130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

НИСОБЛАР ҲАҚИДА 3
imon.uz 2025-03-21 01:29:47 6125) Бир киши закотини бир йил олдин бир фақирга берса закот олган бир киши бир йил ичида бой бўлиб қолса ёки ўлса ёки муртад бўлиб қолса, унинг берган закоти ўтадими?
Ҳа, ўтади.
26) Агар йилнинг боши ва охирида мол нисобга етган бўлиб, йилнинг ўртасида нисобдан камайиб кетса, закот вожиб бўладими?
Ҳа, ушбу молдан закот бериш вожиб бўлади. Чунки йилнинг боши ва охирида мол нисобга етган бўлса, кифоя қилади. Чунки йилнинг бошида молнинг нисобга етиши билан закотнинг фарз бўлиш сабаби боғланади. Йилнинг охирида нисобда бўлиши билан эса ҳукм (закотнинг фарзлиги) собит бўлади.
27) Қарз молидан ким закот чиқаради? Қарз берган кишими ёки қарз олган кишими?
Қарзга берган киши закот чиқаради. Чунки у молнинг эгасидир.
28) Қарз неча турли бўлади?
Икки турли бўлади. Банда томонидан талаб қилинадиган қарзлар ва Аллоҳ томонидан талаб қилинадиган қарзлар. Бир киши бир одамдан қарздор бўлса, у банда томонидан талаб қилинадиган қарз бўлади. Чунки унинг эгаси сурайди. Бир кишига каффорат ёки назр лозим бўлган бўлса ёки ҳажга бориши фарз бўлиб қолган бўлса, у Аллоҳ томонидан талаб қилинадиган қарз бўлади.
29) Бу қарзлар ўртасида нима фарқ бор?
Биринчи турдаги, яъни банда томонидан талаб қилинадиган қарз закотни ман қилади. Мисол учун, бир киши бировдан қарз бўлиб, қарзи миқдордаги мол қўлида бўлса, ундан закот бермайди. Чунки бу мол унинг қарзи (аслий ҳожати) билан банддир. Оддийроқ қилиб айтганда, у бировнинг пулидир.
Иккинчи турдаги қарз закотни ман қилмайди. Мисол учун бир кишининг қўлида мол бўлиб, унинг зиммасида каффорат ёки назр ёки ҳаж вожиб бўлиб турган бўлса, аввал закотни беради. Кейин моли етса, назрини ёки каффоратини беради ёки ҳажга боради. Агар закотдан қолган моли етмаса, ушбу амалларни мол топганда бажаради.
30) Қўлидаги моли қарзидан ортмайдиган ёки қарзини тўлагандан кейин қўлида нисобдан кам мол қолган кишига закот вожиб бўладими?
Йўқ, унга закот вожиб бўлмайди. Чунки у мол қарзи (аслий ҳожати) билан банд. Шунинг учун у йўқ деб эътибор қилинади. Қарзини узгандан кейин нисоб миқдорича мол қолса закот беради, ундан кам қолса закот бермайди.
31) Бандалардаги қарзлар неча турли бўлади?
Уч турли бўлади:
1. Қарздор иқрор бўлиб турган қарз. Ундан закот берилади.
2. Қарздор инкор қилиб турган, лекин қарз берган кишининг гувоҳи ёки ҳужжати бор. Қарз эгаси молни олганидан кейин ўтган йилларнинг закотини беради.
3. Қарздор инкор қилиб турган ва қарз эгасининг гувоҳи ҳам, ҳужжати ҳам йўқ. Бир қанча йиллардан кейин ҳужжат ёки гувоҳ билан ёки қарздорнинг иқрори билан исботланса, ўтган йиллар учун закот чиқармайди.
32) Ҳожатдан ташқари бўлиб, ижарага берилган машина, ишлаб чиқариш ускуналари, турар жойлар ва бошқа нарсалардан закот бериладими?
Йўқ, агар уларни олиш пайтида тижоратни ният қилмаган бўлса, уларнинг ўзидан закот бермайди. Балки, ижарасидан келган пулдангина ёки ишлаб чиқаришдан тушган пулдан закот беради. Бир нарсадан икки томонлама закот берилмайди. Яъни унинг ҳам ўзидан, ҳам ундан келган фойдадан закот берилмайди. Балки, фақат ундан келган фойдадангина закот берилади. Агар уларни ижарага бермаса ҳам улардан закот бермайди. Чунки улар ўсувчи мол эмас. Гарчи уларнинг қиймати катта бўлса ҳам. Ўсувчи мол бўлиш учун сотиб олиш пайтида тижоратни ният қилган бўлиш шарт.
33) Закотни адо этиш пайтида ният қилиш шартми?
Ҳа, закотни адо қилиш ёки закотга чиқарилиши вожиб бўлган миқдорни ажратиш пайтида ният қилиш билангина закот жоиз бўлади. Чунки закот ибодатдир, ибодатда эса ният шартдир.
34) Закотни ният қилмаган ҳолда молининг барчасини садақа қилган кишининг ҳукми нима бўлади?
Унинг закоти ўтади. Чунки берилиши вожиб бўлган мол барча молнинг бир қисми. Берилиши вожиб бўлган мол унинг ичида тайин қилинганидир. Қайта тайин қилишга ҳожат йўқ.
35) Баъзи кишилар закот олишга ҳақли бўла туриб закотни закот деб берсангиз олмайди. Закотни айтиб бериш шартми?
Йўқ, закот деб бериш шарт эмас. Ажратиш ёки бериш пайтида ният қилишнинг ўзи кифоя қилади. Закот фарз ибодати бўлгани учун одамларни шу фарзга тарғиб қилиш учун ошкор бериш яхшидир.