да, деган фикр келмаслиги керак. Чўчқа буткул ҳаром. Ўлимтик, қон каби у ҳам нажас-ифлос бўлгани учун ҳаром.
Қолаверса, чўчқа табиати бузуқ, ифлос ҳайвон, нима кўринса еяверадиган махлуқ. Соф табиат эгалари ундан нафрат қиладилар.
Ейилган озуқа инсон вужудига сингиб, ўз таъсирини ўтказади. Масалан, баъзи дориларни ичсангиз, Аллоҳ у моддаларга берган хусусият туфайли танадаги оғриқ қолади, баъзилари истеъмол қилинса, асаб ўрнига тушади ва ҳоказо. Шунингдек, баъзи овқатлар иссиқлигингизни ошириб юборса, бошқаси совуқлигингизни оширади. Хулоса шуки, тановул қилинган озуқалар инсонга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказади.
Тажрибалиларнинг таъкидлашича, дунёда эркаги урғочисини қизғонмайдиган бирдан-бир ҳайвон чўчқа экан. Балки шу боисдандир, чўчқа гўшти кўп истеъмол қиладиган халқларнинг эркаклари аёлларини қизғанмайдилар, бу масалада иффат ва номус нималигини билмайдиган даюсларга айланиб қолганлар.
Тиб олимлари чўчқа гўштида қон-томир ва юрак касалликларни тарқатувчи моддалар борлигини ҳам аниқлашди. Яна бошқа кўпгина зарарлари ҳам аён бўлди. Бу ҳақда ҳатто ўзлари чўчқа гўштини истеъмол қиладиган халқларнинг вакиллари, Қуръон ва Исломдан бехабар кишилар илмий ишлар қилдилар, алоҳида китоблар ҳам ёздилар.

Тўртинчиси:
«Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, аввал айтганимиздек, иймон тақозосига тўғри келмаганидандир. Уни яратган ва унга жон берган Зотнинг номини қўйиб, бошқанинг номи ила сўйилганидандир.

Бешинчиси:
«Бўғилиб ўлган».
Ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади.

Олтинчиси:
«Уриб ўлдирилган».
Бунда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Кимки бир ҳайвонни тош, ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирган бўлса, гўшти ҳаромга айланади.

Еттинчиси:
«Йиқилиб ўлган».
Тоғданми, баланд жойданми йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам ҳаром.

Саккизинчиси:
«Сузиб ўлдирилган».
Икки ҳайвон бир-бири билан сузишсаю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир.

Тўққизинчиси:
«Йиртқич еган ҳайвон».
Яъни, бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб еса, ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади.
«Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, (ҳалол)».
Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади.

Ўнинчиси:
«Бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам (ҳаром)».
Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга сўйилгани учун ҳаромдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни фатҳ қилганларида қишлоқдан эшакларга эга бўлдик ва баъзиларини пиширдик. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!» деб нидо қилдилар. Бас, ичида улар қайнаб турган қозонлар ағдарилди». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда келаётган воқеъа машҳурдир. Чунки у Мадинаи Мунаввара яқинидаги яҳудийлар яшайдиган Хайбар номли жойда, ўша ернинг яҳудийлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар тўқнашган кунда кўпчиликнинг иштирокида бўлиб ўтган.
Жиҳодга чиққан саҳобалар ўзларига таом пишириш учун ҳаракат қилишиб Хайбарда қўлларига тушган эшакларни сўйиб, қозонга солиб пишира бошлашган.
Бошқа ривоятларда айтилишича, одамлардан баъзилари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуларига келиб, эшаклар ейилмоқда, деб икки марта хабар берган, учинчи мартада эса, эшаклар битирилмоқда, деб айтган.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга одамлар ичида:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!» деб жар чақиришни амр қилганлар.
Бу нидони эшитиш билан ҳамма ичида эшак гўшти қайнаб турган қозонларни ағдариб ташлаган. Шу билан иш тамом бўлган. Ҳамма ўз ишини қилиб кетаверган.
Аммо, кейинчалик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтганларидан кейин бу масала яна қайта қўзилганда, мазкур амрни ҳар ким ҳар хил тушингани маълум бўлган.
Баъзилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эшаклар улов сифатда зарур бўлгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур нидони қилганлар, деган.
Бошқалар, эшаклар ифлос бўлгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни емоқни ман қилганлар, деган.
Учинчилари эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амрлари доимийдир, деб зарурат учун эмас, аслида эшак ҳаромлигини таъкидлаганлар.
Тўртинчилари, мазкур эшаклар Хайбарда қўлга тушган ўлжалар шариат ҳукми бўйича тақсим қилинмасдан олдин пиширилгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан наҳий қилганлар, дейишган.
Охири бориб, бу масала бўйича ҳал қилувчи сўзни айтиш учун Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳуга мурожаат қилганлар. У киши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрлари доимийдир, деб айтганлар ва ихтилоф тугаган.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим масалани оммага етказиш учун жар чақириш кераклиги.
2. Зарур гапни кишиларга етказишда «огоҳ бўлинглар!» ва шунга ўхшаш лафзларини ишлатиш.
3. Хонаки эшакларнинг ҳаром, ифлос ва шайтоннинг амали экани.
4. Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг амрини эшитиш билан унга дарҳол амал қилиш кераклиги.

ал-Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир. Огоҳ бўлинглар! Ҳали, сўрисида ўтирган қорни катта одам, сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар! дейди ҳам. Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун; хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ва муоҳиднинг эгаси беҳожат бўлмаган, йўқотиб қўйган нарсаси ҳалол бўлмас! Ким бир қавм ҳузурига меҳмон бўлиб тушса, уни зиёфат қилмоқлари лозим. Агар зиёфат қилмасалар, унинг зиёфат мислича нарсани олишга ҳаққи бор», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча муҳим масаларни ёритиб бермоқдалар.
Биринчи масала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир» деган гапларида ўз аксини топгандир.
Ушбу жумладаги «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, «унинг мисли»дан мурод эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръони Каримнинг мисли-ўхшашидир.
Шунинг учун мусулмонлар суннатга Қуръони Каримга бўлган муносабат мислида муносабат кўрсатишлари керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни берган Аллоҳ таоло суннатни ҳам бергандир. Берганда ҳам Қуръони Карим мисли қилиб бергандир.
Қуръонга эътиқод қилгандек, суннатга ҳам эътиқод қилиш керак.
Қуръони Каримга амал қилгандек, суннатга ҳам амал қилиш керак.
Қуръони Карим Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳйи бўлса, суннат ҳам Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳйидир.
Фарқ Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ томонидан, суннатнинг эса, маъноси Аллоҳ томонидан, лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан бўлганлигидадир.
Бу маънолар ҳеч қачон Қуръони Каримнинг мартабасини пастлатмайди. Ҳамма Қуръони Карим биринчи масдар, суннати мутаҳҳара иккинчи масдар эканлигини яхши билади. Лекин баъзи калтафаҳм одамлар ушбу маунони тушиниб етмайдилар. Ана ўша ҳолат ҳадиси шарифнинг давомида муолажа қилинмоқда.
Иккинчи масала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлинглар! Ҳали, сўрисида ўтирган қорни катта одам, сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар! дейди ҳам» деган гапларида ўз аксини топган.
«Қорни катта» деганда, айшу-сафо билан ҳаёт кечириб, семириб, босар-тусарини билмай қолган калтафаҳм одам тушинилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу гаплари билан келажакда бўладиган ишдан хабар берган эдилар.
У зотнинг айтганлари вақти-соати етиб юзага чиқди. Ислом уммати орасидан «қорни катта» калтафаҳмлар чиқди. Улар турли давр, жой ва шароитларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳараларини инкор қилдилар ва қилмоқдалар.
Бу ишни биринчи бўлиб Хаворижлар ва Рофизалар қилдилар. Улардан кейин ҳам турли тоифалар чиқиб, Қуръонга амал қилсак бўлди, суннатнинг кераги йўқ, қабилидаги гапларни айтдилар ва айтмоқдалар. Уларнинг калтафаҳмлик билан қилган даъволарига уламоларимиз етарли жавобларни бердилар ва бермоқдалар. Биз бу масалада фақат ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадис доирасида қисқагина тўхталамиз, холос.
Агар мазкур «қорни катта»ларнинг:
«Сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар!» деган гапларига кирадиган бўлсак, Қуръони Каримда ҳаром қилинган ҳайвонлар билан кифояланиб, кўпгина нарсаларнинг ҳукмини била олмай қийланар эдик.
Мисол учун, хонаки эшаклар ҳақида Қуръони Каримда ҳеч нарса дейилмаган. Унинг ва унга ўхшаш кўпгина нарсаларнинг ҳалол ёки ҳаром эканлигини Қуръоннинг мисли бўлган суннати мутоҳҳара баён қилиб берган. Унинг намунаси ушбу ҳадиси шарифда ҳам келмоқда.
Учинчи масала:
«Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун; хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ва муоҳиднинг эгаси беҳожат бўлган, йўқотиб қўйган нарсаси ҳалол бўлмас!»
Ушбу жумлада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Аллоҳ таоло томонидан Қуръони Карим мислича қилиб берган суннати мутоҳҳара орқали Қуръони Каримда ҳалол ёки ҳаромлиги баён қилинмаган уч нарсанинг ҳаромлигини айтиб бермоқдалар.

1. Хонаки эшаклар.
2. Барча озиқ тишли йиртқич ҳайвонлар.
3. Муоҳиднинг эгаси беҳожат бўлмаган, йўқотиб қўйган нарсаси.

Муоҳид - мусулмонлар ила аҳднома тузиб яшаётган ғайридин киши. Ана ўшандоқ одамнинг йўқотиб қўйган нарсасини топиб олган одам, бу ғайридиннинг нарсаси экан ўзимники қилиб олсам бўлаверади, деган фикирга бориши мумкин эмас.
Тўртинчи масала:
«Ким бир қавм ҳузурига меҳмон бўлиб тушса, уни зиёфат қилмоқлари лозим. Агар зиёфат қилмасалар, унинг зиёфат мислича нарсани олишга ҳаққи бор».
Исломда меҳмон қанчалик қадрланишини яққол кўрсатувчи бу масала ўз жойида батафсил ўрганилади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аҳамиятли ишни баён қилишдан олдин «огоҳ бўлинглар!» ёки шунга ўхшаш танбиҳ ибораларини ишлатиш кераклиги.
2. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим билан бирга унинг мисли-суннатни ҳам берганлиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кеажакда бўладиган баъзи ишлар ҳақида хабар берганлари.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларидан кейинги вақтларда Қуръони Каримни лозим тутсак бўлди, суннатнинг кераги йўқ дейдиган кишилар чиқиши ва улар ўзига тўқ одамлардан бўлиши.
5. Хонаки эшак ҳаромлиги.
6. Озиқ тишли барча йиртқич ҳайвонлар ҳаром экани.
7. Муоҳид-биз билан аҳдномаси бор ғайридиннинг йўқотиб қўйган нарсасини ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром экани.
8. Меҳмоннинг қадри улуғлиги.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни бизларни хачирлар, эшаклардан қайтардилар, отлардан қайтармадилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Хачирларнинг ҳаромлиги.
2. Эшакларнинг ҳаромлиги. Албатта, хонаки эшакларнинг ҳаромлиги.
3. Отларнинг ҳалоллиги.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида типратикон зикр қилинди. Бас, у зот: «У ифлослардан бир ифлосдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан типратикон ҳам ҳаром эканлиги келиб чиқади. Шунингдек, сичқон, калтакесак, илонлар ва уларнинг тоифасига ўхшаш бошқа зараркунанда ҳайвочалар ҳам ҳаромдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўри ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Яхшилиги бор бирорта бўрини ермиди!» дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан Бўрининг ҳаромлиги келиб чиқади.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сиздан ер ҳайволари ҳақида сўраб келдим, тулки ҳақида нима дейсиз? дейилди.
У зот: «Тулкини ким ҳам ер эди», дедилар».
 Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан тулкининг ҳаромлиги чиқади.

Абу Воқид ал-Лайсийдан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар туяларнинг ўркачларини ёрар ва қўйларнинг думбасини кесиб олар эдилар. Бас, у зот: «Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда жоҳилиятнинг яна бир жаҳолатини Ислом дини қандоқ муолажа қилгани ҳақида сўз кетмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган пайтларда у ернинг аҳли тирик туяларнинг ўркачларини ёриб, ичидаги мойни олиб фойдаланишир ва шунингдек, тирик қўйларнинг думбаларидан кесиб олиб ишлатишар эдилар. Улар ҳайвонларга раҳм-шафқат қилиш нималигини билмас эдилар.
Аллоҳ таоло томонидан оламларга, жумладан, ҳайвонот оламига раҳмат қилиб юборилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга чидаб тура олмадилар ва:
«Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир» деб эълон қилдилар.
Шундоқ қилиб, ҳайволарга мазкур турда азоб бериш барҳам топди ва тирик ҳайвондан кесиб олинган бўлак ўлимтик қандоқ ҳаром бўлса, шундоқ ҳаром қилинди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «жаллола»дан ва унинг сутларидан қайтардилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот туянинг «жаллола»сининг минилишидан ва сутларини ичилишидан қайтардилар», дейилган.
 Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: «Жаллола» нопок-ифлос нарсаларини ейишга одатланиб, уларни кўп еганидан ўзи ҳам, сути ҳам сасиб кетган ҳайвонлардир. Уламоларимиз, таомининг ҳаммаси ёки кўп қисми ифлос нарсалардан иборат ҳайвон «жаллола» бўлади, деганлар. Баъзилари гўшти ва сутида сассиқ ҳид бўлган ҳайвон «жаллола» бўлади, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, «жаллола»нинг гўштини емоқ, сутини ичмоқ, ўзини минмоқ ҳаром бўлади. Аммо ул ҳайвонларни боғлаб тоза-пок озуқа бериб, парваришлаб ифлослигини кетказилса, ҳалолга айланадилар. Ана ўшанда уларнинг гўштини еса, сутини ичса ва ўзини минса бўлади.
Уламоларимиз баъзи «жаллола» ҳайвонларнинг тозаланиш муддатларини ҳам аниқлаганлар:
- Қорамол қирқ кунда.
- Қўй-эчки етти кунда.
- Товуқ ва унга ўхшаш нарсалар уч кунда.

Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичларни емоқдан наҳий қилдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ўтган ҳадислардан биридаги маънони таъкидламоқда. Йиртқич ҳайвонлар турли ҳаром хариш нарсаларни, хусусан, ўлимткларни ва шунга ўхшаш зарарли нарсаларни ейди. Шунинг учун ўзлари ҳам ўша нарсаларга ўхшаб ифлос ва зарарли бўладилар. Одамларни мазкур зарарлардан ҳимоя қилиш мақсадида йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.
Энг асосийси йиртқич ҳайвоннинг гўштини еган одамга ўша ҳайвоннинг йиртқичлик сифати ўтиб қолиши турган гап. Шунинг учун йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичлардан ва тирноқли қушлардан наҳий қилдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда авваллари айтилган йиртқич ҳайвонларга йиртқич қушлар ҳам қўшилмоқда. Ўлжасига чангалидаги тирноқлари ила зарба бериб, ҳамла қиладиган йиртқич қушлар ҳам, озиқ тишли йиртқич ҳайвонлар ҳаром қилинган сабаб ва ҳикматларга биноан ҳаром қилинган.
Озиқ тишли йиртқичларга; шер, йўлбарс, қоплон, бўри, чиябўри, тулки, фил, маймун, айиқ каби ҳайвонлар киришини уламоларимиз ўз китобларида зикр этганлар.
Тирноқли йиртқич қушларга эса, бургут, лочин, қирғий, тасқара каби гўшт ейдиган қушлар киради ва уларнинг барчаси ҳаром ҳисобланади.
Ушбу фаслда ўтган ҳадисларни мулоҳаза қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг биз бандаларга қанчалар меҳрибон экани яна бир бор кўзга ташланади.
Қайси нарса шариатимиз томонидан ҳаром қилинган бўлса, бизнинг фойдамиз учун, биз зарар тортмаслигимиз учун қилинган бўлади.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид