БУГУННИНГ МУСУЛМОНИ (2)

БУГУННИНГ МУСУЛМОНИ (2)

Mimon.uz 2025-09-19 01:26:54 2

Минглаб уламолар қатл қилинди. Кутубхоналар ёқилди. Одамлар эса ҳам маънан, ҳам жисман қулга айланишди. Илк қибламиз Ақсо душманнинг қўлига ўтди. Бу ҳам етмагандек ички душман шиа-фотимийлар ва ботинийлар ҳам Ислом оламига катта зарар бериб турарди. Бу давр уламолари ушбу муаммоларга ягона чора аввало нафс ислоҳи, кейин жамият ислоҳи эканини англаб етдилар. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ бу ислоҳ ҳаракатининг буюк намояндаси, айтиш лозим бўлса ушбу ҳаракатнинг асосчиси эдилар.

У зот ўз фикрлари, ваъзлари, китоблари ва шогирдлари билан умматни бақадри имкон ислоҳ қилдилар. У зотдан кейин ислоҳ ҳаракатини шайх Абдулқодир Жийлоний давом эттирдилар. У зот асос солган ислоҳ мадрасасидан Салоҳиддин Айюбий мисолида минглаб қайта тарбияланган инсонлар етишиб чиқдилар.

​​Бундан сўнг Ислом оламининг марказ кучи айюбийлар, мамлукийлар ва ниҳоят усмонлилар қўлида бўлди. Бу даврларда ҳам уламолар замонанинг мусулмонини етиширишга ҳаракат қилганлар. Бу даврга келиб ҳадисшунослик (мусталаҳул ҳадис), мантиқ, ислом фалсафаси, фиқҳ, тафсир каби билимлар билан бир қаторда астрономия, география, тарих, ҳисоб, ҳандаса, меъморчилик ҳам ривож топди.

Футуҳотлар яна кенгая борди. Византия империяси устидан абадий ғалабага эришилди. Мусулмонлар Усмонли давлати байроғи остида Венагача етиб бордилар. Шарқ тарафда бизнинг юртлар ҳам ўз мавқеини қайта тиклай бошлади. Бу уйғонишга темурийлар ва бобурийлар давлат ўлароқ мисол бўла олади. Уммат, хоссатан уламолар яна ўз рисолатини унутиб, дунё матолари билан овора бўлганда, Ислом юртларида қолоқлик, сотқинлик, хиёнат, порахўрлик, нафс қуллиги, истеъмолчилик маданияти ёйилди. Саҳобалар давридаги хаворижлар авлодларининг хуружи ҳам рўй берди.

Ташқаридан эса мустамлакачилик даври бошланган эди... Шу тарзда умматнинг бошидан марказлашган давлатини ағдаришди. Яна илк қибламиз қайта душман қўлига қайтди. Мана юз йилдирки мана шу кунларни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Хўш, ҳозирда биз қандай қилиб бугуннинг мусулмони бўла оламиз? Аввало соғлом ақийда, тўғри фиқҳ ва руҳий тарбияга эга бўлмоғимиз даркор. Лекин бунинг ўзи кифоя эмас. Замонамиз муаммоларини англашимиз ва уларга ечим топишимиз ҳам керак. Бунинг учун Муҳаммад Ғаззолий, Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Али Тантовий, Мутаваллий Шаъровий каби бугунимизнинг муфаккирларини ўқишимиз керак.

Улар бизга англатмоқчи бўлган даъво билан дардланишимиз лозим. Бу муаммоларни англаб, уларга ечим топа олсак, энди олдимизда яна оғир вазифа - ушбу ечимларни ҳаётга татбиқ қилиш турибди. Бугуннинг мусулмони ҳам фақиҳ, ҳам муҳаддис, ҳам файласуф, ҳам ақидашунос, ҳам руҳий тарбиячи, ҳам тарихчи, ҳам мантиқчи бўлиши керак. Чунки биз аввалги даврлардаги барча жаҳолат жамланган бир даврда яшамоқдамиз. Бу гапларим билан ҳамма ўз ишини йиғиштириб, ўтириб фиқҳ ўқисин, араб тили ўргансин, демоқчи эмасман. Балки ҳамма ўз соҳасида энг етуги бўлиши лозим. Мусулмон муҳандис, мусулмон тадбиркор, мусулмон иқтисодчи, мусулмон доктор, мусулмон физик, мусулмон дастурчи, мусулмон сиёсатчи ва ҳакозо кадрлар керак. Хулоса қилиб айтсам, бугуннинг мусулмони бўлайлик!


Миролим Мансур

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид