ЭНГ ОҒИР ВИДОЛАШУВ

ЭНГ ОҒИР ВИДОЛАШУВ

imon.uz 11-02-2025 10

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарча пардасини туширдилар ҳамки, аламлари олдингидан-да кучая бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини Оиша онамизнинг қўйнига қўйдиларда қўлларини самога кўтариб: "Рафийқи Аъло, Рафийқи Аълога...” дедилар. Сўнг қўллари ёнларига тушди. Ўлим фариштаси энг покиза руҳни олиб кетди. Ана шу лаҳзада буюк шахс соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт қиссалари ўз ниҳоясига етди. Бир-бирининг гўштини еяётган, ўзаро зулм, куфр ва туғён ботқоғига ботган оламни қутқариб, уларга нур таратган, устиларидан куфр машаққатларини итқитиб ташлаган зотнинг ҳаёти ниҳоясига етди. Ана шундан сўнг катта фожиа юз берди. Саҳобалар хабарнинг қўрқинчидан эсанкираб қолишди! Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу хабар Мадина четроғидаги Сунҳ деган жойда эканлигида етиб келди. Ўша лаҳзада у зотнинг ҳолати ҳақида сўраманг. У киши ҳеч қаерга қарамай тўғри ҳужраи муборак томон йўл олди. Бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очди. У зотнинг юзларида нурни, ҳурриятни, ҳидоятни, бутун тарихни, эски хотираларни кўрди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни видолашув ўлароқ ўпар экан, кўз ёшлари дарё бўлди, оғриқли йиғи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳуввиллаб қолган қалбини ўртарди. Шундан сўнг: “Эй Аллоҳнинг Расули, тириклигингизда ҳам хушрўй эдингиз, ўлимда ҳам хушрўй бўлдингиз”, дедилар. Суюклиларига видолашув назарини ташладилар. Бу инсонни танимасдан илгари ўзининг ҳам қалби акс-садолар билангина тўлган уйга ўхшарди. Танигандан кейин эса, илм, ирфон ва иймон-ла тўлди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Кошки кетмасангиз эди”, дея ҳайқирди. У зотнинг уни чиқмаса-да мазкур ҳайқириқни бутун борлиқ ешитди. Ўрнидан турар экан, елкасида оғир жудолик деб аталмиш залворли тоғ бор эди. Боз устига уммат ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик юки ҳам бу зот гарданига тушганди. Ногоҳ Умар розияллоҳу анҳуга кўзи тушди. Умар масжидда қиличини яланғочлаб одамларга: “Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди деса, бошини оламан!" дея ҳайқирардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлган, у зотни энг яхши таниган, шариатлари ва буюк муваффақиятларини энг яхши биладиган киши Умарга: “Жим бўл, эй Умар!” деди. Сўнг қалблари тилка-пора бўлиб, турли ҳаёлларга борган одамларга қарата: “Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилган бўлса, бас, у зот вафот этдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, бас, Аллоҳ ҳаргиз ўлмас!” деди. Шу гапдан кейин Умар розияллоҳу анҳу чўккалаб қолдилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳушидан кетди: “Шу йўсинда вафот этдилар! Мен билан хайрлашмасдан кетиб қолдилар!" Чўриларни калтаклаб, болаларни қўрқитишнигина қойил  ҳиладиган, оддий ҳаёт ташвишлари билан ўралашиб юрган кишидан инсу жиннинг шайтонлари қочадиган Умарул Форуқни ясаган зот энди йўқ! Умар розияллоҳу анҳу энди у зот билан бирга ўтира олмайдилар, қўлларидан тутолмайдилар, муаттар бўйларини ҳидлолмайдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эса мутлақо гапирмай қўйдилар. Инсонлар у зотга гапирар, лекин Усмон уларга жавоб қайтармас эди. Саросимага тушиб қолганлари учун ушбу борлиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жанозаларидан бошқасини кўрмай, гўёки ҳаётдан зериккан одам сингари бўлиб қолдилар. У зотни етаклаб юришди, холос. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса хабарни эшитибоқ, кучдан қолиб, ерга йиқилдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса Мадина кўчаларини фақат зулматли ҳолда кўрадиган бўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса қўлида таёқ билан тупроқ ўйиб: "Пайшанба куни. Пайшанба куни қандай кун? У Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам беморни зиёрат қилган кун", дерди тинмасдан.


«Буюк шахсият» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид