130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

МАЗҲАБИМИЗДА ФОТИҲАДАН КЕЙИНГИ “ОМИН” ОВОЗ ЧИҚАРМАСДАН АЙТИЛАДИ
Mimon.uz 09-03-2023 628Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “омин”ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабимиз ва моликий мазҳабида “омин”ни овоз чиқармай айтиш керак бўлади. Бунга қуйидаги маълумотларни далил қилиб келтирганлар:
1. “Омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат қил”, яъни “дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
яъни: “Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси 55-оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дедилар:
«دَعْوَةُ السِّرِّ تَعْدِلُ سَبعِيْنَ دَعْوَة في العَلاَنِيَةِ» (رَوَاهُ الإمام أبو الشيخ عن أنس رضي الله عنه).
яъни: “Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади” (Имом Абу Шайх ривояти).
Муҳаддис Ибн Ҳиббон ўзларининг “Саҳиҳ”ларида марфуъ ҳолда шундай ривоят қилганлар: «خير الدعاء الخفى» яъни:“Дуонинг яхшиси махфий сидир”.
Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.
2. Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
яъни:“Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар “(Намоз ичидаги) бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омин”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.
3. “Омин” лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!
4. Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У Зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “омин”, деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.
5. “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар, чунки кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.
Ушбу ҳадиси шариф “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин” айтиш суннат эканлигига далил бўлиш билан бир вақтда, уни махфий айтиш суннат эканлигига далолат қилади. Чунки, ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар” дейилди. Агар “Омин” жаҳрий айтилган бўлганда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни аввало, имомнинг зиммасига юклаб, сўнгра “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар” – деб айтган бўлар эдилар. Демак, “Омин” жаҳрий айтилмагани учун ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда”, деб қайд қилинаяпти ва “Омин”ни махфий айтилишига далолат қилади. Бу ривоятни ҳеч бир бошқача таъвил қилиб бўлмайди.
Шу ўринда бизнинг зикр қилинган бу далилимизга “Омин”ни жаҳрий айтиш афзал дегувчилар томонидан имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни эътироз қилиб келтириши мумкин.
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар…”
Биз айтамизки, бу ривоятда “Омин”ни жаҳрий айтилишини қувватлайдиган очиқ-ойдин, саҳиҳ гап йўқ. Бунинг маъноси шуки, “Имом “Омин” дейдиган вақтда сизлар ҳам “Омин” денглар”, деганидир. У вақт ўша “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” дегандан кейинги вақтдир.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига мувофиқ ихлос ила ибодатда мустаҳкам бўлмоқликлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилоят вакили
Меҳмонхон домла Жабборов