БУГУННИНГ МУСУЛМОНИ (1)

БУГУННИНГ МУСУЛМОНИ (1)

Mimon.uz 2025-09-19 01:25:30 1

 Икки дона сўз, лекин олам олам маъно. Бу мақомга етишмоқ дунёларча машаққатли, аммо айни миқдорча самарали. Ислом тарихини кузатсак, уламолар ўз давридаги муаммолар билан курашиб келганларини кўрамиз. Ҳар даврнинг ўзига яраша буюк муаммоси бўлган. Ўша муаммо билан шуғулланиш натижасида, Ислом уммати орасида шу соҳада етук алломалар етишиб чиққан. Масалан, ҳижрий иккинчи асрда Ислом футуҳотлари кенгайиб, турли халқлар ўз урф-одатлари билан Исломга кира бошладилар.

Бунинг натижасида “Фалон турли таом ҳалолми?, Бу турдаги савдо жоизми?, Қуръон ва суннатдан фалон масалага қандай ҳукм оламиз ва ҳоказолар“ каби бир қанча фиқҳий масалалар юзага келди. Бу масалалар билан уламолар шуғулланиши ва одамларга бу масалаларнинг жавобини айтишнинг самараси ўлароқ тўрт буюк фиқҳий мазҳаб айни даврда шаклланди ва иккинчи ҳижрий аср фиқҳнинг олтин даври ўлароқ тарихга кирди. Орадан бир аср ўтар-ўтмас одамлар ўзларининг тўғрию хато ишларига ҳадисдан далил келтирадиган ва бунинг натижасида ҳатто ёлғон ҳадис ҳам тўқийдиган бўлиб кетишди.

Асл, пок ва тўғри Суннат муҳофазага муҳтож бўлиб қолди. Уламолар ушбу даврда ҳадисларни саҳиҳ, заиф ва тўқима каби турларга ажратиб, уларнинг орасидан тўқима бўлмаганларини қоғозга тушириб, сақлашга бел боғладилар. Айни шу даврда “олти саҳиҳ“ китоб ва кўплаб ҳадис манбалари ёзилди ва иккинчи ҳижрий аср ҳадис ва ҳадис илмининг олтин даври бўлиб қолди. Ундан кейинги асрда мусулмонлар орасида турли хил ақидалар тарқай бошлади. Янги мусулмон бўлган халқлар ўзларининг эски ақидалари қолипида Ислом ақидасини тушунишга уриндилар.

Бошқа тарафдан эса қасддан турли хил бузуқ ақидалар ёйила бошланди. Мусулмон омма орасида аввалда умуман низога сабаб бўлмаган мавзулар, бу даврга келиб икки мусулмонни бир-бирига қилич кўтартирган эди. Қолаверса “ҳақиқий тўғри ислом ақийдаси қайси?“, деган саволга жавоб бериш куннинг энг долзарб вазифасига айланди. Лекин Ислом уламолари бу жабҳада ҳам жонбозлик кўрсатиб, Исломнинг ҳақиқий тўғри ақийдаси Аҳли сунна вал жамоа эканини, турли ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаб бердилар.

Аҳли суннанинг икки буюк имоми Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий роҳимаҳумаллоҳлар айни даврда етишиб чиқиб, ақийда масалаларини тартибга солиб кетдилар. Бундан кейинги асрларга назар ташласак, мусулмонлар ички диний масалалардан бироз бўшаб, ғарб оламига юз қаратганларини кўрамиз. Юнон ва лотин тилларидан турли адабиётлар араб тилига таржима қилиниб, мусулмонлар турли илмларда чўққиларга эришдилар. Тиббиётда Ибн Сино, табиий илмларда Беруний, ақлий илмларда Фаробий, ҳандасада Фарғоний каби қомусий олимлар бу даврнинг маҳсули бўлди.

Бундан кейинги даврда мусулмон уммати ўзининг “Ер юзида адолатни қоим қилиш, одам болаларини ҳидоятга бошлаш“, деб аталган олий рисолатини (миссия) унутди. Уламолар уммат дарди билан эмас, турли мансабларни қўлга киритиш билан овора бўлиб юрган бу даврда подшоҳлар тахт талашиб ўзаро қирпичоқ эдилар. Бу машъум замонда омма халқ орасида қорнини тўйгазолмай, ҳатто тирик одам еганлар ҳам бўлди. Ички низолардан чиққан бадбўй ҳид, ташқи душманни ўзига жалб қилди. Шарқдан мўғуллар, ғарбдан салибчилар Ислом оламига юриш қилдилар. Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Бағдод, Онадўли, Шом, Миср, Фаластин каби маданият ўчоқларимиз ер билан яксон қилинди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид