130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

НИСОБЛАР ҲАҚИДА 5
imon.uz 2025-03-21 01:32:38 5441) Киши бир нарсани эгалик қилиш ёки кенгчилик учун сотиб олса ва сотиб олганидан кейин уни тижоратга деб ният қилса, унга закот бериладими?
Йўқ, уни сотмагунича у молдан закот вожиб бўлмайди. Гарчи унинг ҳузурида йиллаб қолиб кетса ҳам. Чунки тижорат ният ва амалдан иборатдир. Шунинг учун ният амал (сотиб олиш) пайтида бўлмаса, эътиборга олинмайди. Сотиб олгандан кейинги ниятнинг эътибори йўқ.
42) Қўйнинг нисоби нечта ва унда нима вожиб бўлади?
Қўй ва эчки эркак бўлсин, урғочи бўлсин ҳаммасида закот вожиб бўлади. Қўйнинг нисоби қирқтадир. Ундан камида закот вожиб бўлмайди. Қуйида қўйнинг сони кўпайишига нисбатан қанча закот вожиб бўлиши келтирилган:
40 тадан 120 тагача битта қўй;
120 тадан 200 тагача иккита қўй;
201 тадан 399 тагача учта қўй;
400 тадан 499 тагача тўртта қўй;
500 тадан 599 тагача бешта қўй ва ҳоказо, ҳар юзтага биттадан қўй.
43) Сигирнинг нисоби нечта ва ундан нима бериш вожиб бўлади?
Сигир (қора мол) ўттизтага етганда закот берилади. Ундан камида закот вожиб бўлмайди. Ўттизтага етганда бир ёшли бузоқ, қирқтага етганида икки ёшли эркак ёки урғочи мол берилади. Қуйида сигирларнинг сони кўпайишига нисбатан қанча закот вожиб бўлиши кўрсатилган:
30 тадан 39 тагача битта бир ёшли;
40 тадан 59 тагача битта икки ёшли;
60 тадан 69 тагача иккита бир ёшли;
79 тадан 80 тагача иккита, битта икки ёшли ва битта бир ёшли;
80 тадан 89 тагача иккита икки ёшли;
90 тадан 99 тагача учта бир ёшли ва ҳакозо.
Юзтада битта икки ёшли ва иккита бир ёшли берилади. Яъни қирқтадан икки ёшли ва ҳар бир ўттизтадан биттадан, бир ёшли бериб борилади. Юзтадан кейин ҳам худди шундай ҳисобланади. Ҳар қирқтадан икки ёшли ва ҳар ўттизтадан бир ёшли берилади.
44) Туянинг нисоби нечта ва унда нима вожиб бўлади?
Туя дегани барча турдаги туяни ўз ичига олади. Туянинг нисоби бештадир. Унда эркаги, урғочиси баробар. Қуйида туянинг сони кўпайишига нисбатан закот вожиб бўлиши кўрсатилган:
5 тадан 9 тагача битта бир ёшли қўй;
10 тадан 14 тагача иккита бир ёшли қўй;
15 тадан 19 тагача учта бир ёшли қўй;
20 тадан 24 тагача тўртта бир ёшли қўй;
25 тадан 35 тагача битта бинти мухоз (бир ёшдан ошган бўталоқ);
36 тадан 45 тагача битта бинти лабун (икки ёшдан ошган бўталоқ);
46 тадан 60 тагача битта ҳиққа (уч ёшдан ошган туя);
61 тадан 75 тагача битта жазъа (тўрт ёшдан беш ёшга ўтган туя);
76 тадан 90 тагача иккита бинти лабун;
91 тадан 120 тагача иккита ҳиққа;
121 тадан 149 тагача ҳар беш туядан бир қўй қўшиб беради.
Туя бир юз элликтага етганда учта ҳиққа берилади. Бир юз элликтадан ошса, ҳар бештада бир қўй берилади. Бир юз тўқсон олтитадан то икки юзтагача тўртта ҳиққа берилади. Ҳар бир юз элликтадан зиёда бўлганда худди шундай тартибда кетилади.
45) Отга ҳам закот борми?
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Отнинг закоти эгасининг ихтиёрида. Хоҳласа ҳар бир отдан бир динор, хоҳласа отнинг қийматини чиқариб, қийматининг қирқдан бирини закотга беради». Бир дона эркак отга билиттифоқ закот йўқ. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳумaллоҳ «От, хачир ва эшакдан закот йўқ. Магар тижорат учун бўлса, закот вожиб бўлади», деганлар.
46) Чорва ҳайвонларининг эркагини закотга берадими ёки урғочисиними?
Туянинг урғочиларини закотга беради. Чунки туядан закот беришда урғочилари ҳадисда нoмма-ном келтирилган. Қўйда ва қорамолда эса эркак, урғочисининг фарқи йўқ.
"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 3" китобидан.